Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президентнинг 2026 йил 12 январдаги қарори билан Фарғона вилоятида улкан туристик марказ барпо этишга старт берилди. Энди Фарғона нафақат саноат, балки агротуризм бўйича ҳам водийнинг "ташриф қоғози"га айланиши мумкин.
Янги ҳужжат билан Фарғона вилоятининг туристик салоҳиятини ошириш бўйича муҳим қадамлар белгиланган.
Умумий майдони 2 396 гектарни ташкил этадиган "Фарғона" туристик-рекреацион зонаси ташкил этилади. Ушбу зона 30 йил муддатга ташкил этилмоқда (кейинчалик узайтириш имконияти билан).
Бу каби замонавий дам олиш масканлари, соғломлаштириш марказлари ва эко-парклар ташкил этиш орқали хорижий сайёҳларни жалб қилиш мақсад қилинган.
Шунингдек, Фарғона туманидаги машҳур "Водил" малиназорлари энди тўлиқ туристик объектга айлантирилади. Малина плантациялари ҳудудида енгил конструкцияли хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилади.
Саноат ва Ҳосилот маҳаллаларида хориж тажрибаси асосида малина етиштиришдан тортиб, уни музлатиш ва чуқур қайта ишлашгача бўлган цехлар қурилади.
Меҳмонлар малина теримида шахсан иштирок этишлари (Agro-experience) ва янги маҳсулотлардан баҳраманд бўлишлари мумкин бўлади.
Ёзёвонда эса "Марказий Фарғона" сув омбори атрофида янги соҳилбўйи дам олиш маскани қурилади.
2026–2027 йилларда сув омбори атрофидаги ерларда янги туристик хизматлар йўлга қўйилиб, юзлаб янги иш ўринлари яратилади. Бу ҳудуд сув спорти ва соҳил туризми учун мўлжалланган.
Ушбу лойиҳалар Фарғона вилоятига йилига қўшимча минглаб сайёҳларни олиб келиши ва маҳаллий аҳолининг даромадини сезиларли даражада ошириши кутилмоқда. Тадбиркорлар учун эса ушбу зоналарда фаолият юритиш бўйича махсус имтиёзлар пакети ишлаб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрига киришдаги "Эркин", "Шарқ", "Бектемир", "Уч қаҳрамон" ва "Турбанов" йўл-патруль пост хизматлари яқинида ҳам юк машиналари ҳайдовчилари учун кемпинг, автовокзал ва дам олиш ҳудудлари барпо этиш режалаштирилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас