Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Фарғона вилоятидан бўлган 42 ёшли фуқаро Тошкент вилоятидаги карантин ҳудудида жойлашган контейнерларнинг бирида ўзини осганлиги ҳақидаги хабар кўпчиликни ларзага солди. Балки прокуратура ушбу воқеага албатта ҳуқуқий баҳо берар, аммо ҳозир кўпчиликда бир савол туғилмоқда: бу йўлни танлаб, бутун дунёда қўллаб келинаётгани каби одамларни уй карантинига қўйишдан бош тортган мансабдор шахслар нақадар ҳақдирлар?
Ушбу воқеа контейнерларга қанчалик муҳтож эканлигимизни тушуниш учун карантин ҳудудларида одамларни ушлаб туриш муаммосига қайта эътиборимизни жалб қилмоқда.
Карантин ҳудудидаги уч метрли баланд деворлар, автомат ушлаб турган аскарлар, тўрт кишига мўлжалланган контейнер ва ҳайвонот боғидагидек кичкина "вольер" 14 кун давомида бу ерда яшашга мажбур бўлганларнинг “ихтиёрига” топширилган. Ўзбекистонда чет элдан келганларнинг барчаси оммавий равишда ушбу ва бошқа ҳудудлардаги карантин зоналарига юборилмоқда. Шунингдек, пойтахтда коронавирусга чалинган беморлар билан алоқа қилганлар унинг “аҳолиси”га айланишмоқда.
Фараз қилинг, қамоқхонани фақатгина фотосуратларда кўрган одам тўсатдан кичкина ёпиқ хонага жойлаштирилсаю, у ерда автоматлар билан қуролланган аскарлар бўлса? Агарда бу тўғри ташкил этилган бўлса эди, бошқа гап. Наҳотки мобил телефонини қолдириш, Интернетдан фойдаланиш имкониятини бериш, ҳеч бўлмаганда ташқи дунё билан алоқани узиб қўймаслик шунчалик қийин бўлса? Йўқ, ўйлаб топилган бир баҳонада ҳамма нарса олиб қўйилган.
Илгари Адлия вазирлиги мобил телефонлар, аудио ва видео мосламалар ўзида инфекцияни ушлаб қолиш ва уни юқтириши мумкинлиги туфайли олиб қўйилиши ҳақида маълум қилган эди. Ундай бўлса, нима учун кийим-кечак олиб қўйилмаяпти? Келинг, ундайда одамларни бу жойларга яланғоч ҳолда юбориб, кириш жойида тўлиқ зарарсизлантирайлик.
Адлия вазирлигининг яна бир қизиқарли ҳатти-ҳаракати қуйидагидан иборат. Хабарларга кўра, карантин жойларидан олинган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқатилмоқда. Кўпгина постлар ва роликларда вирусга қарши кураш чоралари, чет элдан қайтиб келган фуқароларни ушлаб туриш шароитлари тўғрисида асоссиз ва нотўғри маълумотлар келтирилган.
Аммо бўлаётган воқеаларни суратга олиш ва ушбу маълумотларни оммага тарқатиш фуқаронинг конституциявий ҳуқуқи эмасми? Агар ҳуқуқ-тартибот идораларининг фикрича ушбу роликлар асоссиз бўлса, унда марҳамат – судга мурожаат қилинг. Лекин кишиларни асосий ҳуқуқлардан маҳрум қилиш мумкин эмас.
Бу борада халқаро тажрибага мурожаат қилиш умуман иш бермаяпти. Келинг, карантин жараёни ҳеч бўлмаганда собиқ Иттифоқ бўйича қўшниларимизда қандай ташкиллаштирилганини кўриб чиқамиз. Масалан, Россияда бир киши чет элдан келса, даставвал тест топширади, барча алоқа маълумотларини қолдириб, 14 кунлик карантин учун уйига кетади. Агар у ўзини ёмон ҳис қилса, шифокорга қўнғироқ қилади. Шифокор уйига бориб, унинг ҳолатини текшириб кўради. Бундан ташқари, Россия Федерациясида "ковид"нинг енгил шакли билан касалланганлар ҳаттоки касалхонага ҳам ётқизилмайди. Улар уйда даволанишни афзал кўришади.
Мазкур ёпиқ ҳудудга жойлатирилган кишининг психологик кечинмалари ҳақида ҳеч ким ўйлаб кўраётгани йўқ. Бир ой давомида шундай карантинда бўлиб қайтган Batafsil.uz мухбири бир ой ўзига кела олмасдан, ўша ёпиқ ҳудудни эслаганида ҳанузгача титроқ босади.
"Ичкарига кирганингизда, шахсийлигингиздан маҳрум бўлгандай ўзингизни гўёки маҳбусдек хис қиласиз. Иссиқда ёқимсиз ҳид таратадиган темир қути ўз қўршовига олган. Ўз ҳаётингиздан ажралганингиздек туюлади. Фақатгина шаҳар телефони ташқи дунё билан боғлаб туради. Уни ҳам кимдир доимо тинглаб турадиганга ўхшайди. Психологик жиҳатдан чидаш жуда мураккаб, ичкарида тиббий муассасанинг эмас, балки ҳақиқий қамоқхона муҳити яратилган ”,- деди у.
Энг муҳими, буларнинг барчасини бошқарадиганлар ўз қўл остидагиларга бир фикрни сингдиришган - бу ерга келганларнинг ўзи айбдор, энди чидашсин! Бош санитария шифокори чет элдан қайтганларга қарата “Россияда улар 100 киши битта хонада ухлашади, биз тўрт кишилик ажойиб темир контейнер тайёрладик, улар эса норози бўлишмоқда”, деганини яхши эслай оламиз.
