Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкент вилоятида қуёш электр энергияси ёрдамида томчилатиб суғориш тизими яратилган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Томчилатиб суғориш тизими Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани – сув таъминоти пастлиги билан маълум бўлган ҳудудда жорий этилган.
БМТТД маълумотларига кўра, тизим қуёш панелларидан электр энергиясидан фойдаланган ҳолда 180 метр чуқурликдаги қудуқдан сув қуядиган насосдан иборат.
Қурилма 0,8 гектар ерни суғоради, 10 хонадонга фойда келтиради ва анъанавий суғориш усулларига нисбатан сувнинг тахминан 60 фоизини тежайди.
Хабар қилинишича, ушбу суғориш тизимининг қуввати уч гектар эерни суғориш учун етарли бўлиб, яна 20 та уй хўжалигига фойда келтириши мумкин. Шунингдек, ортиқча электр энергияси давлат электр таъминоти тизимига сотилиши мумкин.
Европа Иттифоқи делегациясининг Ўзбекистондаги ҳамкорлик бўлими раҳбари жаноб Вим Риепма лойиҳанинг очилишида шундай деди: "Қуёш энергияси билан ишлайдиган ушбу томчилатиб суғориш тизими нафақат сув танқислиги муаммосини ҳал қилади, балки Ўзбекистонда янада барқарор қишлоқ хўжалигига йўл очади. Энг муҳими, бу маҳаллий уй хўжаликларига тўғридан-тўғри фойда келтиради, уларнинг суғориш учун электр энергияси ва сувдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради ва шунинг учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлайди ва аҳоли даромадларини оширади”.
Қуёш энергиясидан фойдаланган ҳолда суғориш тизими қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва БМТТД билан ҳамкорликда маҳаллий институтлар мутахассисларидан иборат инновацион гуруҳ томонидан яратилган. У Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилади.
Эслатиб ўтамизки, Европа Иттифоқи Ўзбекистонда "яшил" молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш учун 600 минг евро ажратади.
Изоҳлар мавжуд емас