Загрузка
Загрузка
Мантиқсиз қадамлар ва тушунарсиз қарорлар. Ўзбекистонликларни  карантин билан боғлиқ вазият нега ғазаблантирмоқда
Жамият

Мантиқсиз қадамлар ва тушунарсиз қарорлар. Ўзбекистонликларни карантин билан боғлиқ вазият нега ғазаблантирмоқда

2693
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистон қарийб тўрт ойдан буён карантин шароитида кун кечирмоқда. Бу вақт ичида одамлар кўп нарсаларга гувоҳ бўлишди, дастлабки даврда аксарият ҳукумат талабларига виждонан риоя қилди, ниқоб тақишни ҳеч ким канда қилмади, кунига деярли 20 марта қўллар ювиб келинди.

Бироқ, вазият аста-секин ноаниқ бўлиб бораверди. Айрим ҳолларда ҳукумат мантиқан тушунарсиз бўлган ғалати қарорларни қабул қилди. Июль ойида эса бу ўзининг энг юқори чўққисига етди. Биз мамлакатда ўзи нималар бўлаётганини ва вазиятни тўғри йўналишда қандай ўзгартириш мумкинлигини тушунишга ҳаракат қилиб кўрдик.

Комендантлик соати ва резина автобуслар

1 июлдан бошлаб мамлакатда ўзига хос комендантлик соати жорий этилди - "қизил" ва "сариқ" ҳудудларда соат 23:00 дан 07:00 гача кўчалар, кўп қаватли уйлар олдида ва ҳовлиларда бўлиш таъқиқланди.

Бу қарор ўзбекистонликларда кўплаб саволларни туғдирди. Ўз вақтида ишга етиб бориш учун кўпгина одамлар эрталаб соат 7 бўлмасдан уйдан чиқишлари керак, бошқа бировлар эса салқин ҳаводан фойдаланиб, югуришади ва спорт билан шуғулланишади. Қолаверса, шу пайтда итларни ҳам сайр қилдириш лозим. Зеро, уларни жадвалга риоя қилишга ва эрталаб роппа-роса 7.00 да уйдан чиқишга мажбур қилиб бўлмайди. Яна бир кулгили ҳолат шундан иборатки – “сариқ” ҳудудларда автомобилларда соат 6-00 дан бошлаб ҳаракатланашга, уй ёнида эса эрталаб соат 7 -00 бўлиш мумкин. Хўш, машинагача қандай қилиб борасиз? Учишни билмасангиз, бунинг иложи бўлмайди.

Кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг фикрича, бундай таъқиқ мантиқсиз туюлади. Буннинг бир нечта сабабларини кўрсатиш мумкин. Агар ҳукумат уйлар ёнида кечгача ўтирадиган ёшлар ёки пенсионерлардан қутулмоқчи бўлса, кундузидагидек уларнинг сонини, масалан, учтагача чеклашнинг ўзи кифоя эди.

Ҳар эрталаб тахминан соат олтида ўз ити билан сайр қилишга одатланган Batafsil.uz мухбири Тошкентда комендантлик соати деярли ишламаётганини таъкидламоқда. Эрталаб кўчалар ишга шошилаётган одамлар билан гавжум. Қизиғи шундаки, чекловлар белгиланган бўлсада, автобуслар бемалол йўлларда ҳаракатланмоқда.

Жамоат транспорти – бу алоҳида ва оғриқли мавзудир. Негадир кечаси ёки эрталаб ташқарига чиқиш мумкин эмас, лекин одамлар билан тўлиб тошган автобусга чиқмоқчи бўлсангиз - марҳамат.

Умуман олганда, бугунги кунда Тошкентнинг жамоат транспорти оғир кунларни бошдан кечирмоқда. "Резина автобуслар" илгаридагидек ҳаракатланяпти. Бироқ, юқори лавозимдаги амалдорларнинг сўзларига кўра, транспортда одамларнинг тўпланишига фуқароларнинг ўзи айбдор эмиш. Яъни, оиласини боқиш учун пандемия шароитида ишга боришга мажбур бўлган киши бекатда соатлаб нисбатан бўш автобусни кутиб ўтирмаганлиги, ўз вақтида манзилига етиб олишга ҳаракат қилганлиги учун айбдор бўлиб қолмоқда.