Журналист қизнинг сўзларига кўра, ушбу ҳудудда муаммолар бўлмаган ягона соҳа - бу озиқ-овқатдир. Бошқа масалаларга келсак, крандан сув ичиш мумкин эмас. Агарда ичак касалликларидан чўчимасангиз, бемалол кран сувидан ҳам истеъмол қилаверинг. Идишга солинган тоза сув билан мунтазам таъмиланмаган.
Эътибор беринг, сув ҳақидаги бундай шикоятлар вақти-вақти билан ижтимоий тармоқларда учраб турди. Ушбу ҳудуд раҳбарияти буни кўриб чиқиб, албатта ижобий ўзгариш қилади. Аммо сал вақт ўтгач, яна “эски ҳаммом, эски тоз”.
"У эрда ишлайдиган одамлар, ҳаётида биринчи марта ёпиқ жойга тушганлар билан қандай муносабатда бўлишга мутлақо тайёр эмас. Ҳеч ким сиз билан гаплашмайди ва бирор нарса сўраш учун, масалан шунчаки совун ёки ичимлик суви учун эшикни қаттиқ қоқиш ва қичқириш керак. Мен билан Ўртасаройда бўлган аёлнинг Тошкентда онаси вафот этди. Албатта, унинг ҳоли жуда ёмон эди, биз ўзимизда бўлган дори-дармонларни бердик. Лекин ўша кеча ҳеч кимни ёрдамга чақира олмадик. Ҳеч бўлмаганда кимдир келиб унинг босимини ўлчаши мумкин эдику? Эртаси куни тушликка яқин аёлнинг ҳолидан хабар олинди. Лекин жанжал эвазига!”- деди у.
Журналистнинг сўзларига кўра, уларни ўша ҳудуддан ўз вақтида олиб чиқиб кетишни унутиб қўйиш билан боғлиқ бўлган вазият бепарволикнинг энг юқори чўққисидир.
"Бизни соат 9 ларда олиб кетиш ҳақида огоҳлантиришди. Биз тун бўйи нарсаларимизни тайёрлаб кутдик. Аммо ёнимизга ҳеч ким келмади, контейнер эшиклари ташқарида ёпиқ бўлганлиги учун ўзимиз чиқиб кета олмадик. Эртаси куни аниқланишича, одамлар соат 11 да олиб чиқилган экан. Бизни шунчаки унутиб қўйишган. Бундан ташқари, қўриқлашда бўлганлар ўзимизни айбдор эканлигимизни айтишди . Биз “ухлаб қолган эканмиз!”. Бу яна бир стресс бўлди. Биз ҳаммамиз алданиб қолишдан, ҳеч ким бизни олиб кетмаслигидан ва карантин муддати узайиши ёки касалхонага ётқизилишимиздан қўрқардик. Ҳеч ким ҳеч нарса тушунтирмади. Натижада уйимизга эртаси куни кечқурун бордик", - деди у.
Энди ғайриоддий бир ҳолат юзага келган. Одамлар бемор билан алоқада бўлганликларини билиб қолишса ёки касаллик аломатларини ўзларида сезишса бу ҳудудга тушиб қолмаслик учун ҳеч кимга айтишмайди ва ўз-ўзини даволаш билан шуғулланишади.
Молия вазирлигининг маълумотларига кўра, 17 июнь куни ҳолатида Ўзбекистон 20 минг ўринли карантин ҳудудларининг қурилишига 182 миллиард сўм маблаг ажратган. Шу билан бирга, бир кишини 14 кун карантинда сақлаш харажатларига бюджетдан 2,2 миллион сўм сарфланар экан. Балким халқаро амалиётни ўрганиб, пулни беҳуда сарфлашдан воз кечишнинг вақти келгандир? Эҳтимол, бундай карантин ҳудудларини қурмаган дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатлари Ўзбекистондан ақли кам эмасдир.
Бу борада агар озгина куч сарфланса, бу жойларни темир қафасга эмас, балки тиббий санаторияларга айлантириш мумкин. Ахир бу ерда ҳайвонлар эмас, ўзбекистонликлар сақланмоқдаку! Бир қарашда мамлакат ҳукумати тўғри қарор қабул қилмоқда. Ижрога келганда яна ботқоқликка тушиб қоляпмиз. Ўз ишини қўл учида бажараётганлар туфайли “ҳўлу-қуруқ бир хил ёнмоқда”.
Шуниси муҳимки, Ўзбекистон Президенти ўзгаришларни амалга ошириш зарурлиги ҳақида кўп гапирмоқда. Яқинда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишда давлат раҳбари коронавирус касаллиги аломатсиз кечганда ёки унинг енгил шакли билан касалланган беморларни уй шароитида даволанишга ўтказишни буюрган эди. Бундай беморлар шифокорлар назорати остида бўлиши керак.
Бироқ, бир неча кундан кейин мамлакат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков Ўзбекистонда коронавирус билан оғриган беморларни уйда даволаш кўзда тутилмаганлигини айтди. Буни қандай тушуниш керак?
Умид қиламизки, буларнинг барчаси ушбу соҳани бошқариш учун масъул бўлган одамларни ўз ёндашувларини қайта кўриб чиқишга ва фуқароларимизга қулоқ тутишга ундайди.
Изоҳлар мавжуд емас