Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Бугунги кунда ишдан чиққан ва яроқсиз маиший ва ортехника эҳтиёт қисмларидан даромад олиш мумкинлигидан ҳамма ҳам хабардор эмас. Бунинг учун бузилган компьютер ёки кондиционерни ахлат қутисига эмас, балки “Ўзиккиламчиранглиметалл” йиғиш пунктига олиб боришнинг ўзи кифоя. Даромад олиш билан бир қаторда, бу жуда катта экологик фойда келтиради. Зеро, корхонада ушбу ускуна зарарсизлантирилиб қайта фойда келтиришга йўналтирилади.
Айнан шу мақсадда яқинда заводда махсус цех ташкил этилган. Мазкур чора 2018 йилда ҳукумат томонидан қабул қилинган қора ва қора металл парчалари, чиқиндиларига ишлов бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорда белгиланган. Бундан ташқари, аҳолидан қабул қилиб олинадиган металл парчалалари рўйхати ҳам кенгайтирилди. Илгари фақат автомобиль аккумуляторлари топширилган бўлса, эндиликда бу ерда маиший техника ҳам қабул қилинмоқда.
Уй ва офис жиҳозларини заводнинг ўзига ҳамда республиканинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган қабул қилиш пунктларига топшириш мумкин.
"Бугунги кунда эски нарсаларни ахлатхонага ташлаш ва бу борадаги шахсий масъулиятни унутиш - нотўғри ёндошувдир. Пластик ва бошқа материаллар узоқ вақт давомида парчаланиб, зарар етказади. Секин парчаланиш натижасида ҳосил бўлган турли заҳарли моддалар атроф-муҳитни ифлослантиради. Хизматини қилиб бўлган маиший ва оргтехника тўғри тартибда зарарсизлантирилиши лозим", - деди “Ўзиккиламчиранглиметалл” цех бошлиғи Ислом Убайдуллаев.
Жараён асбоб-ускуналарни титиш, унинг таркибий қисмларини қора ва рангли металлар, қимматбаҳо металлар, пластмасса, шунингдек бошқа чиқиндиларга ажратишдаш бошланади. Олинган хом ашёдан алюминий, қўрғошин, мис ва жез қотишмалари тайёрланади. Ҳозирда заводда никельни қайта ишлаш ҳам бошланмоқда. Корхонада қайта ишланмаган барча чиқиндилар бошқа ихтисослашган заводларга юборилади.
Убайдуллаевнинг сўзларига кўра, аҳоли орасида реклама қилинмаганлиги боис, ҳозирча цех ўта камтар натижаларни қўлга киритган. Аммо, сўнгги пайтларда ташкилотга бузилган оргтехникани топширувчилар сони тобора ортиб бормоқда.
Агар сиз ушбу ноёб ишлаб чиқаришга тасодифан тушиб қолсангиз, бу ердаги ҳолат жуда ғалати туюлиши мумкин. Цехда эски касса аппаратлари, телевизорлар, радио ва радио магнитофонлар, принтерлар, кондиционерлар ва компютерлар жамланган улкан омбор мавжуд. Бунчалик кўп экран ва тизим блокларини фақат йирик техника дўконида кўриш мумкин. Аммо дўкондаги техника янги ва чиройли қадоқланган бўлса, омборда улар пачоқ ва бутунлай ишдан чиққан ҳолда ётибди.
Ажабланарлиси шундаки, ушбу устахонада асосан аёллар ишлаб, фақат бригадирлик вазифаси эркак кишига юклатилган. Бу шунчаки тасодиф эмас. Чунки бу ерда жуда моҳир қўллар талаб этилади. Маиший техниканинг таркибий қисмларини асраб қолиш учун титиш ишлари қўлда бажарилади. Айни ҳолатда, ҳаттоки энг аниқ машиналар ҳам инсон қўлларининг ўрнини боса олмайди.
"Бу ерда иш унчалик ҳам мураккаб эмас. Қурилмани очиб, керакли рангли парчаларни чиқариб олиш талаб этилади холос. Биз илгари ўргатилганимиз туфайли, ҳар бир модел ичида нима борлиги ва корпусни қандай чиқариб олишни яхши биламиз. Тажриба ортиши билан бир вақтда аниқлик ва тезкорлик юзага келади", - деди сараловчи Ҳилола Турсуналиева.
Бир деганда касса машиналарини «текислаётган” аёлларни кузатиб, уларнинг барчасида катта тажриба борлигига гувоҳ бўласиз. Даставвал, улар махсус воситалар ёрдамида корпусни очиб, сўнгра рангли металл парчалари олинадиган микросхемаларни суғуриб оладилар.
Компьютерларда металл парчалари кўпроқ бўлганлиги учун улар билан ишлашга нисбатан кўп вақт сарфланади. Шунинг учун қисмларни тўғри чиқариб олиш ва саралаш керак.
"Тизимли блоклардан биринчи навбатда корпуси ечиб олинади. Чунки улар соф металлдан ташкил топган. Озуқланиш блокларида озгина мис ва қўрғошин мавжуд. Энг муҳим қисм – бу оналик платаси саналиб, уларнинг ҳар бирида у ёки бу қимматбаҳо металл мавжуд. Фабрикамиз бу турдаги металларни қайта ишламаслигини инобатга олган ҳолда биз уларни Олмалиқ ТМКга жўнатамиз”, - деди Ислом Убайдуллаев.
Унинг сўзларига кўра, компьютер харидорлари атроф-муҳит олдидаги масъулиятларини ҳис этишлари лозим. Чунки ушбу ақлли машиналарнинг ҳар бирида 30 дан ортиқ компонент мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти ўта заҳарлидир. Ҳар йили дунёда 50 миллион тоннага яқин компьютер, телевизор, ноутбук, мобил телефонлар ва бошқа маиший электроника ташлаб юборилади. Агар улар ўз вақтида қайта ишланмаса, ахлат коллапси юз бериши ҳеч гап эмас.
Ўзбекистонда ушбу муаммо нақадар жиддийлиги аллақачон тушуниб етилган. Кейинги йиллар давомида турли хилдаги техникани тўплаш ва зарарсизлантиришга қаратилган самарали тизим яратилмоқда. Шу билан бирга мутахассисларнинг таъкидлашича, қайта ишловни талаб қиладиган компьютер қисмлари ҳажми уларни қайта ишлаш имкониятига нисбатан тезроқ ошиб бормода. Кўп жиҳатдан кераксиз техникани топширишдан кўра уни ташлаб юборишни афзал кўрган кишилар муносабати ҳам муаммони янада чигаллаштирмоқда.
Шу билан бирга, бу ишнинг фойдали томонлари албатта кўп. Зарарсизлантириш атроф-муҳитни салбий антропоген таъсирдан ҳимоя қилишга ёрдам беради. Бунинг натижасида янги маҳсулот ва материаллар тайёрланадиган қимматбаҳо хом-ашё қўлга киритилади.
Изоҳлар мавжуд емас