Загрузка
Загрузка
Истеъмол савати аслида қандай ҳисобланиши керак?
Жамият

Истеъмол савати аслида қандай ҳисобланиши керак?

1579
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 2020 йил декабрь ойи учун Ўзбекистонда истеъмол саватининг ҳисоб-китобини тақдим этди. Бунда жаҳон тажрибаси ва аҳолининг ижтимоий сўров натижаларини ҳисобга олингани таъкидланган.

Мазкур маълумот эълон қилингач, саватнинг таркиби ва унинг қиймати аҳоли ўртасида тушунмовчилик келтириб чиқарди. Оддий иқтисодчи ҳам мазкур истеъмол саватини ҳисоблашда қўпол услубий хатоликларга йўл қўйилганлигини кўриши мумкин.

Истеъмол саватини ҳисоблашдан асл мақсад, бу камбағал ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини аниқлаш ва иқтисодий-ижтимоий эҳтиёжларни қондиришда давлат сиёсатини шакллантиришдир.

Таъкидлаш жоизки, турли давлатларда камбағаллик даражасини аниқлашда ҳар хил усуллар қўлланилади. Баъзи мамлакатларда минимал истеъмол савати харажатлари қўлланилса (Латвия, Озарбайжон), баъзиларида минимал калория истеъмол қилиш харажатлари ҳисобланади (Ҳиндистон, Покистон), бошқаларида эса эса мамлакатдаги ўртача даромадга нисбатан қандайдир даража (одатда медиана даромаднинг 30-60% миқдорида) белгиланади (Европа Иттифоқи давлатлари).

Шу билан бирга, калорияга асосланган усулда ҳисоб-китоб қилиш минимал истеъмол савати харажатлари усулидан осонроқ. Минимал истеъмол савати усулида ҳисоблаш бир неча босқичларни ўз ичига олади:

1. Aҳоли жон бошига харажатлар уй хўжаликлари аъзолари сонидан фойдаланган ҳолда ҳисобланади. Муқобил ўлчов сифатида катталар эквивалентлиги усули қўлланилади. Вояга етганларнинг эквивалентлигини умумий “конвертация қилиш” хўжалик бошлиғига 1 вазн, ҳар бир қўшимча катталарга 0.5 ва 14 ёшгача бўлган болаларга 0.3 вазн берилади.

2. Ўлчовларни таққосланадиган ҳолга келтиришда ҳар бир ҳудуд учун минтақавий дефлятор сўровда акс этган истеъмолнинг бирлик қийматлари асосида ҳисобланади(Ўзбекистонда жами 27 та – минтақа мавжуд, вилоятлар қишлоқ ва шаҳар ҳудудлари).

3. Уй хўжаликларининг катталиги ва уй хўжалиги жойлашган ҳудуд яшаш нархига қараб фаровонлик кўрсаткичлари ҳисобланади.

4. Сўнг аҳолининг эътибор қаратилиши керак бўлган қатлами аниқлаб олинади.Озиқ-овқат истеъмоли калория эквивалентига айланади. Бошқалар аҳолининг 30-персентил, яъни энг кам истеъмол қилувчи 30 фоизини ажратиб олишади.

5. Аҳолининг эътибор қаратилиши керак бўлган қатлами учун озиқ-овқат саватининг нархлари бир калория учун ўртача харажатлари аниқланади.

6. Ноозиқ-овқат истеъмолини ҳисобга олиш учун Энгелс коэффициенти ишлатилади. 

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси эса ўз ҳисоб-китобларида мазкур услубий босқичларни ҳисобга олмаган ҳолда фақатгина Тошкент шаҳридаги айрим шахсланинг ўртача истеъмол одатларини акс эттирган. Тан олинган усулдан фойдаланмаган.

Минимал истеъмол савати усулида ҳисоблаш методологияси схемаси

3213133.jpg

Манба: Жаҳон банки

Истеъмол саватчаси ўртача ҳаёт кечирувчи аҳолининг эмас, балки камбағаллик чегарасига яқин аҳоли истеъмол хусусиятларидан келиб чиқиб ҳисобланиши лозим. Минимал истеъмол савати камбағаллик даражасидаги аҳолини фақатгина ҳимоя қилиб қолмай унинг ҳаракатларини ҳам сўндирмаслиги лозим. Юқори белгиланган минимал истеъмол савати боқимандаликни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Нафақаларни камбағал аҳоли хусусиятларидан келиб чиқиб белгилаш нафақа миқдорини ўртача даромаддан камроқ бўлиши ва оддий аҳоли ишини ташлашдан манфаат кўрмаслиги, нафақага фақат мажбур бўлган одамлар мурожаат қилишига олиб келади.

Истеъмол савати ҳисоб-китобларида эса камбағал аҳоли истеъмол қиладиган маҳсулот ва хизматлар ўрганилмаган ва мамлакатдаги ўртача даромадлар даражасига тўғри келмайди.

Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсия этган норма миқдорига эътибор қаратадиган бўлсак, бир киши бир ойда 4 кг гўшт ейиши керак.Тадқиқот натижалари ҳам камбағаллик чегарасига яқин аҳоли қатлами тахминан шу ва бундан паст миқдорда истеъмол қилинишини кўрсатган. Федерациянинг ҳисоб-китобларида умумий гўшт миқдори 9 кг қилиб белгиланган. Бундай тушунарсиз ҳолатлар кўпчилик маҳсулот турлари бўйича кузатилади.

Камбағаллик чегарасидаги одамлар истеъмол қиладиган товарлар ва хизматлар аниқлангандан кейин бу маҳсулотларга бозор нархлари ўрганилади. Одатда сўров ўтказиб, аҳолидан ўзи олган нархни белгилаш сўралади.Чунки бир маҳсулотнинг турли навлари бўлади ва табиийки кам таъминланган қатлам ўртачадан пастроқ навни харид қилишга мойил. Хусусан, ўтган йили Жаҳон банки ўтказган сўровлар барча вилоятлардан 2286 та шаҳарда ва 2352 та қишлоқда истиқомат қилувчи уй хўжаликларини қамраб олган. Афсуски Федерация бундай сўровномаларни амалга оширмасдан Тошкент шаҳридаги ўртача нархларни тақдим этибгина қолган.

Масалан, Федерация маълумотларига қараганда 1 кг мол гўшти нархи 77000 сўмга тенг, Статистика қўмитаси тақдим этган маълумотларда эса бу маҳсулот нархи республикада ўртача 64000 сўмни ташкил этади. Бундан ташқари, қиш мавсумида нархлар одатдагидан қимматроқ бўлади, ёзда эса арзонроқ. Шунинг учун ҳам йил давомидаги ўртача нархлар олиниши тўғрироқ. Федерация эса декабрь нархларига асосланиб ҳисоблаган.

Бундан ташқари, сават ҳисобланганда аҳолининг демографик ҳолатидан келиб чиқилади. Яъни, ёш болалар, қариялар истеъмол миқдори ўрта ёшли аҳоли истеъмолидан камроқлигини инобатга олиб, махсус коэффициентларни қўллаган ҳолда ўртача сават миқдорига тузатишлар киритилади. Бу борада ҳам таофвутлар кўзга ташланади.

Кўпчиликда истеъмол савати қийматини баландроқ белгиласа бўлмайдими, деган савол туғилиши табиий. Бунинг бир неча сабаблари бор.

Биринчидан, бюджет тушумлари чекланган. Пулларни бир соҳага йўналтириш, уларни иккинчи соҳага йўналтиришда чеклайди. Бу ерда давлат олдида турган асосий масала пулни аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш каби асосий соҳалар ўртасида тўғри тақсимлашдан иборат. Табиийки, пулнинг катта қисми камбағаллик нафақасини тўлашга йўналтирилса, ўқитувчи ва шифокорларнинг сонини қисқартиришга тўғри келади.

Иккинчидан, давлат ижтимоий сиёсатни самаралилигини таъминлаши керак. Ҳар кимда давлатдан ёрдам олиш хоҳиши бор шароитда давлат одамлар орасида энг муҳтожларини танлаб олиши ва биринчи ўринда ўшаларга ёрдам ажратиши керак. Нафақа оптимал даражадан баландроқ белгиланган тақдирда эса бу пулни олишни хоҳловчилар кўпаяди ва давлатга ким ҳақиқатда муҳтож, ким муҳтож эмаслигини текшириш қийинлашади.

Учинчидан, нафақалар солиқлар ҳисобидан тўланишини ҳисобга олинса, нафақа миқдори оширилиши солиқлар даражасини оширилишини талаб этади. Солиқларни ошириш эса аҳоли норозилигининг кучайишига олиб келади. Ҳаттоки солиқларнинг ҳозирги даражасида, банд бўлганларнинг фақатгина 35 фоизи даромад солиғи тўлайди.

Шунинг учун ҳам барча давлатлар нафақа даражасининг оптимал қийматини баҳолашга ҳаракат қилади. Масалан, Қозоғистонда истеъмол саватининг миқдори аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМнинг 8-10 фоиз, Латвияда 8 фоиз, Жанубий Кореяда 23 фоизини ташкил этади.Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳисоб-китобларида акс этган истеъмол саватининг миқдори мамлакатимиздаги киши бошига тўғри келадиган ЯИМнинг 105-110 фоизини ташкил этмоқда. Ушбу сават минимал эмас балки максимал истеъмол савати, дейилса тўғрироқ бўлса керак.

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, истеъмол савати қиймати илмий ёндашувдан йироқ бўлиб, қайта кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ, дейиш мумкин. Нима бўлганда ҳам “чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин” деганларидек ҳамма ўз иши билан шуғулланса, ривожланишга катта ҳисса қўшган бўлар эдик.

Фарҳод Неъматов

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+