Загрузка
Загрузка
Жамият

Экспорт истиқболлари. ОКМК чет элга маҳсулот етказиб беришни бир неча бараварга оширмоқчи. Комбинатга Лондон металл биржасида рўйхатдан ўтиш нега керак? Видео

455
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Олмалиқ кон-металлургия комбинати экспорт ҳажмини йилдан-йилга ошириб бормоқда. Масалан, 2015 йилда компания хорижий бозорларга қарийб 480 миллион долларлик маҳсулот етказиб берган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 820 миллион долларгача ўсган.

Бугунги кунда комбинатнинг илгаридагидан кам бўлмаган режалари бор: ишлаб чиқариш ҳажми ва хорижга етказиб беришни ошириш, янги бозорларни ўзлаштириш режалаштирилган. Бу ҳақда Batafsil.uz мухбирига ОКМК Экспорт бошқармаси бошлиғи Азизжон Зокиров айтиб берди.

- ОКМК қандай маҳсулотларни экспорт қилади? Қайси давлатларга? Қайси маҳсулотга катта талаб сезилмоқда?

- Ҳозирги кунда комбинат 18 турдаги экспортбоп, юқори ликвидли маҳсулотларни сотмоқда. Асосий маҳсулот – мисли ҳисобланади. Бугунги кунда ОКМК мис ишлаб чиқариш бўйича учинчи ўринда турибди (Россия ва Қозоғистондан кейин): йилига 148 минг тонна мис ишлаб чиқарамиз. Умумий ҳажмнинг 70 фоизга яқини (85-90 минг тонна) экспорт қилинади.

Шу билан бир қаторда рух ва қўрғошин маҳсулотлари, нодир ва қимматбаҳо металлар экспорт қилинади. Жумладан, хорижий истеъмолчиларга молибден, рений, рух купороси, кадмий, вольфрам, палладий етказиб берилмоқда. Сурхондарё вилоятида жойлашган Шеробод цемент заводи маҳсулотларининг салмоқли қисми ҳам экспортга йўналтирилади.

Экспорт қилиш географияси жуда кенг. Асосий бозор-Туркия бозори, ундан кейин Хитой, МДҲ давлатлари, яқин ва узоқ хориж ва Марказий Осиё давлатлари туради.

Жами дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакати маҳсулотимиз истеъмолчиларидир. Булар Афғонистон, Озарбайжон, Беларусь, Болгария, Индонезия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Голландия, Польша, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Украина ва бошқалардир.

– Ўтган йилги пандемия экспорт кўрсаткичларига қандай таъсир қилди?

– Ҳа, пандемия барча ишлаб чиқарувчилар, жумладан, ОКМК учун ҳам катта қийинчилик туғдирди. Чегаралар ёпилди, Эрон ва Туркманистон, яъни транзит давлатлар бизни ташқи бозорларга чиқмасдан қолдирди. Бироқ шунга қарамай, ҳукумат кўмаги туфайли биз белгиланган барча вазифаларни бажардик-2020 йилги прогноз кўрсаткичлари 105 фоизга бажарилди.

- Металл бозорларидаги талаб сезиларли даражада ошгани сабабли ҳозирги пайтда экспортнинг аҳволи қандай?

- Дарҳақиқат, жорий йилнинг биринчи чорагида бозорда рангли металларга оид жаҳон котировкалари ошди. Хусусан, катодли мис нархи қарийб 10 минг долларга кўтарилди. Ҳозирги бозор шароитлари туфайли биз катта кўрсаткичларни қўлга киритдик: бу даврда мис, рух, қўрғошин, цемент ва бошқа маҳсулотлар 230 млн.долларга экспорт қилинди (прогноз 162 фоизга бажарилди). Хусусан, қўшимча қийматли маҳсулотлар экспорти 4,4 баробар ошгани, ташқи бозорларга 35,5 миллион долларлик мис қувурлари ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Аввалги кўрсаткич билан солиштирадиган бўлсак, ўтган йилнинг биринчи чорагида 174 млн. долларга тенг маҳсулотлар етказиб берилди, яъни экспортнинг ўсиш суръати 133 фоизни ташкил этди.

