Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда 1–30 ноябрь кунлари ички туризмни ривожлантириш ва кексалар учун қулай шароит яратиш мақсадида бир қатор чегирмалар жорий этилди. Бу даврда турар жой, транспорт ва маданий мерос объектларига кириш хизматларида махсус имтиёзлар амал қилади.
Хусусан, мамлакат бўйлаб меҳмонхоналарда 20% гача чегирмалар тақдим этилади.
"Uzbekistan Airways" эркаклар учун 60 ёшдан, аёллар учун 55 ёшдан ошган йўловчиларга 1–30 ноябрь кунлари ички йўналишлардаги барча эконом-класс чипталарига 15% гача чегирма эълон қилди.
"Ўзбекистон темир йўллари" эса шу тоифадаги фуқароларга барча ички йўналишлардаги (тезкор "Афросиёб"дан ташқари) поездлар тариф нархининг 20% миқдорида чегирма тақдим этади.
Маданият мероси агентлиги тасарруфидаги давлат музейлари ва маданий мерос объектларига кириш чипталарига 10% гача, "Вақф" жамоат хайрия фонди бошқарувидаги зиёратгоҳларга ташрифлар учун эса 20% гача чегирмалар белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда кам таъминланган оилалар фарзандлари қатнашадиган қўшимча ўқув машғулотлари нархининг 80% гача давлат томонидан қоплаб берилиши маълум қилинганди. Бу ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан жорий этилган бўлиб, қўшимча таълим имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Изоҳлар мавжуд емас