Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов Ўзбекистонда атом электр станцияси (АЭС) қурилиши лойиҳаси қайси босқичда эканини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳага тўсқинлик қилувчи мамлакатлар бўлсада, уларнинг ўзи бир нечта атом электр станцияларига буюртма беришган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
“АЭС масаласи президентлар томонидан қўйилган. Улар ушбу лойиҳани амалга ошириш режасини ишлаб чиқишни бошлаб беришган. Бу жараён ҳозир экспертлар даражасида анча жадал кечмоқда. Бу борада кўплаб техник масалалар юзага чиқди. Дастлаб фақат битта реактор учун режа мавжуд эди, аммо олимларда айрим фикрлари пайдо бўлди. Ўзбекистонда сув билан боғлиқ муаммолар борлиги туфайли реакторнинг бошқа туридан фойдаланиш таклиф этилди. Умуман олганда, масала муҳокама қилинмоқда”,-деди элчи.
Унинг сўзларига кўра, техник нуқтаи назардан ва жойлаштириш билан боғлиқ муайян қийинчиликлар мавжуд, аммо улар ҳал қилинмоқда.
"Албатта, бу лойиҳага бир қатор мамлакатларнинг ёндашувлари нуқтаи назаридан муаммолар мавжуд. АЭС қурилаётган бошқа мамлакатларда ҳам Россиянинг бундай йирик лойиҳаларни амалга оширишига йўл қўймаслик ҳолатлари бор. Улар бу ерда ҳам ҳаракат қилишмоқда", - дея таъкидлади Мальгинов.
Россия томони бу жараённи конструктив равишда, барча давлатлар манфаатларини кўзлаб ҳал этилишининг тарафдоридир.
"Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилишидан хавотирланиб, қарши чиқаётган қўшни давлатлар борлигини биламиз, аммо уларнинг ўзи учта станцияга буюртма берган. Агар улар тезроқ қурилишни бошлашса ва қуришса, айнан ўзлари минтақада электр энергиясини сотади. Рақобат бор, шунинг учун энг муҳими, кечикмаслик керак. Албатта, ҳамма нарсани ҳисоблаш керак, лекин кечикмаслик ҳам муҳим. Ҳар икки мамлакат сиёсатчилари буни тушунади, деб ўйлайман", - дейди россиялик дипломат.
Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, бу лойиҳа олдинга қараб бораверади, лекин ҳозир шошилишга ҳожат йўқ, масала экспертлар даражасида ҳам, бошқарув даражасида ҳам ҳал этилмоқда.
"Энг муҳими, лойиҳа Ўзбекистонни қондириши ва кенг жамоатчилик томонидан тўғри қабул қилиниши керак. Бу ерда ҳозирча бирлик йўқ. Менга Ўзбекистон атом электр станциясини қуриб, Россияга қарам ва қарздор бўлиб қолиши мумкин, деб кўп айтишган. Мен бу каби сўзлар асосли эмаслиги, чунки атом станциясининг нархи қанча бўлмасин, у ўзини оқлайди, деб жавоб берганман ", - деди Мальгинов.
Дипломатнинг фикрича, станциянинг нархи ўта қиммат эмас, қолаверса, Ўзбекистон аллақачон бошқа тузилмалардан ташқи қарзи бор, Россия эса ҳеч қачон ўзбек қарзининг энг йирик кредитори ва эгаси бўлмайди.
"Экология нуқтаи назаридан атом электр станциялари экологик талабларга жавоб беради. Сарфланган ядро ёқилғиси, маълум ишловдан сўнг, яна ишлаб чиқариш жараёнига қайтарилади. Яъни, ҳозирда Россия технологиялари атомдан электр энергиясини деярли исрофсиз ишлаб чиқаришга эришмоқда, бу барча компонентлардан қайта фойдаланишни назарда тутади", - дея хулоса қилди у.
Изоҳлар мавжуд емас