Касса ортидаги ҳаёт: ҳар куни коронавирусга  чалиниш хавфи остида бўлган  сотувчи аёлнинг  ҳикояси
Жамият

Касса ортидаги ҳаёт: ҳар куни коронавирусга чалиниш хавфи остида бўлган сотувчи аёлнинг ҳикояси

793

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Бундай одамларга одатда эътибор берилмайди, улар ҳақида ҳеч ким ўйламайди, карантин пайтида эса фаолияти етарлича қадрланмайди. Ҳолбуки, айни кунларда сотувчиларнинг иши айниқса муҳим бўлиб қолмоқда. Улар "хавфли касблар" рўйхатига киритилган ва ҳар куни "ковид"га чалинишлари мумкин.

Сотувчиларни ҳеч ким ишлашга мажбур қилаётгани йўқ, бу уларнинг мустақил танловидир. Аммо шахсий омиллар - пул етишмовчилиги, оилани боқиш ва коммунал тўловларни тўлаш зарурияти ишлашга мажбур қилмоқда.

Ҳар куни уйда қолишга даъват қилинаётган бир пайтда одамлар орасида қолиш қандай бўларкан? Ҳар-бир харидор инфекция тарқатувчиси бўлиши мумкинлигини эътиборга оладиган бўлсак, касса ортида турган сотувчининг кўнглидан нималар ўтса? Batafsil.uz мухбири карантин бошланганидан буён Тошкентдаги энг йирик савдо тармоқларидан бирида иш фаолиятини тўхтатмаган сотувчи аёл билан суҳбатлашди.

Қаҳрамонимиз Зиёданинг савдо соҳасидаги тажрибаси беш йилдан ортиқни ташкил қилмоқда. У бир пайтлар қўшни Қозоғистонда ҳам бўлишга улгурган.

"Магазинда ишлаш жуда қийин, нима юз берганда ҳам ҳар доим сотувчи айбдор. Шунинг учун биз жим туришга ҳаракат қиламиз, ҳар қандай "қайноқ" вазиятни юмшатмоқчи бўламиз. Бир кун давомида кассага албатта уч-тўртта "тажовузкорлар" келишади. Айрим кунлар улар кўпроқ бўлиши мумкин. Улар ўзининг норозичилиги орқали бошқаларни кўзғатишга уринишади. Афсуски, шундай тоифадаги одамлар йўқ эмас. Улар дарҳол шахсиятга ўтиб кетиб, ҳақорат қилишни бошлайдилар",- дейди у.

Унинг сўзларига кўра, карантин пайтида одамлар жуда тажовузкор бўлиб қолишган. Улар келиб касддан баҳона излашади.

"Карантин бошида айниқса оғир бўлди, кун бўйи бошимиз жанжалдан чиқмади. Ўшанда ишга боришдан қўрқардимми? Дастлабки кунларда – ҳа қўрққанман. Доимий равишда қўлларимни ювиб, томоғимни чайиб турдим. Кейинчалик ўзимни қўлга олдим. Барча талабларга риоя этишга ҳаракат қилдим , магазинда ҳам бу борада қаттий назорат ўрнатилган", - деб эслайди у.

Март ойининг ўрталарида маъмурият ҳамма жой ёпилса ҳам, супермаркетлар ишлашни давом эттириши ҳақида огоҳлантирди. Ҳеч ким ишлашга мажбур қилинмади, ҳамманинг ўз ихтиёрига қўйиб берилди. Карантиннинг биринчи ойида, ўзини-ўзи яккалаш режимидан қўрқиб, атиги уч нафар ходим ишни тарк этди. Бироқ, бир неча ҳафта ўтгач қайтиб келишди.

Айни пайтда истеъмолчилар келиб, тинчгина ўз харидларини амалга ошириб кетишмоқда. Жараён оддий тартибда давом этмоқда.

"Дастлабки кунларда магазинга югуриб кириб, “ҳеч нарса қолмади, тезроқ олиб кетишга улгуринг!”, деганлар, қолаверса, суратга тушуриб бошқаларга жўнатганлар ҳам пайдо бўлди. Биз одамларга катта омборимиз борлиги, озиқ-овқат маҳсулотлари заҳираси етарли эканлиги, товарлар йўлда келаётганини тушунтиришга ҳаракат қилдик. Лекин одамларнинг ҳис-туйғуси шунчаки жўш уриб тутардики, уларни тўхтатишнинг мутлақо иложи йўқ эди! Биз ўз вазифамизни бажардик, барчага тезкорлик билан хизмат қилишга, иложи борича мулойим бўлишга ҳаракат қилдик. Иш кунининг якунида эса ҳамкасбларим ҳам, мен ҳам ҳолсиз бўлиб қолардик”, - деди у.

Маъмурият ва менежерлар биз билан ҳар доим залда бўлишди. Улар ҳам иложи борича сотувчиларни тинчлантиришга ҳаракат қилиб туришди. Воқеаларнинг бундай ривожига ҳеч ким тайёр эмас эди.

