Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Болалар боғчалари, санаторийлар, маданият уйлари-бу каби ижтимоий объектлар бизнесга керакми? Улар фойда келтирмайди ва шу билан бирга уларнинг ҳолатини сақлаб қолиш учун доимий сармоя талаб қилинади. Бироқ, “ижтимоий таъминот” бизнесни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эгадир. Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) вакиллари ҳам шу фикрни таъкидлашмоқда.
Дарҳақиқат, ижтимоий инфратузилма компания даромадларининг ўсишига бевосита таъсир қилмайди, аммо у кўп жиҳатдан белгиланган бизнес марраларга эришишни таъминлайдиган ходимлар кайфияти билан чамбарчас боғлиқ. Шу билан бирга, замонавий воқеликда ижтимоий сиёсат ESG кун тартиби доирасида мақсадларга эришишга имкон беради. Шунинг учун ОКМК ҳар йили янги ижтимоий объектларни модернизация қилиш ва қуришга сармоялар миқдорини кўпайтирмоқда.
Маданий дастур
Шуни таъкидлаш керакки, ОКМК нафақат ўз инфратузилмасига эътибор беради, балки ўзига бевосита тегишли бўлмаган объектларга ҳам ҳомийлик қилади. Масалан, бу йил комбинат Тошкент вилояти Паркент тумани Красногорск посёлкасидаги Маданият уйини капитал таъмирлаш учун қарийб 12 миллиард сўм маблағ йўналтирган.
Корхона нафақат маблағ берган, балки "Олмалиқметаллурғқурилиш" трестидан қурувчилар бригадасини ҳам йўллаган, улар ярим йилдан камроқ вақт ичида Маданият уйи қиёфасини ўзгартириш бўйича барча зарур ишларни бажаришган. Бугун унинг тантанали очилиши бўлиб ўтди.
"Лойиҳа шу қадар мураккаб эдики, буни сўз билан айтиш қийин. Бино 1958 йилда қурилган. Ўшандан бери у ҳеч қачон капитал таъмирланмаган. Бироқ, ўйлайманки, биз бунинг уддасидан чиқдик. Етказиб бериш ўз вақтида амалга оширилди, барча ишлар ҳам муддатида бажарилди. Биз ишимиздан мамнунмиз. Маҳалла вакиллари ҳам бизга ўз миннатдорчилигини билдирдилар. Уларнинг айтишича, посёлканинг 70 йиллик тарихида бундай туб ўзгаришлар бўлмаган", – деди "Олмалиқметаллурғқурилиш" устаси Абдуғаффор Абдулазизов.
Маданият уйида тикувчилик, гимнастика ва вокал-инструментал тўгараклар мавжуд, 350 ўринли залда эса шаҳарча аҳолиси учун маданий-оммавий тадбирлар ўтказилади.
"Бизга хоналар ва оқаётган томни таъмирлаб беришди, мавжуд бўлмаган иситиш ва оқава тизимини ўтказдилар, мебеллар янгиланди, замонавий мусиқа аппаратураси ва асбоблар олиб беришди, кутубхона ташкил қилинди. Бизнинг Маданият марказимиз жуда ўзгарди. Бугунги кунда у Тошкент вилоятидаги посёлкалар орасида ягона ҳисобланади. Бу йил Маданият уйи ўзининг 65 йиллигини нишонламоқда. Бизга бундай меҳнат шароитларини яратган комбинатга раҳмат деймиз. Бу энг яхши совғадир", - деди Маданият уйи директори Алишер Абдукаримов.
Шунингдек, ҳозирда посёлка Маданият марказида кўчада чиқишлар ўтказиш учун кўчма саҳна мавжуд. Улкан LED- мониторда эса энг сўнги хабарлар, кўнгилочар видеороликлар, фильмлар намойиш этилади. Туташ ҳудудни ободонлаштириш жараёнида бу ерда янги яшил майдонлар, майсазор, қулай ўриндиқлар, тунги ёритиш, рангли мусиқа фаввораси барпо қилинган.
"Биз посёлкамизга қилинган бундай ажойиб совғадан жуда хурсандмиз. Илгари бино эски ва унинг атрофида бўш, қаровсиз жойлар бор эди. Айни пайтда бу тўлақонли ва замонавий дам олиш масканига айланди. Бу ерга бутун оила билан келиш мумкин, болалар мусиқали фаввора остида рақсга тушишини томоша қилиб, ўриндиқларда бемалол дам олиш имкони мавжуд. Маданият уйи илгари ҳам красногорскликларнинг севимли жойи бўлган, энди эса бу ерда дам олиш икки баравар ёқимлидир", – деди Красногорскда яшовчи аёллардан бири.
