Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Мана бир йилдирки, пойтахт метроси ижтимоий тармоқлар ва ОАВнинг диққат марказидан ўрин олиб келмоқда. Метро томидан сув оққанлиги, поездларнинг тўхтагани ва тўқнашгани, рельслар бўйлаб одамларнинг сайр қилгани, вагонда тўй нишонлагани, янги Сергели йўналишида рельслар ишдан чиққанлиги барчанинг ёдида. Бу янгиликлардан сўнг мутахассис етишмаслиги, буларнинг барчаси уюштирилгани ва ҳаттоки, яқинда метро хусусийлаштирилиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқала бошланди.
Batafsil.uz.мухбири юқоридаги саволларга жавоб олиш ва метронинг келажаги ҳақида билиш мақсадида Тошкент метрополитенининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассиси Илхом Қосимовга мурожаат қилди. Унинг таъкидлашича, метро хусусийлаштирилмайди, метро бўйича янгиликларнинг тобора юзага чиқиши эса кишиларнинг хайпга интилиши натижасида келиб чиқмоқда. Сабаби – илгари ҳам бундай ҳодисалар бўлиб турган. Лекин ҳеч ким буни суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирмаган.
– Сўнгги пайтларда метрода турли ҳолатлар тез-тез содир бўлмоқда. Янги Сергели линиясида бузилиш, поездлар тўқнашуви, поездларнинг тўхтаб қолиши, электрдаги узилишлари, рельслар бўйлаб айланиб юрган одамлар, поезднинг очиқ эшиклар билан ҳаракатланиши, томдан сув оқиши, вагонда ўтказилган тўй бунга мисол бўла олади. Сабаби нимада?
- Тўғри, янги объект қабул қилиниши биланоқ, носозлик келиб чиқди. Нима ҳам дердик? Бу техника. Ҳамма нарса бўлиши мумкин.
Поездлар тўқнашуви эса инсон омили туфайли содир бўлган. Олдинда бўлган поезд машинисти темир йўлда бегона буюмни кўриб қолиб, тўхтаган. Унинг ортидан келаётган поездга огоҳлантириш сигнали берилган бўлсада, машинист буни эътиборсиз қолдирган. Шу туфайли у ишдан бўшатилди.
Электр токида узилишга келсак, рельсларга ва бекатга алоҳида ток узатилади. Ток рельсларга узлуксиз етказиб берилади ва поездларни тўхтатишга ҳаққимиз йўқ. Шаҳар электр подстанцияларида умумий носозликлар содир бўлганда бекатларда ҳам электр энергияси ўчирилади. Агар эътибор берган бўлсангиз, эски бекатларга ёруғлик ўчсада, унинг таъминоти метронинг ўз электр подстанциялари ҳисобига 1 дақиқа ичида қайта тикланади. Янги бекатларда айни пайтда шу каби авария генераторларини ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда.
Очиқ эшиги билан ҳаракатланган поезд тезда йўлдан олинган ва диагностика учун депога жўнатилган. Клапаннинг қисқа туташуви туфайли эшик ёпилмай қолган. Бу борада ҳар бир вагонда машинист билан алоқага чиқиш учун иккита тугма борлигини эслатиб ўтмоқчиман. Лекин негадир ҳеч ким бу носозлик ҳақида хабар бермаган. Фуқаролардан ўз хавфсизлигини эътиборсиз қолдирмасликни ва берилган имкониятлардан фойдаланишларини сўраймиз.
Таъкилаб ўтмоқчиманки, йўловчилар томонидан доимий механик таъсир қилиш туфайли клапан туташган. Яъни, эшикларга босим ўтказиш ёки уларни ушлаб туришга уринишлар йўқ эмас. Шунинг учун эшикларнинг ёпилишга тўсиқлик килмасликни сўраб қоламиз. Биринчидан, бу ҳолат поезднинг ҳаракатланиш жадвалини бузади, иккинчидан, шу каби носозликларга олиб келади. Агар вагонга чиқишга улгурмай қолсангиз, зарари йўқ -кейинги поезд бир неча дақиқа ичида келади. Агар дўстларингиздан ортда қолсангиз ҳам, бу ҳам қўрқинчли эмас- ахир улар билан келишилган манзилда учрашиш мумкин.
Томдан оқаётган ер ости ва ёмғир сувлари одатий ҳол ҳисобланади. Бу муаммолар кўп йиллар олдин лойиҳада кўзда тутилган. Бизда доимий ишлайдиган ва ортиқча сувни чиқарадиган сув насос станциялари мавжуд. Аммо ёзда суғориш натижасида ҳосил бўладиган сув пойтахт кўчаларидан ҳам сизиб ўтади ва бугунги кунда бу айниқса муҳим масаладир. Чунки айрим янги иншоотлардаги суғориш тизими метро ер ости йўлакларининг жойлашишини ҳисобга олмайди. Ҳар йили оқиш янги жойларда пайдо бўлади, лекин биз ҳамма нарсани тезда бартараф қилиш учун ҳаракат қилаяпмиз, режалаштирилган ва режадан ташқари таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ўтган йили Абдулла Қодирий бекатида (бекатнинг ўтиш жойида доимий равишда суғориш сувлари ўтади, бу расмлар Интернетга жойлаштирилган) йирик таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, гидрофоб материаллар ва металл қопламалар ёрдамида тузатилди.
Шов-шувга сабаб бўлган "метродаги тўй" алоҳида масала. Метрополитен қоидаларига кўра, йўловчилар белгиланган параметрларга мос келса, ногабарит юкларни ҳам олиб юриш ҳуқуқига эга. Метро - бу ташувчи ва биз йўловчига хизмат кўрсатишни рад эта олмаймиз. "Келин куёв- блоггерлар" масаласига келадиган бўлсак, улар шунчаки вазиятдан фойдаланишган, аммо тегишли тартибда жазосини олиб бўлган. Бу ерда шуни таъкидламоқчиманки, биз фильмни суратга олишга қарши эмасмиз, аммо тадбир қоидали ва маданиятга мос тарзда ўтказилиши керак.
Ноадекват йўловчиларга тўхталсак, биз маст ҳолдаги ёки наркотик моддаларни истеъмол қилган кишини метрога қўймаймиз. Ўзини –ўзи идора қила олмайдиган киши рельслар устига тушиб кетиши мумкин. Шунингдек, тез аланга олувчи буюмларни ҳам олиб ўтиш тақиқланади. Гелий солинган пуфаклар портласа, метрополиет сигналларига халақит қилади. Вагон тутқичларига оёғи билан осилган, эскалаторнинг тескари йўналиши бўйлаб югурадиган, қандайдир қоғозларни отишга уринганларни гапирмаса ҳам бўлади. Буларнинг барчасини изоҳлашга ҳожат йўқ. Мабодо кимдир метрода видео суратга олмоқчи бўлса, бизга расман мурожаат қилиши мумкин (ҳар қалай метро – тоифаланган объект ҳисобланади), биз буни қўриб чиқамиз ва жараёнга ёрдам берамиз.
- Интернет фойдаланувчиларининг ёзишича, аксарият нохуш ҳолатлар кадрлар малакаси билан боғлиқ, яхши мутахассислар қолмаган эмиш. Кимдир бу каби ҳолатларни уюштирилган деб, ер ости транспорт тизимини ишдан чиққанлиги кўрсатиш учун қилиниши, ислоҳотларни амалга ошириш ва корхонани хусусийлаштириш зарурияти ҳақида таъкидламоқда. Бунга нима дейсиз?
- Метрополитенда қарийб 4 минг киши меҳнат қилиб, кадрлар малакасини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Ходимлар учун ҳар ҳафта техник машғулотлар ўтказилади ва курс тугагандан сўнг ҳар чорак охирида аттестация ташкил этилади ва бунинг учун махсус комиссия йиғилади. Кадрлар учун қайта тайёрлаш курслари мавжуд, раҳбарият ҳам йиллик аттестациядан ўтади.
Ишга олишда, суҳбат билан бирга имтиҳон ҳам ўтказилади, ундан ўтган тақдирда янги ходим ўз вазифаларини бажаришдан олдин қисқа ўқув курсини ўқийди. Машинистлар жуда жиддий тайёргарликдан ўтади. Улар энг пастдан - чилангар, механик, ёрдамчи ҳайдовчи лавозимларидан ишни бошлаб, аста-секин поезд тузилиши ва унинг барча тизимларини ўрганадилар. Ҳайдовчи якуний аттестациядан кейин ва инструктор назорати остида йўловчиларсиз биринчи синов ҳайдашни амалга оширади. Бирор киши шунчаки поездни бошқаришга қўйилмайди.
