Загрузка
Загрузка
Классика и бестселлерлар. Нима учун Ўзбекистонда рус тилидаги китоблар оммабоп бўлиб бормоқда?
Жамият

Классика и бестселлерлар. Нима учун Ўзбекистонда рус тилидаги китоблар оммабоп бўлиб бормоқда?

640
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Аббос Холмуродовнинг Тошкент марказида ўз китоб дўкони бор. Бундан ташқари, у акаси билан биргаликда Россия нашриётлари китобларини расмий равишда тарқатиш билан шуғулланмоқда. Барча олиб келинаётган китоблар рус тилида бўлиб, ёшлар орасида уларга бўлган талаб жуда катта.

Batafsil.uz. мухбири билан суҳбатда ёш тадбиркор қандай қилиб тўғридан-тўғри Россиядан китобларни олиб келишни ташкил қилганини айтиб бериб, нима учун рус тилидаги адабиёт Ўзбекистонда ўз оммабоплигини йўқотмаётгани, мамлакатнинг қайси ҳудудларида кўпроқ рус тилида китоб ўқилиши, бугунги кунда ундан кимлар китоб олиши ва жаҳонда рақамли формат ҳукм сураётган бир пайтда босма маҳсулотлар яшай оладими, деган саволларга жавоб беришга ҳаракат қилди.

Бир неча йил олдин, янги китоб сотиб олиш мумкин бўлган ягона жой Марказий универмаг ва шаҳар марказидаги бир нечта дўконлар эди. Пандемиядан кейин Аббос рус тилидаги китобларни мамлакатга расмий равишда олиб киришни бошлаган. Суҳбатдошимизнинг тан олишича, бунга эришиш осон кечмаган.


Унинг тарихи 2018 йилда бошланган, ўшанда у Тошкент давлат транспорт университетининг талабаси сифатида бир вақтнинг ўзида акаси томонидан ташкил қилинган канцелярия моллари компаниясида ишлаган. Аббос логистика ва таъминотни ўрганиши керак эди. У ҳужжатлар ва жавонлардаги нарсаларни тартибга келтирар экан, одамлар сотувчилардан кўпроқ рус тилидаги китобларни сўрашларини пайқай бошлаган. Уларнинг аксарияти ўша пайтда Тошкентда топиш қийин бўлган бестселлерлар эди.

Талабни ўрганиб чиқиб, улар Россиядан кичик миқдорда китобларни олиб келишни бошлашган. Биринчи харид оддий китоб дўконида бўлган. Ушбу китоблар дарров сотилган. Кейин буюртмалар сони ошган... Бир пайт йигит бу ишни расман ва катта ҳажмларда амалга ошириш керакдир, деб ўйлаб қолган. Аммо Россиядаги нашриётлар билан қандай боғланиш мумкин?

Аббоснинг сўзларига кўра, нашриётлардан китобларни тўғридан – тўғри етказиб беришни йўлга қўйиш қийин бўлган, чунки уларнинг асосий талаби-катта ҳажмда харид қилиш эди. Албатта, бошида йирик партия ҳақида асло ўйланмаган, чунки суҳбатдошимиз бу сондаги китобларга талаб бўлиши ёки бўлмаслигини билмаган. Шунга қарамай, у имкониятдан фойдаланишга қарор қилган. Мамлакатга олиб келинган китобларнинг биринчи расмий партияси тахминан икки тоннани ташкил этган ва кейинчалик бу кўрсаткич ўсишни давом этган. Ҳозир нашриётлардаги ҳар-бир буюртма икки мингга яқин номдан иборат.


Албатта, бу муваффақиятда коронавирус ҳам роль ўйнаган. Пандемия китоб мутолаасини яна машҳур қилди, кўпчилик босма нашрларга қайтди. Агар ўша даврни эсласак, ижтимоий тармоқларда бестселлерларни таклиф қиладиган жуда кўп турли хил онлайн-дўконлар пайдо бўлди. Бироқ, бундай дўконларнинг аксарият қисми лицензияланмаган нусхаларни сотишига кўпчилик эътибор қаратгани йўқ.

"Нусхалар нафақат Ўзбекистон бозорида, балки Россиянинг ўзида ҳам катта муаммо. Бу муаммони бир кунда ҳал қилиб бўлмайди, аммо бу ҳодисага қарши курашиш керак", - деди Аббос.

Бутун пандемиядан кейинги даврда унинг Topar.uz лойиҳаси етказиб бериш бўйича фаолият юритган. Ўшанда дўкон онлайн тарзда ишлаган. 2021 йилда Аббос Холмуродов кичик дўкон очган ва 2022 йилда каттароқ ва шаҳар марказида жойлашган янгисига кўчиб ўтган. Дарвоқе, бу ерда нафақат ноёб нашрларни сотиб олиш ёки буюртма қилиш, балки бепул китоб ўқиш, шунингдек иссиқ кофе ичиш мумкин.


"Мен ушбу концепцияни битта видеода кўрдим, бу формат мамлакатимизда ҳали амал қилмайди. Энг муҳими, бу мижозларимизга маъқул келди. Бу ерда қанча ёшлар борлигини ўзингиз кўришингиз мумкин", - деди суҳбатдошимимиз. Пастга тушганимда, у ерда китобларга тўла бир нечта жавонлар борлиги, у ерда бир гуруҳ қизларни кўриб қолдим.

