Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Бола туғилишини кутиш ҳатто оддий шароитда ҳам аёллар учун ўта ташвишли давр бўлиб, бугунги кунда коронавирус эпидемияси авжига чиққан пайтда айниқса даҳшатли ҳолат ҳисобланади. Ушбу кунларда ковид билан касалланган кўплаб ҳомиладор аёллар ноаниқлик шароитида боланинг келажаги тўғрисида муҳим қарорлар қабул қилишга мажбур бўлмоқдалар.
Инфекцияланган онанинг ҳолати қандай кечади, вирус ҳомилага қандай таъсир қилади, қайси туғруқхоналар бўлажак оналарни қабул қилади, ўзини-ўзи яккалаш ва локдаун шароитида кимдан маслаҳат олиш мумкин, эрта муддатларда аборт қилиб бўладими? Бу ижтимоий тармоқлардаги бўлғуси оналар учун ихтисослаштирилган гуруҳларда берилган саволларнинг бир қисми холос. Масаланинг мураккаблиги шундаки, шифокорлар бу саволларга аниқ жавоб бера олишмайди. Уларнинг фикрича, ҳар-бир кишининг организми ўзига хос бўлиб, асосийси - ваҳима қилмаслик ва ўз-ўзини даволамаслик талаб этилади.
Batafsil.uz. мухбири тошкентлик икки аёл билан суҳбатлашиб, уларнинг ковидли ҳомиладорлиги қандай кечганлигини тинглади.
Бахтли якун топган биринчи ҳикоя
Гулнора 29 ёшда ва учинчи бор ҳомиладор бўлган. Касаллик пайтида хомиласи 28-29 ҳафтада эди.
"Ҳомиладорлик яхши кечаётган эди, шунинг учун мен ортиқча ташқарига чиқмасликка, ҳеч ким билан мулоқот қилмасликка ва қўлдан келгунича ўзимни асрашга ҳаракат қилдим. Бироқ, бу инфекция уйимизга ташриф буюрди. Акам ишда юқтирган экан",- деб эслайди у.
Биринчи куни унинг акасида томоқ оғриғи, бош оғриғи ва иситма пайдо бўлганида, у дарҳол ўзини оиланинг бошқа аъзоларидан ажратиб қўйган. У яқинлари билан алоқа қилмасликка ҳаракат қилиб, хонадан фақат ниқобда чиққан.
"Икки кундан кейин менда титроқ пайдо бўлиб, тунда бошим оғриганидан уйғониб кетдим, Ҳароратимни ўлчасам, термометр 37,7 ни кўрсатди. Эрталаб дарҳол акушер-гинекологга қўнғироқ қилдим. Шифокор уч кун давомида вирусга қарши дори, антибиотиклар олиш, кўпроқ суюқлик ичишни тавсия қилди", - дейди Гулнора.
Орадан уч кун ўтсада, аёлнинг аҳволи яхшиланмаган. Ҳарорат 37,5 дан 38 гача кўтарилиб турган. Бундан ташқари, қаттиқ бош оғриғи ва ҳолсизлик сезилган, суяклар оғриган, у мутлақо кучсиз бўлиб, иштаҳаси йўқолган.
"Мен болалар учун жуда ҳавотир олдим, чунки уйда яна иккита кичкина бола бор. Албатта ҳали дунёга келмаган болам учун қаттиқ ташвишландим. Бу касаллик унга қандай таъсир қилишини туну-кун ўйлаб чиқдим”, - деди суҳбатдош.
Ҳолати ёмонлашишни давом этганлиги боис, унинг оиласи поликлиникадан шифокор чақиришга мажбур бўлган. Келган шифокор кўрикдан ўтказиб, ҳомиладор аёлнинг ўпкаларини эшитиб кўрган. Шифокор кўп суюқлик истеъмол қилиш, ҳароратни пасайтирадиган дори-дармон ичишни буюрган. Агар уч кун ичида ҳолат яхшиланмаса, уни қайта чақириш кераклигини айтган.
Гулноранинг сўзларига кўра, кейинги кунларда ҳам ҳарорат пасаймаган, кучли ҳолсизлик сезилиб турган. Бундан ташқари, у фақат терлаган, йўталиш ва кўкрак қафасидаги оғриқлар пайдо бўлган.
"Биз яна шифокорни чақирдик, у келиб, антибиотиклар буюрди, шунингдек қонни суюқлаштирадиган дори, С витамини ва йўтал сиропидан ичиш лозимлиги айтди", - деди у.
Аммо, бу сафар ҳам касалнинг аҳволи яхшиланмаган. Гулнора уни туғишга тайёрлаётган акушер-гинекологга мурожаат қилган. Шифокор касалхонага ётишни маслаҳат берган.