Хусусийлаштиришга келадиган бўлсак, ҳеч ким метрони хусусий қўлга топширмайди. Чунки у тоифаланган объект ҳисобланиб, унда ер ости ва усти иншоотлар мавжуд. Унга хизмат кўрсатиш учун кенг доирадаги мутахассислар жалб этилади. Хусусийлаштириладиган бўлса, бу имкониятларни сафарбар қилиш мураккаб бўлади. Шуни ҳисобга олиб, метро доимо давлат объекти бўлиб қолади.
Кейинги ойларда кузатганимиз - хайп тўлқини бўлса керак. Метро тарихида кўп нарса содир бўлган. Лекин илгари буни суратга олиб, тармоққа қўйишни ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган. Бирор нарса тушунарсиз бўлса, одамлар келиб сўрашган, тўғридан-тўғри ўз эътирозларини билдиришган. Сир эмаски, илгари ҳар қандай суратга олиш тақиқланган эди. Ҳозир нима бўлаяпти? Деярли ҳар бир кишининг қўлида камерали телефон бор, одамлар кетма-кет ҳамма нарсани суратга олишмоқда... “Космонавтлар” бекатидаги қаровсиз қолдирилган сумка билан боғлиқ воқеани эсланг. Ўшанда одамлар ваҳима кўтаришди, Интернет изоҳларга тўлиб кетди. Билмаганлар у ерда ёнғин чиқди, деб ўйлашган бўлса, ажаб эмас.
- Дарвоқе, эгасиз топилган буюмларнинг кейинги тақдири нима бўлади?
- Шубҳали буюмлар аниқланган тақдирда бизда махсус кўрсатмалар мавжуд. Барча йўловчилар вагондан чиқарилиб, махсус тезкор гуруҳ (МТГ)ни чақирамиз. Улар томонидан олиб келинган ва ўргатилган ит портловчи моддалар ва наркотик моддалар бор-йўқлигини текшириб беради.
Сўнгра бўш вагонлар махсус гуруҳ билан бошқа жойга олиб борилади, топилган буюм янада чуқурроқ текширилади. Ҳа, ички ишлар ходимлари метрога кираверишда сумкаларни кўздан кечиришади, аммо бу юзаки текширув – йўловчиларнинг буюмларини кавлаштиришга уларнинг ҳаққи йўқ. Қолаверса, сумкада наркотик моддалар ҳам бўлиши мумкин. Металлодетектор эса наркотик моддаларни аниқлай олмайди.
Агарда қолдирилган буюмда муаммо бўлмаса, тегишли тартибда далолатнома тузилади ва у метро бекатида ёки депода сақланади, бу учун махсус сақлаш хоналари ажартилган. Баъзи нарсаларнинг эгаси топилиб келади. Айрим нарслар шу ерда қолиб кетади. Бизда катта тўплам шаклланган. Айрим пайтда киши чипта учун пластик картадан пул тўлаб, чиптани олиб югуриб кетади. Карта эса қолади. Эгасини топиш учун тижорат бўлими банк билан боғланиб, карта эгаси ва қолдирилган жой ҳақида маълум қилади. Хуллас, бизда ҳеч нарса йўқолмайди. Олиб сақланади холос.
– Юзни таниб олувчи камералар, портловчи моддалар ва қуролларни аниқлаш учун махсус рамкалар оммавий равишда ўрнатиладими?
– Агар топшириқ берилса, бундай қурилмалар ўрнатилади. Бу бизга боғлиқ эмас. Ҳозир бизда видеокузатув тизими мавжуд – барча метро бекатлари ва поезд вагонлари камералар билан жиҳозланган. Улар туфайли керакли йўловчиларни топамиз. Яқинда қизларнинг телефонларини ўғирлаган киши қўлга тушди. Уни камералар орқали топишди, суд бўлди. Метро кузатувсиз қолмайди, биз ҳамма нарсани диққат билан кузатамиз.
- Метрополитен ўз харажатларини қоплайдими ёки дотацияда яшайдими? Бекатлар ва вагонлардаги рекламадан фойда борми?
