Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Сенаторлар ҳукуматга ёшларни Интернет ва ижтимоий тармоқлардаги зарарли ахборотдан ҳимоялаш бўйича сўров юборишади. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Мазкур сўров тўғрисида бугун юқори палатанинг ялпи йиғилиши даовмида маълум қилинган.
Сенаторларнинг фикрича, кейинги вақтларда “оммавий маданият” ниқоби остида ёшларимиз онгига салбий таъсир этувчи ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик ғояларини тарқатиш, турфа йўллар билан бойлик орттиришни, миллий-маънавий маданиятга амал қилмасликни, уларни ўзгартириш ва айрим ҳолларда йўқотишни тарғиб қилувчи ҳаракатлар уюштирилмоқда. Буларнинг барчаси ёшлар онгига салбий таъсир қилади.
“Интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-ахлоқни емирувчи иллатлар аҳолини ташвишга солмоқда”, - дея маълум қилмоқда юқори палата.
“.UZ” доменидаги веб-сайтларда миллий менталитетимизга ёт бўлган, фуқароларнинг, шу жумладан ёшларнинг онги, руҳияти, маънавий-маърифий тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган, ахлоқсизлик, беҳаёлик, порнография, шафқатсизлик, зўравонлик, қимор ҳамда таваккалчиликка асосланган ўйинлар тарғиботига хизмат қилиши мумкин бўлган материаллар ёки бошқа веб-ресурсларга ҳаволалар жойлаштириш кузатилмоқда.
Биргина 2021 йилнинг декабрь ҳолатига кўра миллий домен ҳудудидаги 289 та веб-сайтда порнография, 91 та веб-сайтда эса беҳаёлик ва маънавий бузуқликка тарғиб қилувчи ҳолатлар аниқланган.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида маънавий бузуқликни тарғиб қилувчи 130 га яқин гуруҳ, саҳифа ва каналлар мавжудлиги аниқланган, уларда 2 646 та материал (фото, видео, матнли ва бошқалар) тарқатилган.
Бундан ташқари, маданият соҳасида кечаётган воқеалар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бадиий фильм, реклама, жумладан, кўчалардаги баннерларда, мусиқа ва клипларда фақат пул, бойлик ҳамда маънавиятсизлик тарғиботи мавжуд. Айрим ҳолларда мутлақо миллий маънавиятимизга зид кўринишлар, саҳналар намойиш этилмоқда.
“Шу боис ўқувчи ёшларнинг онгига зарар етказиши мумкин бўлган ахлоқсизликни тарғиб қилувчи контентлар, диний адоватни қўзғатувчи, таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар, тотализаторлар, оилавий қадриятларни инкор этадиган ҳамда жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этадиган веб-ресурсларга қарши курашиш биргаликдаги устувор вазифа ҳисобланади”, - дея таъкидлашмоқда сенаторлар.
Бундан ташқари, юқори палатанинг маълумотларига кўра, мамлакатимизда айни вақтда “Facebook”да 4,7 млн, “Instagram” да 3,7 млн, “Linkedln”да 288 минг, “Телеграм”да 18 млн, “Odnoklassniki”да 16,7 млн, “Twitter”да 51,6 минг ва “В-контакте”да 2,6 млн фойдаланувчи мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас