Гулнора Каримова аллақачон  озодликда бўлиши кераклигини  айтди
Жамият

Гулнора Каримова аллақачон озодликда бўлиши кераклигини айтди

687

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Гулнора Каримованинг сўзларига кўра, у аллақачон озодликда бўлиши керак эди. Унинг Ўзбекистон Президентига йўллаган очиқ мактуби ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Иман Каримова томонидан эълон қилинган. Бу тўғрисида Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.

"Жиноий ишлар кўриб чиқилган узоқ йиллар давомида ва бир қамоқдан бошқасига кўчирилиб жазони ўтаётганимда, кўп нарсани ўйлаш ва англашга фурсат бўлди", - деб ёзади Каримова.

Каримова унга қарши очилган жиноий иш қўйилган айбловлардан тортиб, жуда катта қонунбузилишлар билан олиб борилаётганидан шикоят қилди.

Мактубда айтилишича: "Менинг кўп йиллик ишимда кўпол бузилишларга йўл қўйилганлигига эътиборингизни қаратмоқчи эмасман. Чунки бунга айбдор бўлган аксарият кишилар кўп йиллардан буён жазони ўташмоқда ёки уларга шунга ўхшаш бошқа ишлар бўйича айбловлар қўйилган. Аммо негадир менинг ишим кўриб чиқилмаяпти ва адолат тиклангани йўқ», - дейилади мактубда (хат услуби сақлаб қолган).

Гулнора Каримова ўз ҳуқуқидан фойдаланиб, Жиноят-процессуал кодексининг кўплаб бузилишларини кўрсатган ҳолда аппеляция берганини қайд этган. Бироқ, унинг шикоят қилишича, вилоят суди ва прокуратура томонидан одатий шаклдаги хатлар берилиб, Олий суд унинг мурожаатларини ҳаттоки кўриб ҳам чиқмаган. Шунингдек, у ўз иши бўйича суд қарорларини кўрмаганлиги ва имзоламаганлигини билдирди.

"Менга тегишли бўлган барча мол-мулк ва активлар, шу жумладан, 2017 йилдан бошлаб болаларим туғилган ва рўйхатга олинган, қонунга хилоф равишда уй-жойларим мусодара қилинган бўлсада (умумий қиймати 1,2 миллиард доллар), моддий зарарни қоплаш учун ҳисобга олинмаган. Қолаверса на мен, на фарзандларим узоқ вақт давомида ҳатто шахсий нарсаларимиз, шу жумладан ҳужжатлар ва ҳар қандай инсон учун қадрли бўлган оилавий мерос буюмларимизни олиб билмаяпмиз", - дея таъкидламоқда Каримова.

Унинг сўзларига кўра, "оила ва саломатликни сақлаб қолиш учун ҳамда мақбул шартлар бўлса" оиласида қолган ва Швейцария банкидаги ҳисоб рақамида музлатилган маблағлардан даъвосиз воз кечишга тайёр. Каримова оммавий судсиз давлат фойдасига 686 миллион АҚШ долларини беришга рози.

 

Гулнора Каримова 131 миллион долларга нисбатан берилган шикоятни чақириб олганлигини билдирди. Ушбу маблағ 2020 йилнинг январь ойида тиббиёт ва таълим соҳасидаги гуманитар лойиҳалар учун Ўзбекистонга ўтказилиши керак эди. Бу жараён унинг адвокатлари томонидан тўхтатилган. Маблағ ҳанузгача давлатга ўтказилмаганликда Каримова "ўз манфаатларини кўзлаётган ижрочилар"ни айбламоқда.

Шунингдек, Гулнора Каримова унинг жазо муддати кўп маротаба қайта ҳисобланганлиги ҳақида ёзган.

Унинг ҳисоб-китобига кўра: “Агарда менга нисбатан 2017 йилда белгиланган жазо муддати, жумладан уй қамоғини ҳисоблайдиган бўлсак, 2013 ва 2016 йиилларнинг амнистияси қўлланилганидан сўнг муддат аллақачон ўтиб бўлинган. Гуманизм актлари қўлланилмасдан фақат қамоқ ва колонияда ўталган муддат кўриб чиқилган тақдирда ҳам жазо муддати бир неча ой қолган холос”.

“Агарда жазони ўташ муддати бутун жиноий иш дорасида ҳамда   ҳибсга олинган сана, яъни 2014 йилнинг 17 февраль кунидан бошлаб ҳисобланадиган бўлса, мен аллақачон озодликда бўлишим керак”, - дея якунлаган у.  

Каримова ўз фарзандлари билан бўлишга, оиласи ва шахсий ҳаёти билан шуғулланиш ниятида эканлигини ёзган. Унинг сўзларига кўра, у иккита жиддий операцияга муҳтож бўлиб, улардан биттаси шошилинч тарзда бажарилиши керак.

“Сизни узоқ вақтдан бери шахсан таниган икки фарзанднинг онаси сифатида, қолаверса, 26 миллион АҚШ доллари миқдоридаги шахсий маблағларим сарфланган ҳамда бошқа компания ва шахслар томонидан ҳомийлик қилинган кўплаб жамоат фондлари ва Сиз томонингиздан фаол қўллаб-қувватланган муҳим лойиҳаларни хотирлаган ҳолда Сизга мурожаат қилиб, юрагингиздан жавоб топишга умид қиламан", - дея ёзмоқда Каримова Президентга.



Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0



0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


USER_ID and USER_SESSION_ID undefined

Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+