Аббосни тинглар эканман, унинг гапларидан чин дилдан ҳайратландим: ахир одамлар аллақачон китоб ўқимай қўйган, деб ўйлардим. Мактаб ва ОТМ ўқитувчилари ҳам доим ёшларнинг на ўзбек тилида, на рус тилида китоб ўқимаслигидан шикоят қилишади.

"Бу ҳақиқатан ҳам жуда катта муаммо. Мамлакатимиз миқёсида китобхонлар сони ҳали оз. Бир мисол келтираман. Бир гал таксидан чиқиб, йигитга дўкондан бепул китоб танлашни таклиф қилдим. У кўнмади. "Бунинг нима кераги бор?"- деди у менга. Биз одамларнинг фикрини ўзгартира олмаймиз, лекин уларни ҳаракатга - китоб олиб, бирор нарсани ўқишга ундашимиз мумкин. Ҳозирда бу борада жуда фаол иш олиб бораяпмиз", - деди Аббос.


Унинг дўконида ижтимоий тармоқлар орқали одамларнинг эътиборини китобларга жалб қилиш учун турли акциялар, танловлар ўтказилади. Шу билан бирга, ўзбекистонликлар нимани ўқишни афзал кўриши ўрганиб борилади.

"Китоб ўқийдиган киши турли хил ҳис-туйғуларни бошдан кечиради ва бу маълум маънода бир завқдир. Умуман ўқимайдиганлар бу ҳис-туйғуларни сезмайди, уларга ҳаттоки буни тушунтириб ҳам бўлмайди. Аммо атрофимизда айнан шу каби тажрибаларни, билимни севадиган, яхшироқ бўлишга интиладиганлар жамланади", - деди Холмуродов.

Мамлакат ҳудудларида рус адабиёти ўқиладими, деган саволимга у ижобий жавоб берди. Пойтахтдан ташқари энг кўп китоб ўқиладиган шаҳарлар қаторида Самарқанд, Бухоро, Қўқон, Андижон ва Урганчни санаб ўтди. Етказиб бериш хизмати кўпинча ушбу йўналишларда ишлайди.

Харидорлар орасида бадиий адабиёт энг оммабоп бўлиб қолмоқда. Кейин психология ва мотивацион китоблар туради. Техник, тарихий, иқтисодий, тиббий ва илмий-оммабоп адабиётларга келсак, бундай нашрлар буюртма асосида етказиб берилади. Улар ҳали ҳам китоб жавонларида жуда кам учрайди. Бу ерда асосий муаммо - уларнинг юқори нархи ва талабнинг пастлигидир. Бу каби адабиёт ўзига хос бўлсада, лекин Ўзбекистонда топиш мумкин.


Сўнгги йилларда мамлакатда йирик чакана савдо дўконлари пайдо бўлди, улар асосан Россиядан келтирилган китоб маҳсулотларини таклиф қилишади. Бугунги кунда деярли ҳар бир савдо марказида рус тилидаги китоблар мавжуд.

"Биз уларни китоблар билан таъминлаймиз, кўпчилик биз билан ишлайди. Мижозларимиз орасида Марказий Универсал дўкон яқинидаги китоб дўконларида савдо қиладиганлар ҳам бор. Рус тилидаги китоблар харидоргир эканини кўриб турибмиз", - деди Аббос. Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, шундай бир парадоксал ҳолат юзага келганки, аҳолининг аксарияти ўзбек тилида сўзлашсада, рус тилидаги китобларга талаб жуда юқори. Демак, бу дегани - тил нафақат Тошкент шаҳрида, балки вилоятларда ҳам яшамоқда ва ривожланмоқда.

"Бир томондан бу яхши, лекин иккинчи томондан - ўзбек тилидаги китоблар билан боғлиқ бўшлиқларимиз борлиги аён бўлмоқда", - дея изоҳлайди у.

Китоб дўконларининг асосий аудиториясини 18 ёшдан 26 ёшгача бўлган одамлар, асосан ОТМларда таҳсил олаётган ёшлар ташкил этади. Рус тилидаги адабиётга бўлган талаб Ўзбекистонда Россия таълимига нисбатан юқори талаб билан ҳам боғлиқ. Айни пайтда республикада Россия ОТМларининг 15та филиаллари фаолият олиб бормоқда, бундан ташқари, кўплар абитуриентлар ўқиш учун Россия Федерациясига кетмоқда.

Деярли ярим йилдан буён дўконимнинг ўз ўқувчилар клуби мавжуд, ҳозирда унда ҳар ҳафта йиғилиб, янги нарсаларни муҳокама қиладиган 30 киши бор.

"Келажакда менимча онлайн формат ютади. Бу жараён бутун дунёда давом этмоқда. Китобни қўлида ушлаб туришга одатланганлар китоб ўқий холос. Шубҳасизки, ҳозирда ўсиб келаётган янги авлод, албатта, ҳамма нарсани онлайн ўқийди", - деди Аббос.

Суҳбатдошим билан гаплашганимдан кейин шуни англадимки, Ўзбекистонда рус тили ва адабиёти долзарб ва юқори талабга эга. Бу ҳолат мамлакатимизда рус тили аста-секин ўлишига ишонган баъзи филологлар ва мутахассисларнинг фикрини рад этади. Ёшлар тилларни билиши туфайли турли манбалардан маълумот олиш имкониятига эга. Бу хурсанд қилади, чунки биз ўзбекистонликларнинг янги авлоди ҳар томонлама баркамол бўлишига интилмоқдамиз.


Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...