Карантиннинг биринчи ҳафтасида моллар фура орқали етказиб турилди. Ҳозир эса пандемиядан аввал бўлгани каби, супермаркетга кичик юк машиналари билан маҳсулот олиб келинмоқда. Маҳсулотларни етказиб беришда узилишлар йўқ.

"16 март куни кассада бўлганимда битта одам 10 та дудланган колбаса олганлигини эслайман. Ҳамма ун, гречка, шакарни кўплаб миқдорда олаётганидан ҳайратда қолдим. Менинг ҳайрон бўлганимни кўриб, у шундай деди: "Кейинчалик топа олмаганимиздан кўра, ҳозир музлатиб қўйганимиз маъқул!", - дея ҳикоя қилди суҳбатдошимиз.

Зиёданинг сўзларига кўра, икки кун шу тартибда ишлагандан кейин ўзи ҳам ваҳимага тушиб қолиб, икки қадоқ ҳожатхона қоғозини сотиб олган. Бироқ, олган нарсаси март ойидан бошлаб ҳозиргача уйида турибди.

Доимий дезинфекциялаш, ниқоб ва қўлқопларда ишлашга кўникиш қийин бўлдими, деган саволга у "йўқ" деб жавоб берди. Гўшт маҳсулотлари бўлимида ишлаганлиги учун, бу масалада умуман ҳеч қандай муаммога дуч келмаган. У ерда пандемиядан олдин ҳам иш шу тартибда ташкил этилган, мунтазам равишда хлордан фойдаланиб келинган, ойналар доимо ювиб келинган. Санитария-эпидемиология талабларининг кучайиши шароитида ишлаш қийинлашмаган.

"Одамлар билан мулоқот қилиш янада мураккаблашди. Биз учун биринчи ва энг оғриқли мавзу - бу ижтимоий масофани сақлашдир. Гарчи магазинга одамлар чекланган сонда киритилсада, улар барибир касса ёнида тўпланишади. Ижтимоий масофа чизиқларига қарамай, бир-бирларига яқин туришади», - дея таъкидлади Зиёда.

Харидорларнинг ўзини-ўзи идора қила олмаслиги ва мулоқот қилишга интилишлари ҳам биз учун катта муаммо туғдиради.

"Шундай вазият бўлган. Дўконимизга бир одам келди. Бизда қатъий қоидалар амал қилмоқда, кириш жойида термометр билан туришади, ҳарорат ўлчанади, биринчи кунларданоқ бир марта ишлатиладиган қўлқопларни тарқатиб келмоқдамиз. У текширувдан муваффақиятли ўтиб, дўконга кириши билан тўхтовсиз акса уришни бошлади! Қарабсизки, яқин атрофда турганларнинг барчаси тўрт томонга қочиб кетди. Биз унга тезроқ харид қилиши ва чиқиб кетиши учун ёрдам бермоқчи эдик. Шу заҳоти у биз билан суҳбатлашмоқчи бўлди. Касса ёнида ҳам саволлар бера бошлади. Хавф ҳудудида ишлаётганимиз ва айни дамда самимий суҳбатга тайёр эмаслигимизни одамларга қандай тушунтириш мумкин? Аммо жавоб бермасликка ҳаққимиз йўқ! Яхшиямки, кассада ойнали тўсиқлар ўрнатилган. Илгари шу ҳам йўқ эди. Айтганча, баъзилар ҳатто бирон бир масалага аниқлик киритиш учун ойнали тўсиқдан ўтишга ҳаракат қилишади "- деди у.

Зиёда аслида таъби нозик эканлигини тан олди. Илгари, яъни карантиндан олдин мижозлар бармоқларига тупуриб пулни қандай қилиб санаганликлари бугун табассум билан эсга олинмоқда. Уларнинг тупуклари тўрт томонга сачраб кетарди. Хайриятки, ҳозирда пластик қўлқопларда бундай қилишнинг иложи йўқ. Шунингдек, илгари одамлар бирон-бир танишини учратиб қолишса, у билан кассанинг ёнида қучоқлашиб кўришар эдилар.

Зиёданинг таъкидлашича, карантин даврида одамлар озиқ-овқат ва маиший кимё маҳсулотларини кам харид қилишаётгани йўқ.

"Истеъмол саватчаси ўзгармади. Супермаркетимиз мавзеда жойлашганлиги учун ҳар куни 1500 кишигача харидор ташриф буюради. Улар ҳар доимгидек маҳсулот олишмоқда. Мазали ва ширин, дудланган маҳсулотлар, чипслар, газланган ичимликлар ва бошқа биринчи эҳтиёж маҳсулотларидан ҳеч ким воз кечгани йўқ”, - деди у.

Албатта, тўрт ойлик карантин даврида одамларнинг ҳаёт тарзи ва магазин ходимларининг ишида кескин ўзгаришлар юз берди. Биз ҳам, сотувчилар ҳам кўп нарсага кўникиб қолдик, янги воқелик ритмига ўргандик. Умид қиламанки, тўпланган тажриба юзага келадиган барча муаммоларни бир-биримизга бўлган ҳурмат руҳида ҳал қилиш кўмаклашади. Илгари қандай харид қилганимизни эслаб юрамиз.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+