Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. 16 март куни Ўзбекистонда бошланган карантин даврида кўплаб фожеали воқеаларга гувоҳ бўлдик. Одамлар янги воқеликка дуч келишди ва афсуски, кўпчилик бунга тайёр эмас экан.
Ўзини-ўзи яккалаш, бизнесни йўқотиш, моддий қийинчиликлар, коронавирусга қарши кураш, шифокорлар, дори-дармонлар ва ўпкани сунъий шамоллаштириш аппаратларини излаш ва бошимизга тушган кўплаб бошқа муаммолар ҳаётимизни тубдан ўзгартирди. Энг ёмони, қийинчилик пайтида бошқаларга ёрдам бериши керак бўлганлар шунчаки четда туришди.
Batafsil.uz. таҳририятига "ёрдам бериш рўйхатлари"дан тушириб қолдирилган Сергели туманида яшовчи 95 ёшли фуқаронинг ёрдам сўраб ёзган хати келиб тушди. Нега ёлғиз ва кекса, умуман иложсиз қолган одамга ҳеч ким эътибор бермаяпти? Маҳаллаликлар, бизни эшитяпсизми? ...
Сергели туманидаги "Учувчилар шаҳри" маҳалласида яшовчи Нина Степановна Докунина қарийб икки йилдан бери қандайдир рўйхатларга киритилаётган бўлсада, унга асло ёрдам кўрсатилмаяпти. Таҳририятимизга хат юборган унинг узоқ қариндоши Татьяна Калашникованинг сўзларига кўра, вазият доим ҳам бундай бўлмаган.
Маҳаллада нима юз бераётганлиги сирлигича қолмоқда. Айниқса аҳоли томонидан ушбу фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш идорасига нисбатан билдирилаётган шикоятлари бу идора вакилларини янада махфийлашишга мажбур қилмоқда.
Нина Степановна бу ерда 12 йилдан бери яшайди. Кекса аёлни қандай унутиш мумкин?
"Карантин бошланганидан буён маҳаллага ўн марта мурожаат қилдим, туман ҳокимлиги ва прокуратурага қўнғироқ қилдим, аммо ҳеч қандай чора кўрилмади. Мен ёрдам сўраб қилган мурожаатимга биров жавоб қилсайди. Ҳамма умидим сизда", - деб ёзади Татьяна Калашникова.
Мухбиримиз билан шахсий суҳбатида Татьяна Анатольевна, ҳақиқатан ҳам 95 ёшли одамни унутиб қўйган турли хил идоралар эшикларини тақиллатишдан чарчаганини тан олади. Имкон борича ўзи ёрдам кўрсатмоқда, Калашникова дугонасининг қизи ҳозир онахон билан яшашга рози бўлган.
Татьяна Анатольевнанинг ўзи ҳам нафақада, катта қизи ва кичкина невараси билан яшайди. Қизи карантин туфайли ишсиз қолган, барча харажатлар Калашникованинг кичик пенсияси ҳисобдан қопланмоқда.
Нина Степановнанинг нафақаси бир миллион сўмдан сал кўпроқни ташкил қилади, аммо пулларнинг деярли барчаси дори-дармон ва озиқ-овқатга сарфланади. Афсуски, 95 ёшли Докунинанинг тақдири шундай бўлганки, айни пайтда у бутунлай ёлғиз қолган. Кекса аёлнинг на болалари бор, на қариндошлари. У ўзининг турар майдонида эмас, балки бир вақтлар Татьяна Анатольевна онасининг опасига тегишли бўлган квартирада яшайди.
Нина Докунинанинг ҳаётидаги муҳим байрам - "Хотира ва қадрлаш куни" расмийларга кўплаб мурожаатлар қилишга сабаб бўлди. Ахир, Нина Степановнанинг ёшлиги Иккинчи Жаҳон уруши йилларига тўғри келган. 1942 йилда йигирма ёшли Нина Тошкент шаҳридаги 2-фабрикада ишлаган ва Совет Армияси учун парашютлар тикиш билан шуғулланган.
Урушдан кейин ва нафақага чиқишдан олдин у ҳайдовчиларни ўқитиш тузилмасида бухгалтер бўлиб ишлаган. 1985 йилда Нина Степановна "Меҳнат фахрийси" давлат медали билан тақдирланган.
«Мен ўтган йили турли идораларга қўнғироқ қила бошладим. Ўшанда Нина Степановнани 9-май Хотира ва қадрлаш куни билан ҳеч ким табрикламади. У жуда хафа бўлди, ахир шунча йиллар давомида доимо эътиборда бўлиб келган. Мен Сергели тумани “Нуроний” жамғармасининг телефон рақамини топдим. У ерда Нина Стапановна рўйхатга киритилганлиги, аммо пул ва бошқа ёрдам тугаганлигини айтишди", - дейди Татьяна Калашникова.
Бу йил меҳнат фронти иштирокчиси, 95 ёшли аёлни на маҳалладан, на жамғармадан ҳеч ким табрикламаган. Ҳолбуки, жорий йилнинг баҳорида Татьяна Калашникова Сергели туманидаги "Учувчилар шаҳри" маҳалласига, хусусан, меҳнат фронти фахрийсига ёрдам берилишини сўраб, унинг раисига мурожаат қилган. Унга у ерда "рўйхатлар топширилди, кутинг, биз барчани эслаб қола олмаймиз!", деб жавоб беришган.
Охир-оқибат аёлга совға берилган. Бироқ, совғани маҳалла эмас, балки маҳаллада яшовчи фаол фуқаролар тақдим этишган. Оқкўнгил ва юз хотирали учувчилар пул йиғиб, карантин пайтида фахрийлар учун акция ўтказишга қарор қилишган. Мард йигитлар Нина Степановнага озиқ-овқат ва пул беришган.
Ўшандан бери уч ой ўтган. Ҳатто давлат раҳбари ташаббуси билан бериладиган бир марталик молиявий ёрдамни тарқатишда ҳам Докунинани ҳеч ким эсламаган.
Аёлда, яъни Калашниковада, фахрий онахон учун идорама-идора юришга куч қолмаган. У маҳалла ходимларининг ҳалоллигига ишонмайди ва уларнинг “шарофати” билан давлатга ҳам ишонмай қолган. Кекса аёлнинг ўзи одатий ҳаёт билан яшашни давом этмоқда. Эҳтимол, юрагининг қайсидир бир бурчагида у туғилиб ўсган Тошкентда оқил одамлар борлигига ҳалигача ишончи қолгандир.
Изоҳлар мавжуд емас