Бахтли болалик
Ҳар йили ОКМК ўзининг мактабгача ташкилотлар тизимидаги болалар боғчаларидан бирини капитал таъмирлайди. Бу йил 33-сонли "Эртак" номли болалар боғчасининг навбати келган. У 1985 йилда қурилган ва ҳеч қачон капитал таъмирланмаган. Мактабгача таълим муассасаси раҳбари Елена Абдуллаеванинг сўзларига кўра, жуда катта бунёдкорлик ишлари олиб борилган.
Олдинги болалар боғчасидан том маънода деворлардан бошқа ҳеч нарса қолмаган. Сантехника, ёритиш янгиланган, қўшимча омборхоналар қурилган. Очиқ айвонлар энди болалар учун жисмоний тарбия ўтказиладиган ёпиқ хоналарга айлантирилган. Ҳовлида янги асфальт ва брусчатка ётқизилган, замонавий хавфсиз ўйин мажмуалари ўрнатилган. Ҳовуз майолика билан қопланган. Ёзги эстрада саҳнаси қурилган.
"ОКМК ижтимоий обектларини бошқариш” ва "Олмалиқметаллурғқурилиш" трести қурувчилари барча билдирилган истакларни инобатга олиб, камчиликларни бартараф қилишган. Бугунги кунда амалга оширилган ишлар туфайли муассаса 224танинг ўрнига 336 нафар болани қабул қилишга қодир, яъни иккита қўшимча гуруҳ очилган. Бугунги кунда бу Олмалиқдаги энг катта болалар боғчаси ҳисобланади. Бу жуда яхши, чунки болалар боғчаларига навбат катта",- деди болалар боғчаси мудираси.
Бундан ташқари, эски мебеллар умуман қолмаган, мутлақо ҳаммаси янгиланган, гилам ва пардалар олиб берилган. Ошхонада замонавий газ ва совутиш ускуналари, кир ювиш хонасида янги саноат ва маиший кир ювиш машиналари ўрнатилган. Болаларга янги ривожлантирувчи ўйинчоқлар тухфа қилинган. Болалар боғчаси ҳақиқий эртакга айланган, у ерда қувноқ ва ранг-баранг кайфият беихтиёр кўнгилга кириб боради. Буларнинг барчаси учун комбинат 6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган.
"Мен бу болалар боғчасида унинг очилишидан бери ишлайман. Бугун унга қараб, қувончим юракка сиғмайди. Бизда бугун мавжуд бўлган нарсаларни илгариги билан таққослаб бўлмайди. Жуда чиройли ва қулай. Ҳаммамиз – тарбиячилар ва болаларнинг ота-оналари боғчамизга берилган янги ҳаёти учун жуда миннатдормиз", - деди тарбиячи ва меҳнат фахрийси Диля Эргашевна.
"Ходимлар ҳар қандай корхона учун энг муҳим ҳисобланади ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш уларни сақлаш ва кўпайтиришга ёрдам беради. Бирор киши боласини ким билан қолдиришни ўйламаслиги керак. Боласини болалар боғчасига топширгандан сўнг, у тинчгина ишга бориши ва ўзини унга тўлиқ бағишлаши мумкин. Ахир, у боласи хавфсиз, қорни тўқ экани, унинг ривожланиши билан шуғулланишларини билади. Бу, албатта, ишлашга ва охир-оқибат ишлаб чиқариш кўрсаткичларига таъсир қилади. Ўйлайманки, шунинг учун комбинатга ўзининг ижтимоий инфратузилмасини сақлаб қолиш жуда муҳимдир", – дея хулоса қилди боғча мудираси Елена Абдуллаева.
Саломатликка эътибор
Комбинатнинг тиббий-санитария бўлими (ТСБ) ходимларининг сўзларига кўра, корхона ўтмиши ва бугуни ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Комбинат ушбу муассасани таъмирлаш ва модернизация қилиш учун 13 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган.
1983 йилги бино нафақат янги кўринишга эга бўлган. Ҳозирда бу дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчиларидан олинган ускуналар билан жиҳозланган замонавий тиббиёт муассасаси ҳисобланади, бу ерда диагностика ва даволашнинг янги усуллари қўлланилмоқда. Бундан ташқари, қуёш панеллари ва янги трансформатор, ёритишни ёқиш учун ҳаракат сенсорлари, замонавий лифт ускуналари ўрнатилган.
