Загрузка
Загрузка
Эпидемиолог: одамлар хатти-ҳаракатини ўзгартирмаса ва соғлиғи учун жавобгарликни ўз зиммаларига олмаса -карантин зарур бўлиб қолаверади
Жамият

Эпидемиолог: одамлар хатти-ҳаракатини ўзгартирмаса ва соғлиғи учун жавобгарликни ўз зиммаларига олмаса -карантин зарур бўлиб қолаверади

809
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Бугунги кунда Ўзбекистон тобора ковид тубига ботмоқда. Сешанба куни янги касалланганларни аниқлаш бўйича мутлақ рекорд ўрантилди. 10 июль куни эълон қилинган карантиннинг учинчи ҳафтаси давом этаётганига қарамай, кун давомида 684 нафар бемор қайд этилди.

Бундай вазиятда нима қилиш керак, ким айбдор, нима учун ҳукумат карантинни яна давом эттирмоқда ва бунинг барчаси қачон тугайди? Бу ҳақида Batafsil.uz мухбири тиббиёт фанлари доктори, эпидемиолог Жамила Раманова билан суҳбатлашди.

- Аввало, карантинни узайтириш ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдик. Сўнгги уч ҳафта касалликлар сонининг камайишига таъсир қилмаганлиги сабабли ушбу чора ҳозирда қай даражада зарур?

- Мутахассис сифатида мен ҳукуматимизни қўллаб-қувватлайман ва албатта бу тадбирлардан чарчаган аҳолини ҳам тушунаман. Назаримда, бу кўп сонли касалланишларни бартараф этишнинг энг мақбул усули бўлиб, айни пайтда профилактика қилишнинг ҳам самарали йўли ҳисобланади.

Иқтисодий вазият нуқтаи назаридан ҳозирги кунда одамларимизга қийин, аммо юқтирганларни бирданига кўпайишининг олдини олиш учун биз жамоани ва кишиларни бир-биридан ажратишимиз керак. Ҳеч бир мамлакатнинг соғлиқни сақлаш тизими ҳар куни бир неча минг нафар янги юқтирганларга бардош бера олмайди.

Карантин энг яхши усул. Ҳа, бу жуда мураккаб, аммо мен коронавирус билан курашишнинг бу усулини тўлиқ қўллаб-қувватлайман .

- Агар Россия тажрибасига мурожаат қилсак, кунига 5-6 минг кишига касаллик юқмоқда, 100га яқин киши вафот этмоқда. Бироқ, улар чекловларга нисбатан юмшоқроқ муносабатда бўлишмоқда. Бу ҳақида нима дея оласиз? 

- Дарҳақиқат, Россияда инфекциянинг янги ҳолатларини аниқлаш даражаси бизнинг мамлакатимизга қараганда анча юқори. Лекин бу борада шуни тушуниш керакки, Россия аҳолиси ва майдони ҳам нисбатан каттароқ. Бу эса ўз ўрнида Россия соғлиқни сақлаш тизимига кўп сонли касаллар билан курашиш имконини беради.

Аммо бу статистиканинг бир муҳим жиҳати бор. Ҳозирда ҳеч ким Россияда ёки бошқа мамлакатда касалланганлар сонини аниқ айтолмайди. Бу борада коронавирусга ўтказилган таҳлиллардан ижобий натижага эга бўлган кишилар ҳақида гап кетмоқда.

Инфекциянинг ўзи шунақаки, аҳолининг 70 фоизи аломатсиз ташувчилар ҳисобланади. Айнан улар хавфлидир, чунки клиник белгиларга эга бўлмасдан туриб, улар ўзларини жуда яхши ҳис қилишади. Аммо вирус уларнинг организмида яшаб, инфекциянинг манбаи бўлиб туради. Инсонлар эса бу касалликнинг ташувчиси бўлиб юраверишади.

Шу сабабли, жамиятдаги хулқ-атворимиз, ташувчи бўлишимиз ва бошқаларга юқтиришимиз мумкинлиги учун шахсий жавобгарлигимиз карантиннинг қандай кечишига шубҳасиз таъсир қилади. 

- Барибир ҳукумат томонидан қарорлар қабул қилинишига эътибор қаратмоқчиман. Кўряпмизки, кўп мамлакатларда одамлар "эркин қўйилаётган" бир пайтда, бизнинг давлатимизда "юқоридагилар" ўзини-ўзи суғурта қилишаётганга ўхшайди..

