Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда ўтган ҳафта мобайнида касалланиш ҳолатларининг барқарор ўсиши кузатилди. Шифокорлар касалхонага ётаётганлар, айниқса оғир ҳолатдагиларни қайд этишмоқда.
Бунинг сабаби нимада эканлиги, бунга Ҳиндистон штамми айбдорми, такроран касалланиш ҳолатлари вакцинадан сўнг қайд этилаяптими, деган саволларга Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази директорининг ўринбосари Алишер Абдуллаев ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва аҳоли саломатлиги хизмати ходими Насиба Тоирова Batafsil.uz. мухбирига жавоб берди.
– Бугунги кунда Ўзбекистонда коронавируснинг қандай ва нечта штаммлари аниқланмоқда? Улардан қай бири айниқса тажовузкор ҳисобланади (фоиз ҳисобида)?
Алишер Абдуллаев: – Ўзбекистонда дунёда тарқалган камида тўртта штамм билан бирга, хусусан дастлабки (Wuhan-Hu-1) штамм баробарида Британия штамми (B.1.1.7) авж олмоқда, қолаверса, Ҳиндистон штаммига (B.1.617) дучор бўлган сони ортмоқда. Бугунги кунда айнан Ҳиндистон штамми энг хавфли ҳисобланади.
– Ҳиндистон штамми Ўзбекистонда қандай кириб келган?
Алишер Абдуллаев: – Россиядан бўлса керак.
– Мухатассисларнинг айтишича, кейинги кунларда коронавирусга чалинганлар сони ортмоқда. Бунга сабаб Ҳиндистон штаммими ёки бошқа омиллар ҳам борми?
Алишер Абдуллаев: – Янги штаммнинг роли бўлсада, унчалик катта эмас. Асосий сабаб - эмланганлар сонининг камлиги, одамлар эмланишни истамаётгани, ижтимоий масофага ва бошқа карантин чекловларига мутлақо амал қилинмаётганликда. Оқибатда куриб турибмизки, касалланиш сони ошиб бормоқда.
– Қўшни давлатларда касалланишнинг рекорд кўрсаткичлари кузатилмоқда. Ўзбекистонда ҳам коронавируснинг учинчи тўлқини тахмин қилинмоқда. Бу тўғрими?
Алишер Абдуллаев: – Эҳтимол, бу тўлқин аллақачон бошлангандир. Лекин бу саволни Соғлиқни сақлаш вазирлигига бериш керакдир.
– Ўзбекистонда коронавирусга чалинишнинг такрорий ҳолатлари аниқланаяптими?
Насиба Тоирова: – Ҳа, Ўзбекистонда такроран коронавирус юқиши ҳолатлари қайд қилинган. Шунинг учун касалликдан кейин барқарор иммунитет ҳосил бўлади, деб ўйламаслик керак. Худди шундай, коронавирусга қарши эмлашдан сўнг ниқоб тақиш, масофани сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби эпидемияга қарши чораларни эътиборсиз қолдирмаслик лозим.
– Вакцина олгандан кейин хам ковид билан такроран касалланиш ҳолатлари маълумми? Агарда аниқланган бўлса, айнан қайси вакцинадан сўнг?
Насиба Тоирова: – Шуни аниқлаштириш керакки, эмлаш, аввало, коронавирус инфекциясидан келиб чиқадиган оғир оқибатлар ва ўлимдан ҳимоя қилади. Хориж матбуотида эмлашдан сўнг коронавирус ҳолатлари қайд этилгани тилга олинган, бироқ бу айнан қайси вакциналардан кейин бўлгани аниқ кўрсатилмаган. Бундай ҳолатлар ҳозиргача Ўзбекистонда аниқланмаган.
– Ҳар бир мамлакатнинг ўзи коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш бўйича тадқиқотлар олиб бормоқда. Ўзбекистоннинг бу борадаги муваффақиятлари қандай? Ўзбекистон-Хитой ва Россия вакциналарини ишлаб чиқариш майдончалари қачон ишга тушади?
Алишер Абдуллаев: - Ўз вакцинамизни ишлаб чиқиш борасида ҳам изланишлар олиб борилмоқда. Бу билан бир қанча илмий-тадқиқот институтлари, жумладан, Илғор технологиялар маркази шуғулланаяпти. Марказда иккита потенциал вакцина ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирда лаборатория тадқиқотлари ва ҳайвонларда клиникагача бўлган ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон ҳудудида Ўзбекистон-Хитой ва Россия вакциналарини тайёрлаш бўйича ишлаб чиқарувчилар билан қўшма ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган музокаралар олиб борилмоқда.
– Коронавирусни аниқлаш бўйича маҳаллий тест-тизимларини ишлаб чиқариш қандай кетаяпти?
Алишер Абдуллаев: – Бутун дунёда тест-тизимларига қатта эҳтиёж сезилган бир пайтда, маҳаллий тизимлар ўзимизда ишлаб чиқарила бошланган эди. Натижада биз республика эҳтиёжини тўлиқ қондира олганмиз. Бошқа ишлаб чиқарувчилар шартнома шартлари кўра, 60 кун мобайнида керакли тестларни етказиб бермоқчи бўлганида, биз 12 соатлаб ишлаб, ҳудудларга керакли ҳажмни етказиб бердик. Айни пайтда ишлаб чиқариш қуввати бир ойда 500 000 дан 1 200 000 мингтани ташкил қилади.
Тайёрлади – Сайера Рустамова
Изоҳлар мавжуд емас