Загрузка
Загрузка
Ковидга  қарши вакцина, тўйлар ва карантин ҳудудлари. Россиялик юқумли касалликлар бўйича мутахассис Ўзбекистонга қилган ташрифи ҳақида сўзлаб берди
Жамият

Ковидга қарши вакцина, тўйлар ва карантин ҳудудлари. Россиялик юқумли касалликлар бўйича мутахассис Ўзбекистонга қилган ташрифи ҳақида сўзлаб берди

1014
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистон Россиянинг коронавирусдан вакцинасини сотиб оладими, иккинчи тўлқин кутилаяптими, тўйлар ковид тарқалишига таъсир қиладими, карантин ҳудудларини яратиш керакми, каби мавзуларда тиббиёт фанлари доктори, юқумли касалликлар бўйича мутахассис, кардиолог, “Роспотребнадзор”нинг Марказий илмий-тадқиқот институти клиник тадқиқотлар бўлими бошлиғи Татьяна Руженцова Batafsil.uz мухбири билан суҳбатлашди. 

–   Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши курашиш тизимига баҳо берсангиз, унинг қандай ижобий ва салбий томонлари бор ва у Россияникидан қанчалик фарқ қилади?

– Умуман олганда, Ўзбекистоннинг барча тиббий хизмати коронавирусга қарши курашда энг мақбул натижаларни таъминлашга ҳаракат қилаётганини кўриб турибман. Сизда беморларни даволаш мумкин ажойиб шифохоналар барпо қилган, ускуналар бор, лекин айни пайтда улар қўшимча жиҳозланиши керак. Яъни, лаборатория - диагностика асбоблари, асоратларни ташхис қилиш ускуналари ва мультиспирал компьютер томографияси ҳақида гап кетмоқда.

Тажрибага асосланиб айтишим мумкинки, турли мамлакатлар эпидемияга қарши чора-тадбирлар, коронавирус инфекциясига чалинган беморларга ташхис қўйиш ва даволаш борасида ўзгача ёндашувларни қўллашмоқда. Биз ўз тажрибамизни ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ўртоқлашдик.

Россияда, касалланганларнинг кўпайиши ва эпидемиянинг авж олиши анча олдинроқ, яъни май ойида юз берган эди. Ўша пайтда биз беморларни даволашда катта тажрибага эга бўлдик, бу эса кейинчалик вирус тарқалишини назорат қилиш бўйича муваффақиятга эришиш имконини берди. Ҳозир бизда аломатсиз беморлар кўп ва жонлантириш бўлимлари деярли бўш қолган. Шу аснода бу натижага қандай эришганимиз бўйича ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашдик. 

– Сизнинг фикрингизча, Ўзбекистонда иккинчи тўлқин юз берадими ёки касалликнинг пасайиши кузатиладими?

- Маҳаллий ҳамкасблар билан суҳбатлашиб, касалликнинг авж олиши июль ойининг охирида бўлганлиги, ҳозир эса умуман олганда, касалланиш пасайганини англадик. Лекин, чекловларнинг олиб ташланиши маълум даражадаги ўсишга олиб келиши мумкинлигини тушуняпмиз. Буни биз бошқа мамлакатлар мисолида ҳам кўрдик. Яъни бу мамлакатларда чекловларнинг бекор қилиниши натижасида янги аниқланган инфекциялар сони кўпайган. Албатта, чекловларни олиб ташлаш жараёни кузатилиши керак. Агарда ўсиш яна юзага келса, янги чекловларни жорий этиш керак. Навбатдаги карантинни олдини олиш учун шифокорларнинг барча тавсияларига амал қилиш лозим.

Карантин тадбирларининг ҳар қандай юмашатилиши янги ҳолатларнинг кўпайишига олиб келиши мумкинлигини тушуниш муҳимдир. Бунинг сабаби шундаки, чеклашлар бекор қилинганда умумий овқатланиш жойлари, маданий ва дам олиш шаҳобчалари очилади ва бундай шароитда вирус бир кишидан иккинчисига ўтиб кетиши мумкин. Бу коронавирус инфекциясининг аломатсиз ташувчилари мавжуд бўлганда айниқса хавфлидир, зеро инкубация даврида, яъни аломатлар юзага чиқишидан олдин ҳам юқтириш мумкин.

Шунинг учун, ниқоб тақиш режимига риоя қилиш ва дезинфекцияловчи моддалар ҳамда қўлқопдан фойдаланиш, камида 1,5-2 метрлик ижтимоий масофани сақлашга ҳаракат қилиш керак. Барча учрашув ва тадбирларни нисбатан юқори ҳароратли, ультрабинафша нурли ва инфекция юқиш хавфи камроқ бўлган очиқ жойларда ўтказиш маъқул. 

Инфекциянинг энг кўп тарқалиши қаерда? Булар одатда ёпиқ хоналардир. Бир томондан, Ўзбекистонда бугунги об-ҳаво шароити анча қулай эканлигини тушунамиз. Масалан, иссиқ ҳаво ва паст намлик даражаси вируснинг қисқа вақт ичида йўқолишига ёрдам беради. Мазкур ҳарорат шароитлари мулоқот орқали юқиш йўлини тўхтатади.