- Умуман, бу йилги мақсадларингиз қандай? Экспорт маҳсулотлари таркиби ва сотиш бозорлари географияси кенгайтириладими?

– Бу йил ўз олдимизга жиддий режаларни қўйганмиз. Аввало, экспорт географиясини кенгайтириш масаласи турибди. Бугун янги бозорларга-Австралия, Индонезия, Польша, Литва, Қатарга маҳсулот сотишни бошладик. Истиқболда Америка Қўшма Штатлари, Канада ва Бирлашган Араб Амирликлари бозорларига кириб бормоқчимиз.

Маҳсулот линияси деярли ўзгармаяпти, лекин биз юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар, хусусан мис маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш борасида ишлаяпмиз. Ангренда мис қувурлар ишлаб чиқариш бўйича заводимиз мавжуд бўлиб, улардан совутиш саноатида кенг фойдаланилмоқда. Кондиционерлар, музлатгичлар, чиллерлар ҳам ўзининг барқарор истеъмолчиларига эга. Улар оддий истеъмолчилар орасида ҳам оммабоп бўлиб бормоқда. Қурилаётган иншоотлар туфайли бу каби маҳсулотларга талаб ортиб бормоқда. Биз Европа бозорларига қувурларни муваффақиятли сотаяпмиз.

Умуман, 2021 йилда комбинатда 734 млн. доллардан ортиқ экспортни амалга ошириш режалаштирилган.

– Сизнинг фикрингизча, экспорт кўрсаткичларини бир неча бараварга ошириш учун биринчи навбатда қандай лойиҳаларни амалга ошириш лозим?

– Бу йўналишдаги энг катта иш - ишлаб чиқариш ҳажмини оширишдан иборат. Бозордаги ҳозирги вазиятни ҳисобга олиб, биз кўпроқ ишлаб чиқариш ва кўпроқ сотиш билан машғул бўлишимиз керак.

Албатта, табиатан ҳамма нарса ҳисоблаб қўйилган: биз белгиланган миқдордан кўпроғини ололмаймиз. Шунга мувофиқ, йилига 60 миллион рудани қайта ишлашга мўлжалланган “Ёшлик” лойиҳаси тайёрланмоқда. Бу янги йирик лойиҳа бўлиб, ҳисоб-китобларимизга кўра, у туфайли ОКМК 2026 йилга бориб йилига 250 минг тоннагача катодли мис ишлаб чиқаришга эришади , яъни қарийб икки баробар кўпайтириш имкони пайдо бўлади.

Бундан ташқари, ҳозирда комбинат томонидан ишлаб чиқарилган катодли мисни Лондон металл биржасида рўйхатдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Бу бизга халқаро бозорда тан олиниш, шунингдек, турли биржа платформаларида иштирок этиш, молиявий воситаларни қўлга киритиш имкониятини беради.

Айни пайтда ушбу жараённинг биринчи босқичи - ҳужжатлар, қазиб олиш схемаларини текшириш давом этмоқда. Келажакда металл бевосита Европанинг етакчи заводларида синовдан ўтказилади.

Шуни таъкидлаш керакки, ОКМК томонидан деярли 30 йил давомида ишлаб чиқарилган олтин ва кумуш "Яхши таъминот" мақомига эга ва Лондон қимматбаҳо металлар уюшмаси томонидан тасдиқланган.

– Ўзбекистоннинг ЕОИИ ва ЖСТга аъзо бўлиши ОКМК маҳсулотлари экспортига таъсир кўрсатадими?

– Биз бу масалани узоқ муҳокама қилдик, аммо ҳеч қандай тўсиқ ёки афзалликларни кўрмадик. Комбинат маҳсулотлари юкори ликвидли ҳисобланади, яъни чет элда жуда оммабоп. Маҳсулотларимиз учун деярли ҳеч нарса ўзгармайди: биз олдингидек сотишни давом этаверамиз. Биз хом ашё корхонаси ҳисобланамиз. Сиз айтган масала кўпроқ тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарга тегишли.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг 

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...