- МДҲ мамлакатларида ҳар қандай метро давлат дотациялари ҳисобидан яшайди. Кўпчилик тўланадиган 1400 сўм эвазига метро ўзини қоплайди, деб ўйлайди. Йўқ. Биргина электроэнергия харажатларнинг катта қисмини ташкил қилади. Бундан ташқари, поездларни сақлаш, ишлатиш ва таъмирлаш, ходимларга иш ҳақи тўлаш ва бошқа харажатлар ҳам мавжуд. Ҳа, рекламадан олинган даромад бизга ёрдам беради. Бу бизга давлатдан қўшимча пул олмаслик ва метрони яхшилаш харажатларининг бир қисмини қоплаш имконини беради.
– Бугунги кунда пойтахт метросида ўтган йилларга нисбатан қанча одам ташилади?
- Албатта, кўрсаткичлар ўсмоқда. Агар илгари кундалик ташиш кунига 150-180 минг йўловчини ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтда бу кўрсаткич 300 минг атрофида. Бунга янги йўналишларнинг очилиши сезиларли таъсир кўрсатди. Қуйлиқдан катта оқим келади, Сергели йўналиши ҳозир ҳам жуда тиғиз. Сергелида кўп қаватли турар-жой биноларига эга бир неча янги туманлар бунёд этилди. У ерда яшовчи одамларнинг шаҳар марказига бориши эса анча қулайлашди. Чунки ҳамманинг ҳам машинаси йўқ, бундан ташқари, Сергелига/дан олиб борувчи асосий автомагистралда катта тирбандликлар бор.
– Жорий йилда ер ости транспорт тизимини қандай ўзгаришлар кутмоқда? Метрони ТТЗгача кенгайтириш режалари нима бўлди? Шунингдек, Сергели метро йўналишини "Нурафшон"гача, шунингдек, Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига ҳам узайтирилиши ҳақидаги маълумотлар бор эди. Юнусобод йўналишидаги битта бекатни "Учқаҳрамон" айланмасига олиб бориш таклифи ҳақида нима дейсиз?
- Агар эътибор берган бўлсангиз, эски поездлар жуда кам қолган, биз аста-секин уларни янгилаяпмиз. Йўловчи вагонларни қуриш ва капитал таъмирлаш бўйича Тошкент заводи билан келишувимиз мавжуд. У ерда вагонлар тўлиқ таъмирланади ва янгитдан жиҳозланади.
Албатта, янги поездлар ҳам олиб келинмоқда. Август ойида Россиядаги “Метровагонмаш”дан бешта янги поезд келиши кутилмоқда (эҳтимол, улар энг серқатнов Чилонзор йўналишига қўйилса керак), режага кўра яна бешта поезд декабрь ойида етиб келади.
Айни майтда метрополитен энг жадал ривожланаётган транспорт объекти ҳисобланади. Бунга нафақат янги поездларни сотиб олиш, балки янги йўналишларни қуриш ҳам киради. Ҳозир Қуйлиқдан Хонобод орқали Сергелига йўналиш ўтказяпмиз. Чилонзор йўналишини ТТЗгача кенгайтириш, метрони Қорақамишгача олиб бориш режаларимиз бор. Буларнинг барчаси босқичма-босқич амалга оширилишига ишонаман. Лекин биз фақат фойдаланиш билан шуғулланамиз. Шунинг учун қурилиш масаласини “Ўзбекистон темир йўллари” ёки Транспорт вазирлигидан сўраган маъқул.
Юқоридагилар баробарида маршрут қуриш учун махсус инфокиосклар ўрнатиш, бекатларни телефон учун қувватловчи мосламалар билан жиҳозлаш, метро музейини очиш ниятимиз бор . Интернет маконида ҳам фаол ривожланаяпмиз: ҳозирда Тошкент метросининг расмий веб-сайтини ишлаб чиқаяпмиз, ижтимоий тармоқларда саҳифалар очаяпмиз. Биз Instagramда ҳам бор, марҳамат, агар метро фаолияти ҳақида изоҳ ёки таклифлар бўлса, тўғридан-тўғри ёзишингиз мумкин.
- Яқин 10 йилда метрони ривожлантириш режаси борми? Бу масалада қайси давлатлар тажрибасига таянасиз?
– Умуман, бошқа мамлакатлардаги янгиликларни кузатиб бораяпмиз. Жумладан, биз МДҲ Mетро Уюшмасига аъзо бўлиб, ҳар йили маълум янгиликларни кўриб чиқадиган анжуманларда иштирок этамиз. Мисол учун, Латвияда жуда қизиқарли нарса жорий этилган. У ерда махсус қурилма ўрнатилган ва ўтириб-туриш машқини бажариш учун чиптани қўлга киритиш мумкин.