- Менимча, июнь ойида бўлган карантиннинг юмшатилиши кўплаб муаммоларни очиб берди. Биринчидан, бу бизнинг менталитетимиз. Биз қариндошлар даврасида тўпланишни яхши кўрамиз, оилаларимиз катта бўлганлиги учун ҳар доим кўпчилик тўпланади. Дўстларимизни ҳам албатта кўргимиз келади. Натижада одамлар тўй ва туғилган кунларини нишонлашни бошладилар. Мен ўзим ўзбекман ва Ўзбекистонда ўсганман, шунинг учун давра масаласи маҳаллий аҳоли учун нимани англатишини яхши тушунаман.

Аммо, бошқа бир томондан, ҳозирги пайтда Ўзбекистондаги вазият жуда жиддий ва одамлар ҳаммамиз гўёки урушда эканлигимизни тушунишлари керак. Ҳа, тўғри - Россия фуқароларини "бўшаштирди". Лекин шуни ёдда тутиш керакки, бизнинг менталитетимиз Россия Федерацияси ёки Европа мамлакатларидагидан фарқ қилади.

Иккинчидан, биринчи карантин пайтида кўпчилик чеклов чораларига риоя қилиш зарурлигига жиддий эътибор бермади. Одамлар умуман вирус борлигига, шунингдек, кексалар, диабет, онкология, ОИВ ва семизлик билан оғриган беморлар учун бундай хавф борлигига ишонишмади.

Натижада, вазият ҳозиргидай бўлиб чиқди. Аниқланадиганлар сони жуда кўп. Бироқ, аҳолининг маълум қисми ўзини аввалгидек тутишни давом этмоқда: ниқоб яна туширилган, одамлар ўз оилалари билан учрашишни давом эттирмоқдалар. Бу ҳам менталитетимизга бориб тақалади. Республикамизда эпидемиологик вазият ёмонлашгани ҳақида кўпчилик умуман ташвишланаётгани йўқ. Шундай қилиб, барчамизни айнан тўпланишдан чеклаш учун карантин зарур бўлиб қолмоқда.

Ҳар-биримиз ўзимиз ва атрофимиздагилар учун жавобгарликни зиммамизга олмагунимизча чеклаш билан боғлиқ вазият давом этади. Яқинда ижтимоий тармоқларда бир қизнинг "Алло одамлар, ўзимиздан бошқа ҳеч ким бизга ёрдам бермайди!" мазмундаги ёзувини ўқиб қолдим. Ҳа, ҳақиқатан ҳам хатти-ҳаракатларимиз, соғлиғимиз учун ўзимиз жавобгар бўлишимиз керак. 

Европаликлар биздан нима билан фарқ қилишади? Гарчи рухсат берилган бўлсада, улар инфекцияни юқтирган ҳолатда кўчага чиқмайдилар, яқинлар билан мулоқот қилмайдилар. Уларда карантин анча юмшатилган, аммо ҳаётни сақлаб қолиш учун улар ўзларини тутиш қоидаларини ўрнатганлар. Аста-секин, биз ўз соғлигимиз учун ўзимиз жавобгармиз, деган хулосага келишга мажбур бўламиз. Агар ота-оналаримиз ва фарзандларимизнинг соғлиғини сақлашни истасак, бунга қараб интилишимиз керак бўлади.

Марказий Осиё - одамлар мулоқот қилишни яхши кўрадиган минтақа ҳисобланади. Бу психология нуқтаи назаридан ижобий бўлиши мумкин. Аммо мавжуд воқеликни ҳисобга олсак, бу эпидемиологик вазиятнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, карантин барчамиз ўтишимиз лозим бўлган вақтинчалик ҳодиса эканлигини тушунишиш лозим. Бугунги кунда ўтказилаётган барча тадбирлар битта нарсага – эпидемияни имкон қадар камроқ йўқотишлар билан ўтишга қаратилган.

Аҳолининг тахминан 70 фоизи ушбу вирусга дуч келади ва касал бўлиб тузалади. Аммо эпидемияни турлича ўтказиш мумкин. Италияда бўлгани каби, 70% аҳоли бир вақтнинг ўзида юқтириб, касал бўлиш ва соғлиқни сақлаш тизимига катта юк солиш ёки кўплаб одамларнинг вирус билан касалланиши, лекин бу жараённинг аста-секин бўлишига эришиш мумкин. Биз иккинчи йўлдан боришга ҳаракат қилмоқдамиз.