Шу билан бирга, аёлнинг оиласи СЭС вакиллари уйга келиб таҳлил олишлари учун поликлиникада ариза қолдирган. Яхшиямки, мобил гуруҳ келиб, ўша куннинг ўзида таҳлил олиб кетган. Шу билан бирга, тез ёрдамнинг кейинги кунда келиб айтган гаплари барча қариндошларни ҳайратга солган. Фельдшернинг сўзларига кўра, агар улар ҳозирнинг ўзида аёлни олиб кетишса ҳам, туғруқхона ковид маълумотномасиз қабул қилмайди.
"Эртаси куни ўзимиз ковид аломатлари бўлган ҳомиладор аёлларни қабул қиладиган туғруқхонага мурожаат қилишга қарор қилдик. Аммо улар ҳам таҳлилнинг тасдиғисиз қабул қила олмаслигини айтишди. Шундан сўнг яшаш жойимиз бўйича туғруқхонага бормоқчи бўлдик, аммо улар ҳам тегишли маълумотнома бўлмаса, менга ёрдам бера олмасликларини билдиришди. Натижада, биз уйга қайтдик ва поликлиника шифокори буюргани асосида даволанишни давом этдим», - дея тушунтирди Гулнора.
Икки кундан кейин ниҳоят унинг ҳарорати пасайиб, соғлиғи яхшиланган. Умумий ҳисобда ҳомиладор Гулнора етти кун давомида иситмалаб, икки хил антибиотикларни қабул қилган. Аммо бу борада таъқидлаш лозимки, буларнинг барчасини аёл шифокор назорати остида амалга оширган.
Таҳлил топширилганидан уч кун ўтгач, СЭС вакиллари қўнғироқ қилишган ва коронавирус учун ижобий натижа аниқланганлигини айтишган.
"Касаллик аломатлари пайдо бўлганидан бери 20 кундан кўпроқ вақт ўтди. Мен ўзимни яхши ҳис қиляпман, ҳароратим йўқ. Худога шукур, болам ҳам яхши. Барчага соғлик тилайман, ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг. Мободо ушбу вирусга дуч келсангиз, энг муҳими - ваҳима қилманг, ёмон фикрларни олиб ташланг ва шифокор билан алоқада бўлинг",- дея таъкидлади Гулнора.
Фожеали якун топган иккинчи ҳикоя
Луиза ва унинг турмуш ўртоғи бир неча йилдан буён иккинчи фарзандни орзу қилиб келишган. Ниҳоят, шу йилнинг июнь ойида ўтказилган ультратовуш текшируви ҳомиладорликни тасдиқлаган.
"Бир томондан биз жуда бахтли эдик, иккинчи томондан, эпидемия туфайли озгина ташвиш пайдо бўлди. Аммо биз ёмон нарсалар ҳақида ўйламадик ва яхшиликка ишондик", - дейди у.
Эр-хотин карантин шароитида ота-оналари ташвишланмаслиги учун Луизанинг ҳолати тўғрисида ҳозирча яқинларига айтмасликка қарор қилишган.
"Июль ойининг бошида тўсатдан иситмам пайдо бўлди, томоғим бироз оғриди. Мен ҳароратни туширишга уринмасдан, малинали чой ичиб турдим. Олти кун давомида ҳарорат 37-37,2 даражасида сақланиб турди, кейин ҳидни сезмай қолдим, “аёлларга хос” муаммоларга дуч кела бошладим”, -дея эслайди Луиза.
Касалликнинг бешинчи куни аёл туман поликлиникаси қўнғироқ қилиб, ва ковид учун таҳлил топшириш мумкинми, деб сўраган. У ерда туман СЭСи карантин учун ёпилгани ва таҳлил фақат хусусий клиникаларда олиниши мумкинлиги айтишган.
Энг ёмони шундан иборат бўлганки, бу оила Тошкентда коронавирус авж олган бир пайтда касалликка дуч келган. Касалхоналарда жойлар йўқ эди, фақат тасдиқланган маълумотнома билан учинчи туғруқхона қабул қилган, бошқа туман СЭСлари ва хусусий марказларда йирик навбатлар юзага келган эди.
"Албатта, тиббиёт муассасаларида нималар содир бўлаётгани ҳақидаги янгиликларни ўқиганингизда ташвишга тушиб қоласиз. Аммо биз ваҳима қилмасликка қарор қилдик. Ажратмалар фақат бир кун кузатилди, кейин эса тўхтади. Бутун тана оғриган бўлсада, на қоринда, на тўққизинчи кундан кейин мени “аёлларга хос” бирор нарса безовта қилгани йўқ. Шунга қарамай, мен Интернет орқали маслаҳат берадиган гинекологни топдим. Ўшанда мен ҳомиладорликнинг еттинчи ҳафтаси эдим. Касаллик болага қандай таъсир қилиши мумкинлигини доим уйлаб келдим”,- деб эслайди Луиза.
Аёл бир неча кун давомида мутахассис тавсияларига амал қилган, аммо кейин оғриқлар яна қайтган. Шунинг учун у гинеколог текширувидан ўтишга қарор қилган.
