Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) COVID-19 нинг кучли мутацияга учраган янги варианти — BA.3.2 (норасмий номи "Цикада")ни мунтазам тарзда кузатиб бормоқда. Ҳозиргача ушбу штамм дунёнинг 23 та давлатида, жумладан, АҚШ, Буюк Британия ва Гонконгда аниқланган.
Бу вариант ўз номини ҳашаротдан олган бўлиб, худди цикадалар каби маълум вақт давомида "уйқу ҳолатида" бўлиб, кейин фаоллашгани сабабли шундай аталган. ЖССТ уни "кузатув остидаги штаммлар" рўйхатига киритган. Гарчи ҳозирда унинг бошқа штаммлардан хавфлироқ экани ҳақида далиллар бўлмаса-да, мутахассислар бир муҳим жиҳатга эътибор қаратишмоқда: болалар бу вирус билан катталарга қараганда тезроқ зарарланмоқда.
Кембриж университети профессори Равиндра Гуптанинг таъкидлашича, болаларнинг иммунитети катталарникига қараганда заифроқ, чунки улар ҳали кўплаб вирусларга дуч келмаган ва иммун тизими антитаначалар ишлаб чиқаришга тўлиқ мослашмаган. Шу сабабли "Цикада" каби янги мутациялар болалар организмига осонроқ кириши мумкин.
Ҳозирча "Цикада" оғирроқ касаллик келтириб чиқариши ёки ўзига хос янги белгиларга эга экани ҳақида маълумот йўқ. Асосий симптомлар аввалгидек қолмоқда: иситма ва йўтал, томоқ оғриғи, бурун битиши, чарчоқ, мушаклардаги оғриқ, нафас қисилиши ва диарея.
Вирусологларнинг фикрича, вирус мутацияга учраган бўлса-да, у барибир ўша ҳужайраларни зарарлайди, шунинг учун касаллик белгилари ўзгармайди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мутациялар туфайли мавжуд вакциналарнинг самарадорлиги бироз пасайиши мумкин, бироқ улар барибир касалликнинг оғир кечишидан ҳимоя қилади. Агар касалланиш сони кескин ошса, фармацевтика компаниялари айнан ушбу штаммга қарши янгиланган вакциналарни ишлаб чиқиши мумкин.
Эпидемиологларнинг хулосасига кўра, COVID-19 эндиликда оддий мавсумий респиратор инфекциялардан бирига айланиб бўлган. "Цикада"нинг пайдо бўлиши янги касалланиш тўлқинларини келтириб чиқариши мумкин, аммо ўлим ҳолатлари ёки оғир асоратлар сони сезиларли ошиши кутилмаяпти. Соғлом болаларда касаллик одатда ўз-ўзидан ўтиб кетади, бироқ сурункали касаллиги бор шахслар ва кексалар эҳтиёткорликни йўқотмасликлари зарур.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг май ойида Осиё мамлакатларида COVID-19 билан касалланишнинг ўсиши яна қайд этилганди. Касалланиш ҳолатларининг сезиларли ўсиши, айниқса, Гонконг ва Сингапурда кузатиган эди.

Изоҳлар мавжуд емас