Бундай ҳолда профилактика чораларини кўриш керак. Бу ўз-ўзини яккалаш, ниқоб ва қўлқоп кийишни англатади. Боскичма-босқич бунга ҳам кўникиб боряпмиз.

Кейинги муҳим масала шундаки, касаллик енгил кечган тақдирда, аҳоли бирламчи тиббий ёрдам тизимига ишонишга ўрганиши ва поликлиникадаги оилавий шифокорларга мурожаат қилиши керак. Оғир касаллар тор мутахассислар назорати остида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам олишлари керак. Бу занжир аллақачон ишлай бошлади. COVID-19га шубҳа қилинган тақдирда ҳаракатлар кетма-кетлиги тўғрисида аниқ тушунчани шакллантиришимиз керак.

Кундалик ҳаётда ҳар-биримиз телефон орқали маслаҳатлашиб, қабулга ёзилишимиз мумкин бўлган ўз шифокоримиз борлигига ўрганганмиз. Ҳозир ҳаммаси бошқача бўлиб қолди. Биз ўзимизни қўлга олишимиз ва энг муҳими, вируснинг тарқалиши учун жавобгарлик барчамизга ва алоҳида ҳар-биримизга юклатилишини тушунишимиз керак. 

- Тиббий ҳамжамиятда касалликнинг чўққисига чиқиш ва шундан сўнг плато ва пасайиш бошланиши учун қайси кўрсаткичга эришишимиз кераклиги ҳақида тушунча мавжудми?

- Эпидемиология нуқтаи назаридан, вирусни бошқариш жуда қийин. Эртага минг кишига юқади, эртаси куни беш мингта бўлади ёки аксинча, битта ҳам касаллик бўлмайди, деб айтолмаймиз. Буларнинг барчаси биз ҳозирда ўзимизни қандай тутишимизга боғлиқ.

Айни кунларда амалдаги натижани, яъни кунига 500-600 киши аниқланаётган кўрсаткични сақлаб қолиш жуда муҳимдир. Албатта, бу кўрсаткични пасайтириш яхши бўлар эди. Аммо ҳозирда аҳолининг карантин чораларига бундай муносабати билан бунинг деярли иложи йўқ.

Соғлиқни сақлаш тизимига катта юк тушаётганини кўрмоқдамиз. Бу борада вируснин тарқалиши унчалик катта аҳамиятга эга эмас. Зеро, биз "ковид"ни зарарсизлантиролмаймиз, унга қарши дори ҳам мавжуд эмас. Хулқ-атворни ўзгартириш керак. Узоқлашиш, ўзини-ўзи яккалаш ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш муҳимдир.

Ниқоб тақишга ҳар ким ҳар-хил муносабатда бўлмоқда. Лекин ўзингизни ва атрофингиздагиларни асраш яхшироқдир. Шу билан бирга, битта ниқобни бир ой давомида тақиш мумкин эмас. Улар ҳар уч-тўрт соатда янгисига алмаштирилиши керак.

Кўпчилик ниқоблар қиммат, шундай ҳам пулнинг ўзи йўқ деб айтишмоқда. Ундай бўлса, кўп маротаба ишлатиладиганлардан олинг, уларни ювиш ва дазмоллаш мумкин. Агар бошқа йўл бўлмаса, шундай қилишга мажбурсиз. Бу ниқобсиз юргандан яхши.

- Бозорларимиз ҳақида савол бермоқчиман. Одамларнинг у ерга бориши хавфсизми?

- Аввалом бор, хавф гуруҳлари ҳақида айтиш лозим. Бунга 60 ёшдан ошган одамлар киради. Мен уларга умуман бозорларга бормасликни тавсия қилган бўлардим. Ҳар бир мавзе, туманда уйга яқин жойлашган кичик дўконлар мавжуд. Уларда барча керакли сабзавот ва мевалар сотилади. Эҳтимол бироз қимматроқдир, бироқ охир-оқибат гап инсон ҳаёти ҳақида кетмоқда. Яна бир бор такрорлайман - кекса одамлар ўзларини эҳтиёт қилишлари керак. Уларнинг бу масалада ёрдам берадиган болалари ва қариндошлари бор.