Лекин инфекциянинг тўғридан-тўғри юқиш йўли сақланиб қолаётганини тушунишимиз керак. Чунки ҳаво-томчи инфекцияси асосан бевосита мулоқот орқали юқади. Вируснинг тўғридан-тўғри юқишига ҳарорат ва намлик таъсир қилмайди. Кондиционер ўрнатилган ва ҳарорати тахминан 20 даража бўлган шамоллатилмайдиган хонани тасаввур қилинг. Буларнинг барчаси вируснинг тарқалиши учун яхши шароитдир. 

Биз бу ҳолатни бошқа мамлакатлар мисолида кўрдик. Масалан, Бразилияда юқори ҳарорат, катта намлик ва ёмғирли мавсум туфайли одамлар асосан бинолар ичида бўлишди. Натижада касалланганлар сони кескин ошди. Чунки айнан қуёш ультрабинафша нури ишламайдиган хоналарда ўсиш қайд этилди. Шунинг учун, иложи борича, кўпчилик тўпланган хонада бўлмаслик афзал.

– Россия вакцинаси бутун дунёда шов-шувли янгилик бўлди. Ташрифингиз давомида ушбу вакцинани сотиб олиш масаласи Ўзбекистонда муҳокама қилиняптими?

– Умуман олганда, эмлаш масаласи доимий муҳокама қилинади. У ҳақида раҳбарлар, шифокорлар ва бошқа тиббий ходимлар кўп савол беришмоқда. Дарҳақиқат, бу масала ҳозир жуда кенг муҳокама қилинмоқда.

Биз ўзининг самарадорлиги ва хавфсизлигини намоён этган биринчи рўйхатга олинган вакцинага эга эканлигимизни тушуняпмиз. Биламизки, бу вакцинани организм осонлик билан қабул қилади. Эмланган беморларда жиддий салбий оқибатлар юзага келгани йўқ. Бошқа инфекцияларга қарши ҳар қандай эмлашда учрагани каби ҳарорат ошиши, ҳолсизлик, гриппга ўхшаш аломатлар кузатилади. Мазкур вакцина антитаначалар ишлаб чиқариши, яъни иммунитет ҳосил қилишига гувоҳ бўлдик.

Кейинчалик албатта, кенг қамровли синовлар ўтказилади. Бу вакциналарни неча маротаба қўллаш кераклигини вақт кўрсатади. Бундан ташқари, пептидли янги вакцинани рўйхатга олиш учун тайёргарлик кўрилмоқда. Бундай вакцинлар тури энг хавфсиз ҳисобланади ва Новосибирск институти томонидан ишлаб чиқарилади. У кўп ҳайвонларда синовдан ўтказилди ва биринчи кўнгиллиларда синалганидан кейин ўз самарадорлиги ва хавфсизлигини кўрсатди. Тез орада у рўйхатга олинади, бошқа мамлакатлар фуқароларига етказиш учун етарли ишлаб чиқариш ҳажми шаклланади.

Ўзбекистон томонидан вакцинани сотиб олишга келадиган бўлсак, айрим жиҳатлар муҳокама қилинмоқда, аммо ҳозирча аниқлик йўқ. 

– Россия Ўзбекистонга ковидни даволаш учун янги тест-тизимлари, дори-дармон ва ускуналарни етказиб берадими?

– Бу масалалар ҳам муҳокама қилинмоқда. Ҳозирча нима кераклигини кўриб чиқаяпмиз. Бир томондан, ҳамкасбларимиз айни пайтда нима билан ишлаётганини кўрдик. Албатта, муҳокама ва сафаримиз давомида бир фикрга келамиз.

– Ўзбекистонда карантинни юмшатиш билан яна тўйларга рухсат берилди. Бундай юмшатиш ҳақида мутахассис сифатида қандай фикрдасиз? Ҳукумат шошилгани йўқми?

- Биз доимо холис рақамларга эътибор қаратамиз. Агар барқарор пасайиш, янги инфекциялар сонининг пасайиши, касалхонадан ташқари орттирилган пневмония ҳолатларининг камайиши кузатилса, демак, чораларни енгиллаштириш мумкин. Заҳира ётоқ жойларининг мавжудлиги ҳам муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Бу заҳира Ўзбекистонда, айниқса, тиббиёт муассасаларининг оддий бўлимларида мавжудлигини кўрдик.

Бутун дунёда шу тактика қўлланилади. Агарда мазкур объектив кўрсаткичларга эришилса, унда чеклов чоралари олиб ташланади. Лекин ҳар бир киши касал бўлмаслик учун муҳим чораларга амал қилиши шарт.

Тўйларга келадиган бўлсак, уларни бино ичида емас, очиқ ҳавода ўтказиш керак. Агар тўйлар очиқ ҳавода ташкил этилса, бу жойларга қуёш нури бемалол тушиб турса, дезинфекция тадбирлари, ижтимоий масофага амал қилинса, албатта уларни ўтказиш мумкин. Чунки бу ҳолатда инфекция юқиш хавфи камаяди. 

- Ўзбекистон вирус тарқалган дастлабки кунларданоқ махсус карантин ҳудудларини яратди. Жаҳон амалиётига асосланиб, бу амалиёт қанчалик ўзини оқлайди?

– Умуман олганда, юқумли касалликларга қарши курашда ҳудудларни карантин зоналарига бўлиш ўта муҳимдир. Махсус чеклов чоралари ва карантин ҳудудлари ҳам керак. Шунинг учун, умуман олганда, бу чоралар нафақат ўзини оқлайди, балки бу каби тажовузкор инфекцияга қарши курашда ҳам зарур ҳисобланади.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...