Режалаштириш билан метронинг техник бўлими шуғулланади, режалар бир йилга тузилади. Келажакда айнан нима бўлишини аниқ айта олмайман. Лекин янги бекатлар бўлиши аниқ, чунки Тошкент шаҳри кенгаймоқда, яқин атрофдаги туманларнинг айрим қисмларини пойтахтга улаш бўйича режалар мавжуд. Шунга мувофиқ, поездлар босқичма-босқич алмаштирилади ва кенгайтирилади, навигация янгиланади. Эҳтимол, бошқа автоматлаштирилган тўлов тизимлари ишлаб чиқилар, эртага қандай технология пайдо бўлишини ҳеч ким билмайди, аммо замон билан ҳамнафас бўлиш учун биз унга мослашамиз. Янада жозибадор реклама қилишга интиламиз.
- Нега учта эскалатордан доимо фақат иккитаси ишлайди? Нима учун метрода ҳожатхоналар йўқ, айрим бекатларда йўл кўрсатувчи белгилар ўрнатилмаган? Шунингдек, нима сабабдан вагонлардаги динамиклардан доимо хириллайдиган товуш келади ва ҳаракатланишда металнинг сирпаниши эшитилади?
- Учинчи эсклатор тиғиз пайтда ёқилади ва навбатчи томонидан назорат қилинади. Бўш эскалаторни ёқиб қўйиш зарар. Биринчидан – электр токи беҳуда сарфланса, иккинчидан эҳтиёт қисмлари тез ишдан чиқади. Метро тоифаланган объект ҳисобланади, шунинг учун ҳожатхоналар назарда тутилмаган. Бегоналарнинг ички хоналарга киришига рухсат этилмайди, у ерда махсус ускуналар жойлашган. Ўтиш жойларида эса ҳожатхоналар ўрнатиш ноқулай. Шаҳар ҳокимияти бекатлар яқинида уларни ўрнатиш ҳақида ўйлаб кўрса, яхши бўларди.
Йўл кўрсаткичларига келадиган бўлсак, бўлинмаларимиздан бири янги бекатлар учун навигация масаласи билан шуғулланаяпти. Туристик оқимнинг ошиши муносабати билан биз учта тилда, жумладан инглиз тилида ҳам маълумот жойлаштиришимиз керак. Барча навигацияни ўзгартириш катта маблағ талаб этади. Бундан ташқари, янги алифбонинг жорий этилиши кутилмоқда. Келажакда янги бекатлар қурилади. Барча масалалар ҳал бўлгач, бу борадаги ишларни янада фаоллаштирамиз.
Металлнинг сирпаниш товушига ҳозирча эътибор бермаслик керак. Янги рельс ва поездларнинг бир-бирига мослашиш жараёни кетмоқда. Вақт ўтиши биланоқ, бу йўқолади. Динамиклар ҳам капитал таъмирлаш ишлари давомида янгисига алмаштирилмоқда.
- Янги бекатларга "Бекат 1", "Бекат 2” номлари берилган. Фантазия тугаганга ўхшайди..
– Янги бекатлар номларини ўзимиз қўя олмаймиз, бу билан ҳокимлик ҳузуридаги махсус комиссия шуғулланади. Умид қиламизки, "Бекат 1" ва бошқа шу каби номлар мазмунлиларга ўзгартирилади. Эҳтимол, бу фақат янги метро объектларини қуриш бўйича барча ишлар тугагандан сўнг бўлиши мумкин. Дарвоқе, одамлар ва турли ташкилотлар ўз вариантларини таклиф қилишмоқда. Ўзимизнинг ҳам айрим фикрларимиз бор.
– Янги бекатларда платформа четида махсус туртиб чиққан жойлар бор. Бу кўзи ожиз ёки кўришда муаммолари бор кишиларга мўлжалланганини биламиз. Бошқа бекатларда ҳам бу жорий қилинадими? Умуман олганда, имконияти чекланган одамлар учун метрода яна нималар режалаштирилган?
- Эски бекатларда ҳам шунга ўхшаш чора-тадбирлар кўзда тутилган. Фақат улар қурилганда, бошқа стандартлар мавжуд эди. Платформанинг қирралари сирпанишга қарши гранит билан тугаган ва очиқ сариқ чизиқ билан жиҳозланган (кўришда муммолари бўлган кишилар фақат сариқ рангни кўра олади). Бу иш албатта янги бекатларда давом эттирилади.
