Жамият

Инновациялар сари йўл. ОКМК бир вақтнинг ўзида бир нечта ноёб инновацион лойиҳаларни амалга оширмоқда. Видео

712

Жаҳон бозорида рақобатбардош бўлишга интилаётган ҳар-бир замонавий ишлаб чиқариш корхонаси инновацион ечимлар ва технологияларни жорий этишга мажбур. Айнан улар корхонадаги барча жараёнларни янада самарали йўлга қўйиш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва ўз навбатида, корхона фойдасини кўпайтириш имконини беради. Шу билан бирга, нафақат жалб этилган хорижий технологияларга, балки ўз инновацион таклифларга ҳам асосланиш лозим. Бу борада Олмалиқ кон-металлургия комбинати етакчилардан бири ҳисобланади. 

Batafsil.uz. мухбири ОТМКда сўнгги йилларда қандай инновацион лойиҳалар амалга оширилгани, ишлаб чиқаришни рақамлаштириш қандай кетаётгани ва ўз ишланмаларни жорий этишнинг моддий самараси қандай эканлиги билан қизиқиб кўрди. 

Абдуқаххор Сайназаров, технология бўйича Бош муҳандис ўринбосари, ОТМК техник бўлими бошлиғи: 

– Сўнгги икки йил ичида заводда қандай янги технологиялар жорий этилди?

2018 йилда Ўзбекистондаги йирик саноат корхоналарида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Ҳужжатда кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун комбинатда инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш Жамғармаси ташкил этилди. Илмий-тадқиқот ишларини юритиш, илмий-тадқиқот лабораториялари учун янги асбоб-ускуналар сотиб олиш, илмий-технологик марказ ва янги технологиялар бўйича марказий лаборатория фаолиятини таъминлаш - унинг асосий йўналишлари ҳисобланади.

2019-2020 йиллар натижаларига келсак, барча илмий ишлар уч йўналишда амалга оширилди: мавжуд технологияларни такомиллаштириш (уларнинг самарадорлигини ошириш), комбинат ишга тушганидан бошлаб тўпланиб қолган техноген чиқиндилардан фойдаланиш (қўшимча маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ва чиқиндиларни йўқотиш) ҳамда янги турдаги юқори технологияли маҳсулотларни яратиш.

Биринчи йўналиш доирасида ишлаб чиқариш жараёнига (мис-молибден концентрати селекцияси ва мис бойитиш фабрикаси қуритиш цехининг фильтрлаш бўлимида) замонавий Larox press-филтрлари жорий қилиниб, бу 2021 йилнинг январь ойида 600 минг куб метрдан ортиқ табиий газни тежаш имконини берди. Яъни минимал даражада намликка эришиш йўли билан қуритиш жараёнидан қисман воз кечдик.

Бундан ташқари, 2019 йилдан бошлаб    техноген чиқиндиларни ишлаб чиқаришга тадбиқ қилиш технологияларини тадқиқ этиш ва ривожлантириш учун комбинат катта маблағ ажратмоқда. Бунга рух заводи клинкери, мис рудаси флотацияси қолдиқлари, шунингдек “Калмакир” конининг очилиши туфайли жамланган балансдан ташқари ва оксидланган рудалар киради. Икки йилдан буён ушбу йўналишда инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 1 миллион долларгача маблағ ажратилди. Бу эса фа фақатгина тадқиқот ўтказиш, турли вариантларда техник ва технологик ечимларни ишлаб чиқиш ва иқтисодий самарадорликни ҳисоблаш учун йўналтирилган. Зеро, иқтисодий жиҳатдан сермаҳсул ва самарали технологияни аниқлаш учун йирик изланишлар олиб бориш талаб қилинади. Изланишлар икки йилдан буён олиб борилиб, бугунги кунга қадар яхши натижалар мавжуд, техник-иқтисодий асослар (ТИА) тайёрланмоқда.

Шундай қилиб, умуман олганда, 2019 ва 2020 йиллардаги асосий фаолиятимиз захиралардан янада самарали фойдаланиш имкониятини ўрганишга қаратилган эди.

– Ишлаб чиқаришда ўз ишланмалар ва импорт қилинган технологияларидан фойдаланиш нисбати қандай?