Муассасада 30 ўринли замонавий стационар касалхона ишга туширилган, йиғилиш зали ва фитобар ташкил этилган. Шунингдек, барча текширувларни ўтказишга қодир лаборатория ускуналари, стационар ва кўчма рентген, мамограф, видеоэндоскоплар, ЛОР комбайн, офтальмологик жиҳозлар хизмат кўрсатмоқда. Келажакда МРТ ва МСКТ аппаратлари сотиб олиниши режалаштирилган.
Бундан ташқари, бугунги кунда ТСБда рақамли клиникага ўтиш, IT - мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган "Электрон навбат" дастурини жорий этиш ва тиббий жиҳозларни умумий маълумотлар алмашиш тармоғига бирлаштириш бўйича жараён жадал давом этмоқда.
"Албатта, ўтмиш ва ҳозирги замонни таққосласак, фарқ жуда катта. Бугунги кунда бизда бор нарсалар илгари йўқ эди. Ер билан осмонча фарқ. Буни тиббиёт ходимлари ҳам, беморлар ҳам таъкидлашади", – деди ОКМК тиббиёт хизмати бошлиғи Абдужаббор Тўхтабоев.
Кадрлар масаласини ҳал қилиш қолмоқда холос. Бугунги кунда ОКМК корхоналарининг 45 минг нафар ходими ва пенсионерларига 350 нафар тиббиёт ходимлари хизмат кўрсатмоқда. Шифокорлар етарли эмас, лекин комбинат тиббиёт хизмати бошлиғи таъкидлаганидек, ТСБга ёш мутахассислар келиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, баҳсли ҳолатлар бўйича ташхисларни тасдиқлаш учун 12 та республика илмий-тиббиёт марказлари мутахассисларини жалб этган ҳолда онлайн диагностика ўтказиш режалаштирилган. Шундай қилиб, беморлар бошқа шаҳарга боришлари, вақт ва пулларини сарфлашлари шарт бўлмай қолади.
Шунингдек, тез орада ОКМК ҳомийлиги туфайли Олмалиқда туманлараро перинатал марказ ҳам ўз эшикларини очади. Ўтган асрнинг 80-йилларида қурилган бинода илгари туғруқхона жойлашган бўлиб, таъмирлашга жуда муҳтож эди.
Лойиҳа устида "Олмалиқметаллурғқурилиш" трести ва тендерда ғолиб чиққан Simvol Servis Stroy компанияси жамоалари ишлаган. Пудратчиларга туғруқхона ҳудудининг барча имкониятларидан фойдаланиш, фарзанд кўраётган аёллар учун ҳам, уларнинг қариндошлари учун ҳам, ходимлар учун ҳам зарур шарт-шароитларни яратиш вазифаси юклатилган.
Бўёқлаш ишларидан ташқари, электрика, сантенхника ва оқава тармоқларини алмаштиришга тўғри келган. Шунингдек, бу ерда Интернет алоқаси ва телефония ўрнатилган, видеокузатув ва ёнғин сигнализацияси тизимлари янгиланган.
Туғруқхона биносига фойе қўшилган, у ерда аёлларнинг қариндошлари учун кутиш зали жойлашган. Бундан ташқари, туғруқхона блоки ва хоналар ўртасида ёпиқ иситиладиган ўтиш йўли қурилган. Энди туғруқдаги аёлларни бир жойдан иккинчи жойга кўчириш кўчанинг нариги томонига ўтиш орқали амалга оширилмайди, илгари совуқ ва ёмон об-ҳаво шароитида бу жуда ноқулай бўлган. Янги ўтиш йўлаги туфайли бу муаммо ўз ечимини топган.
Туташ ҳудуд ҳам тартибга келтирилган, майсазорлар, суғориш тизими, йўл қопламаси таъмирланган, янги ўриндиклар ўрнатилган. Шунингдек, муассаса ихтиёрига янги ускуналар топширилган. Хусусан, кувезлар, яъни, янги туғилган чақалоқлар учун инкубаторлар олиб берилган. Кувезлар бола муддатидан олдин ёки асоратлар билан туғилган ҳолатларга ишлатилади.
Натижада, ётоқ заҳираси кўпайтирилган: агар илгари 70 нафар аёл жойлашиши мумкин бўлса, ҳозирда 100 га яқинини қабул қилиш мумкин. Марказ яқин атрофдаги бешта туман аҳолисига хизмат кўрсатади.
Ҳамкорлик материаллари
Изоҳлар мавжуд емас