Ногиронларнинг бошқа тоифалари учун янги бекатларда лифтлар назарда тутилган, аммо эски шароитларда янги имкониятлар яратиш бироз муаммоли. Биз бу масалани кўтармоқдамиз, у кўриб чиқилмоқда. Чунки бу муаммолар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ҳал қилиниши лозим: кўп нарсаларни ўзгартириш керак бўлади ва бу катта харажат билан боғлиқ. Якка ўзимиз буни буни қила олмаймиз.
Лекин айтишим керакки, метрополитенда ҳар доим ногиронларга яхши муносабат қилиб келинган. Ички қоидаларга кўра, ходимларимиз махсус йўловчини кузатиб, унинг манзилини билиб олишлари, вагонга ўтқизишлари, йўловчининг манзил бекатидаги ҳамкасбига барча маълумотларни етказиши шарт.
– Транспорт карточкалари кассалардаги навбатлар муаммосини ҳал қилишга ёрдам бердими?
- Ҳа, бу жуда катта ёрдам берди. Одамлар бундан тўғри фойдаланиш ва балансини ўз вақтида тўлдириб бориш қанчалик қулай эканлигини тушуниб етишди.
- Аввалроқ Тошкент автобусларида йўл ҳақи учун масофага қараб табақалаштирилган тўлов тизими жорий этилиши ҳақида хабар берилган эди. Биламизки, бу лойиҳа метрога тегишли эмас . Нима учун?
– Биз ҳам бошқа давлатлар тажрибасига мувофиқ, табақалаштирилган тўлов бўйича таклифларимизни тайёрладик. Баъзи хорижий мамлакатларда турникетлар кираверишда ҳам, чиқишда ҳам ўрнатилган, бу чора сафар масофасини қайд этиш имконини беради. Бошқаларида эса чипта маълум вақтга берилади. Ушбу тизим жуда эҳтиёткорлик билан кўриб чиқишни, инфратузилмадаг катта ўзгаришларни талаб қилади. Бундай тизимни автобусларда амалга ошириш анча осонроқ.
- Айни пайтда метрода Ucell ва SolaFree ишламоқда. Метрода мобиль ва Интернет алоқа хизматларини кенгайтириш бўйича режалар борми?
- Алоқа янада ривожланади. Ҳозирда Ucell ва SolaFree биринчилардан бўлишди. Ушбу компанияларнинг ўзлари метро ҳудудида тармоқни жойлаштириш таклифи билан келишди ва бунга маъмурият рози бўлди. Бу йўловчиларнинг йўлда вақтни унумли ўтказиш учун жуда яхши имкониятдир. Айни пайтда бошқа мобиль алоқа операторлари билан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан музокаралар олиб борилмоқда.
– Чилонзор ва Ўзбекистон йўналишларида қандай профилактика ишлари олиб борилмоқда. Ахир бу учун уларнинг ҳаракатланиш вақти қисқартирилдику?
– Текширувларнинг махсус жадвалини туздик. Агар илгари режага мувофиқ текшириш ойда бир марта ўтказилган бўлса, энди ҳар ҳафтада амалга оширилмоқда. Одатда, охирги поезд йўлга чиққандан кейин тунги соат бирда рельсларга ток узатиш тўхтайди. Тунги смена ва метрода зарур ишлар тугаши билан, биринчи синов поезди эрталаб тўрт яримда йўлнинг ҳолатини текшириб чиқади. Шундай қилиб, тегишли мутахассислар томонидан барча рельслар ва шпалалар текшириш, карбонат ангидрид бўйича ҳаво ўлчовини олиш, поезд ҳолатини текшириш учун бор-йўғи 3 соат қоларди. Муаммолар аниқланадиган бўлса, уларни бартараф этиш учун мутахассислар чақириларди. Лекин ўша пайтда жами 29та бекат бўлганлиги боис, ҳаммасига улгурганмиз. Ҳозирда эса бекатлар сони 43 тага етган, километраж ва поездлар сони кўпайди. Шу муносабат билан технологик ойнани 23: 00 дан 06: 00 гача узайтириш эҳтиёжи юзага келди.
Изоҳлар мавжуд емас