Комбинатда амалга оширилаётган маҳаллий ва хорижий олимлар лойиҳалари сони нисбати тахминан 50га 50. Аммо пул ўлчовида оладиган бўлсак, ўз лойиҳаларимиз етакчилик қилмоқда. Масалан, оксидланган рудаларни қайта ишлашни жараёнига татбиқ этадиган бўлсак, иқтисодий самара жуда катта бўлади. Яъни, биз техноген чиқиндиларни жалб қилсак, 10 минг тоннага яқин катодли мис оламиз. Бу албатта катта рақам ҳисобланади. Хусусан, комбинат ходимларидан олинган инновацион ечимларни ишлаб чиқаришга жорий этиш натижасида 2020 йилда 40,6 миллиард сўмлик иқтисодий самарадорликка эришилди.

- Бу йўналишдаги халқаро ҳамкорлик ҳақида айтиб берсангиз

- Халқаро ҳамкорлик борасида кончилик соҳасида эътироф этилган олимлар ва ташкилотларнинг тажриба ва ютуқларидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқдамиз. Масалан, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, шунингдек, соф металлар ишлаб чиқариш соҳасида фаолият кўрсатадиган Корея нодир металлар институти (Korean Institute of Rear Metals – KIRAM)ни кўрсатиш мумкин. У билан ҳамкорликда Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар бўйича Ўзбекистон-Корея илмий-технологик маркази ташкил этилиб, бугунги кунда бу ерда кореялик олимлар билан қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ишлаб чиқаришга жорий қилиш учун Европа олимларидан биз аллақачон синалган, энг яхши   технологияларни олаяпмиз. Масалан, фильтрлаш, эритиш ва сулфат кислота ишлаб чиқариш жараёнларига оид янгиликлардан фойдаланамиз.

Россиялик олимлар бизга техноген чиқиндиларини қайта ишлаш учун ўз ечимларини таклиф қилишди. Фаолиятимизнинг айнан иккинчи йўналиши доирасида 2019 йилда ТОМС (Минерал хом ашёни бойитиш технологиялари) Илмий- тадқиқот ва лойиҳалаш институти билан тадқиқот олиб бориш ва технологияни ривожлантириш бўйича шартнома имзоланди. Оксидланган ва балансдан ташқари рудаларни қайта ишлаш, флотация қолдиқларини ишлаб чиқаришга жалб этиш вазифалари қўйилди.

Дастлабки икки масала бўйича улар томонидан хом-ашё бўйича тадқиқот олиб борилди, қиёсий техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар қилинди, технологик регламентлар ишлаб чиқилди ва лойиҳани қоплаш муддати аниқлаб берилди. Биринчиси учун лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси ҳам ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда бу йўналишда ТОМС Илмий- тадқиқот ва лойиҳалаш институти билан ҳам, бош лойиҳа институтимиз "Ўзгеорангметлити" ДУК билан ҳам фаол иш олиб борилмоқда.

Бу борада шуни таъкидлаш лозимки, ҳар қандай ишланма жорий этиш жараёнигача бир неча босқичларни босиб ўтади. Бу лаборатория ва саноат синовларини ўтказишдан иборат бўлиб, улар асосида иқтисодий ҳисоб-китоблар қилинади, техник-иқтисодий асослаш ишлари олиб борилади. Сўнгра ускуналарни сотиб олиш ва молиялаштириш манбаи аниқланади. Бу давр тахминан икки йил давом этади.

–ОКМК учун янги технологияларни ишлаб чиқишга ёшларнинг қўшган ҳиссаси ҳақида нима дея оласиз?

– Ёшларимизни илмий-тадқиқот ишларини олиб боришга ундаш учун ўтган йили Олмалиқ шаҳрида жойлашган ОТМлар талабалари ўртасида энг яхши илмий ишланмалар танлови ўтказилди. Бу, албатта ёшларга мотивация беради. Бу йил танлов яна ўтказилади. Ўйлайманки, бу сафар иштирокчилар сони кўпаяди, рақобат ошади ва натижада тақдим этилган лойиҳалар савияси ошади.

Бундан ташқари, 2020 йилда тақдим этилган инновацион таклифлар орасида ёш мутахассисларнинг улуши ортиб бормоқда. Муаллифлар рўйхатида ёшларнинг ҳиссаси 50% га етмоқда. Бу эса ёшларимизнинг фаол экани, улар ғояларни генерация қилаётганини тасдиқлайди. Ёшлар ўз устида ишламоқда, илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда ва чет эл илмий адабиётларини ўқиб келмоқда. Ишончим комилки, яқин келажакда улар комбинатга қизиқарли ва муҳим лойиҳаларни таклиф этади.