Бугунги кунда одамлар тўпланадиган ҳар қандай жойда, айниқса узоқлашиш имкони бўлмаган бўлган жойда инфекция хавфи мавжуд. Бозорда арзонроқ эканлигини тушунаман, аммо эпидемиологнинг нуқтаи назари билан айтганда, кейинчалик даволаниш қимматроққа тушади. Ахир соғлиқ бебаҳо неъматдир.

Мен бозорларни ёпишга қаршиман, организмга сабзавот ва мевалар керак, бундан ташқари, бу иқтисодий масала ҳамдир. Шу сабабли, ёшлар бу вазифани ўз зиммаларига олиб, кекса қариндошлари учун бозорларга ўзлари боришлари шарт.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан барча бозорларга ишлов берилмоқда, яъни зарарсизлантириш туннеллари мавжуд. У ерда санитария-эпидемиология талаблари учун барча зарурий ишлар амалга оширилмоқда. Улар ишлаши керак, аммо хавфли гуруҳга кирувчи кишилар бозорга бормасликлари зарур.

- Айтинг-чи, нима бўлаётганини муҳокама қилиш ёки ўзаро маслаҳатлашиш учун маҳаллий тиббиёт ходимларида қандайдир платформа, онлайн-гуруҳлар мавжудми?

- Ҳа албатта. Агар илгари йўналишларда фарқлар бўлган бўлса, бугун ундай эмас. Биз бирлашаяпмиз, муҳокамалар ўтказамиз, бир-биримизга ёрдам берамиз.

Менинг мессенжерларимда 40га яқин гуруҳ мавжуд бўлиб, уларда шифокорлар вазиятни, даволаниш схемаларини муҳокама қилишади ва ўзларининг кичкина тадқиқотларини ўтказишади. Мамлакат миқёсидаги эпидемиологик вазият кузатиладиган гуруҳ мавжуд, коронавирус бўйича глобал тадқиқотлар муҳокама қилинадиган алоҳида гуруҳимиз бор, биз янги ҳужжатларни оламиз, таржима қиламиз ва муҳокама қиламиз. Биз ҳар доим турли мутахассисликдаги ҳамкасбларимиз билан алоқадамиз.

Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, ҳозирда бутун дунё билан алоқа қилиш имкониятига эгамиз. Кунига коронавирус мавзусида 5тадан 8 тагача турли хилдаги онлайн-конференциялар бўлиб ўтмоқда. 

- Таркибида хлор бўлган воситалар билан сиртга ишлов бериш керакми? Харид қилинган моллар, шунингдек, кириш жойлари, лифтлар, хонадон эшикларини зарарсизлантириш шартми?

- Биламанки, ижтимоий тармоқларда нима сабабдан айрим кўп қаватларни уйларнинг кириш жойларига ишлов берилмоқдаю, айримларида эса ҳеч қандай ишлар олиб борилмаяпти, деган саволлар қизғин муҳокама қилинмоқда. Кимларгадир бу ёқади, кимларгадир йўқ.

Ҳукумат касаллик тарқалишининг олдини олиш учун зарарсизлантиришга маблағ сарфламоқда. Агар сизнинг уйингиз олдига ишлов берилаётган бўлса, ҳудудингиздаги вазият яхши эмас. Шундай қилиб, профилактика чоралари кўрилмоқда.

Бу ноқулай ва ёқимсиз бўлиши мумкин. Бироқ, касал бўлмаслик учун бу ҳидга чидаб туриш маъқулроқдир. Баъзи жойларда зарасизлантириш ишлари олиб борилмаяпти. Демак, у жойларда эпидемиологик вазият барқарорроқ бўлиб, маҳаллий ҳокимлик бунга ортиқча пул сарфламайди.

Агар сиз касал бўлишдан қўрқсангиз ва уйингизда зарарсизлантириш ишларини олиб бориш керак деб ўйласангиз, буни албатта қўлқоп билан қилинг. Қадоқлар ва пакетлар, янги харид қилинган молларни зарарсизлантириш маласига келсак, шахсан мен бундай қилмайман.

Бироқ, буюмлар билан алоқа қилгандан сўнг қўлни совун билан ювиш, сув бўлмаганда антисептик олиб юриш - даврнинг муҳим талабига айланди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...