"Мен хусусий клиникага ёзилдим, чунки туғруқхона фақат маълумотнома бўлганида қабул қилади, қолаверса бир неча кун кутиш керак. Мен шифокор маслаҳатига кирганим заҳотиёқ, яқинда коронавирус билан касалланган бўлишим мумкинлиги ҳақида огоҳлантирдим. У мени тинглаганидан сўнг, барибир кўрикни ўтказиши ва шундан кейингина нима қилиш кераклигини ҳал қила олишини айтди. Мен шифокордан жуда миннатдорман, чунки бундай вазиятда қаерга боришни билмай қоласиз", - дейди Луиза.
Аёл текширувга бораётганида, у юрагида ҳомиласи билан нималардир бўлаётганини ҳис қилган. Таҳлиллар ҳомила ривожланмаганлиги ва ёш онанинг соғлиғига салбий оқибатларга олиб келмаслиги учун аборт қилиш кераклигини тасдиқлаган.
Бундай пайтлар аёллар нимани ҳис қилишларини фақат уларнинг ўзлари билишади. Ҳеч қандай сўз билан узоқ кутилган болани йўқотиш азобини ифода этиб бўлмайди.
"Қандай бўлганини мен эслай олмайман. Мен дори ичдим, мутахассислар назорати остида эдим. Уларнинг барча сўзлари, мен ҳали ҳам туғишим мумкинлиги, ҳаёт давом этиши... ҳаммаси бекор эди". Фақат битта гап хаёлимдан кетмасди: агар ковид бўлмаганида, агар бўлмаганида....", - аёл йиғлаганча эслайди.
Луизадан ташқари унинг эри ҳам худди шу касалликка чалиниб қолган. Икки кун давомида юқори ҳарорат сақланиб турган, сўнг эса бутун танаси оғриган, ҳид билиш йўқолган.
"Шифокорлар билвосита ташхисни тасдиқладилар, шунингдек улар коронавирус эканлигига амин эдилар. Барча хавф шунда эдики, касаллик боланинг органлари шаклланаётган даврга тўғри келган”, -деди аёл.
Кейинчалик, шифокорнинг тавсиясига кўра, аёл организмини текшириш ва тиклаш учун умумий таҳлил топширмоқчи бўлган.
"Мен навбатда туриб, ўйланим қолдим, балким антитаначалар учун таҳлил топширсаммикан? Аммо қоғозсиз ҳам аниқ бўлган нарса учун 365 минг сўм .... Йўқ, яхшиси пулни даволанишга сарфлаган маъқул, чунки эрим ҳам ва мен ҳам нима бўлишидан қатъий назар, болаларни орзу қиламиз. Энди бу эпидемия тугаганидан сўнггина амал ошади ",- деди қиз.
Мутахассис фикри
Илгарироқ, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илмий-техник кенгаш аъзоси Фарида Аюпова нашрларимиздан бирида ҳомиладор аёлларда коронавирус қандай кечиши ҳақида сўзлаб берган эди. Хусусан, унинг таъкидлашича, турли хил экстрагенитал касалликларга чалинган аёллар, айниқса ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида нафас олиш касалликлари (пневмония, бронхиал астма), диабет, артериал гипертония, сурункали яллиғланиш жараёнлари, юрак-қон томир касалликларига чалинганлар хавф гуруҳига киради.
Ушбу касалликларнинг барчаси иммунитет ва гемостаз (қоннинг ивиши)нинг бузилишига олиб келиб, ҳомиладорлик пайтида хавфли ўсмалар мавжудлиги организмга бўлган юкни ортиради, айниқса айланадиган қоннинг кўпайиши, нафас олиш кўрсаткичининг пасайиши ва турли хил асоратларнинг ривожланишига сабаб бўлади.
Оғир акушерлик анамнези (преэклампсия, қон босимининг кўтарилиши, қон кетиши, қон ивишининг бузилиши, эрта туғиш, ҳомиланинг тушиши, олдинги ҳомиладорликдаги турли хил жарроҳлик аралашувлари) ҳам хавф омилларидан ҳисобланади.
Организмнинг турли тизимларидаги юкларни ҳисобга олган ҳолда COVID-19 айниқса иккинчи ва учинчи триместрда ўта хавфлидир. Фарида Аюпова ҳомиладорлик протоколида аниқ белгиланган муддатларда мажбурий текширувлардан ўтиш, ўз вақтида таҳлилларни топшириш, ультратовуш текширувини ўтказиш ва шифокор билан маслаҳатлашиб туришни тавсия қилди.
Хомила коронавирус инфекциясининг тўғридан тўғри нишони эмас, чунки - у йўлдош тўсиғи билан ҳимояланган, дейди профессор. Кўп нарса онанинг ҳолати ва коронавирус инфекциясининг оғирлик дажарасига боғлиқ, аммо коронавирусли беморларда бола туғилиши одатда осон кечади ва болалар соғлом туғилади.
Изоҳлар мавжуд емас