– ОКМК ривожига "Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" давлат дастури қандай таъсир кўрсатди?

– "Рақамли Ўзбекистон" стратегияси доирасида ОКМКни 2030 йилгача рақамлаштириш бўйича Концепция ишлаб чиқилган бўлиб, рақамлаштириш орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини оширадиган лойиҳалар аниқланди. Бугунги кунга келиб рух заводида куйдириш жараёни тизимини автоматлаштиришни жорий қилиш бўйича ишлар олиб борилди ва кислород-машъалли эритиш жараёнини визуаллаштириш ва автоматлаштириш чоралари давом этмоқда.

Жорий йилда очиқ конли ва ер ости конли ишларни диспетчерлаш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Шуни ҳам таъкидламоқчиманки, алоҳида лавозим – рақамли трансформация бўйича бошқарув раисининг биринчи ўринбосари жорий этилди. Яъни ушбу жараённи амалга ошириш учун жавобгар бўладиган олий даражадаги шахс тайинланди.

Амир Абидов, Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар бўйича Ўзбекистон-Корея илмий-технологик марказининг композицион ва илғор материаллар нанотехнологиялари лабораторияси раҳбари:

- ОКМК қошидаги Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар бўйича Ўзбекистон-Корея илмий-технологик маркази фаолияти ҳақида айтиб берсангиз. Ҳозиргача қандай муваффақиятларга эришилди?

- Марказимиз 2019 йилнинг 20 апрелида очилди. Бу вақт мобайнида биз юқори қувватли қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган вольфрам ва молибден нанокукунларини ишлаб чиқариш технологиясини ишлаб чиқдик. Натижада мустаҳкамликни 15% га оширишга эришилди. Қаттиқ қотишмалар пармалаш ва машинали қайта ишлаш техникаси, фрезерлаш ускуналари ишлаб чиқариш учун ишлатилади.

Биз шиша, машина ва қаттиқ қотишмаларга юпқа қопламаларни қўллаш учун мўлжалларни яратдик. Дунёдаги қаттиқ қотишмаларнинг 90% дан ортиғи бардошли қоплама билан ишлаб чиқарилади. Мўлжаллар Фанлар Академиясининг ион-плазма ва лазер технологиялари институтида синовдан ўтказилди.

Шунингдек, контактли пайвандлашда ишлатиладиган мис эритгич, вольфрам-мис ва мис-хромли электродлари эҳтиёжлари учун чиқиндилардан темир кукуни ҳам ишлаб чиқара бошладик. Биринчиси "Джентра" автомобиллари кузовини ишлаб чиқариш учун Асакадаги завод, иккинчиси-Питнак шаҳридаги Uzauto Motors заводида синовдан ўтказилди. Барча синовлар муваффақиятли бўлиб ўтди.

Кейинги йўналишимиз - кўпроқ ишдан чиқадиган жойларга пайвандланадиган градиентли қаттиқ қотишмалар бўлиб, булар қишлоқ хўжалиги машиналари, бетон насослари, қурилиш ва кончилик асбоб-ускуналаридир. Синовлар Андижон машинасозлик институтида ўтказилди. Бизнинг қотишмалар бу учун одатда қўлланиладиган ва тезда ишдан чиқадиган ХГ45 пластиналаридан 45 марта ортиқроқ мустаҳкамлилигини кўрсатди.

Ўтган йил натижалари бўйича марказимиз томонидан 2 та патент буюртмаси, 5 та инновация таклифи топширилиб, 13 та мақола чоп этилди.

– Ҳозир қандай лойиҳалар амалга оширилмоқда?

– Ҳозирда юқори соф металлар-молибден, рений, вольфрам ва бошқаларни олиш, уларни қайта ишлаш ва юқори қўшимча қийматга эга товарлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш технологияси ишлаб чиқилмоқда, янги маҳсулотлар олиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Бугунги кунда марказда 22 нафар мутахассис ишламоқда, уларнинг 20 нафари бизнинг асосий ҳамкоримиз бўлган Кореянинг Нодир металлар институти (KIRAM)да ўқиган. Ўқувлар KIRAM ва Ўзбекистон инновациялар вазирлиги ҳисобидан амалга оширилди. Бу йил ҳам машғулотлар ташкил этилиб, пандемия муносабати билан онлайн тарзда ўтмоқда. Кореялик мутахассислар шу мақсадда махсус портал ишлаб чиқишди. Курс якунида иштирокчиларга халқаро намунадаги сертификатлар берилади.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+