Турли тоифадаги мансабдор шахслар агар автобус тўлган бўлса одамлар унга кирмаслиги, кейингисини кутишлари керак, деган таъкидни бир неча бор такрорлашган. Фақат буни ишхонадаги бошлиққа тушунтириб бўларканми? Кейинги автобус ҳам тўлиқ бўлмаслигига ким кафолат бера олади? Буларнинг барчаси автобуслар ҳаракатини мониторинг қилишнинг номақбул шароитида кечмоқда. Албатта одамларнинг ўзи айбдор, биз ҳаммани - сизларни ҳам, ҳайдовчиларни ҳам, назоратчиларни ҳам жаримага тортамиз, дейишдан осони йўқ.

Вазиятнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, коронавирус пандемияси даврида Тошкентда эрталаб ва кечқурун автобусларда одамларнинг ҳаддан зиёд кўп бўлиши одатий ҳол эди. Демак, карантин даврида автобусларнинг ҳаракатланишига рухсат берган кишилар улардаги тирбандлик ўз-ўзидан ҳал бўлади, деб ўйлашган эканда?

Ушбу вазият учун мақбул ечимининг ўзи йўқ. Эҳтимол, “Исузу”ларни олиб ташлаб, йўналишларга каттароқ сиғимли автобусларни қўйиш ва улар ўртасидаги вақт оралиғини иложи борича қисқартириш керакдир? Бу учун "Тошшаҳартрансхизмат" нинг имкониятлари етармикан ?

Маҳаллий кадрлар

Энг ёмони шундаки, 1-июлдан жорий қилинган чекловлардан сўнг, айрим маҳаллий ҳокимият, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва СЭС ходимлари карантин қоидаларини жуда эркин тарзда талқин қила бошладилар. Қонундан шахсий нуқтаи назар ва дунёқарашдан келиб чиққан ҳолда фойдаланиш ҳолатлари учрай бошлади.

Ҳудудлардаги эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиши муносабати билан маҳаллий СЭС ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг вакиллари иштирокида корхоналарда тўсатдан текширувлар ўтказилмоқда. Тан олиш керакки, одамлар ҳақиқатан ҳам бўшашишди, ниқобни ким ва қандай хохласа, шундай тақиб юрибди.

Рейдлар давомида бепарволик, талабга бефарқлик ва оддий беписандлик ҳолатлари аниқланмоқда. Бироқ, Республика махсус комиссиясининг баъзи қарорларига равшанлик ва аниқлик етишмаётганлиги сабабли, кўплаб баҳсли ва аниқликни талаб этувчи масалалар юзага келмоқда.

Ўқувчиларимиздан бири Batafsil.uz мухбирига қуйидаги вазият ҳақида айтиб берди. Бухорода ўтказилган рейдлардан бирида текширувчилар томонидан бир нечта маъмурий баённомалар тузилиб, уларга кўра ташкилот ходимлари ўз хизмат хоналарида ниқоб тақмаганликлари учун жавобгарликка тортилган. Шуниси муҳимки, жаримага тортилган шахсларнинг барчаси алоҳида хонада якка ўзлари бўлишган.

Мажбурий ниқоб тақиш мантиғига кўра, шу орқали инсон ўзини ва бошқаларни эҳтимолий вирусдан ҳимоя қилади. Бу борада энг муҳим жиҳатга эътибор беринг- агар одам хонада мутлақо ёлғиз бўлса, у кимга ёки кимдан юқтириши мумкин? Ички ишлар вазирлигининг қарори билан ҳайдовчиларга салонда ўзидан бошқа ҳеч ким бўлмаса, машинада ниқобсиз бўлишга рухсат берилганлигини барчамиз яхши эслаймиз.

Бу борада табиий бир савол туғилади. Ўзбекистонда ҳар куни кўплаб одамлар билан алоқа қиладиган каттаю-кичик амалдорлар жуда кўп. Шубҳасиз улар учун ниқоб тақиш мажбурийдир. Бунга ҳеч қандай эътироз бўлиши мумкин эмас. Агарда фуқаролар билан тўғридан-тўғри алоқа қилмасдан ишлайдиган ходимлар тоифаси ҳақида гапирадиган бўлсакчи? Бу масалада нима қилиш керак? Ёзги жазирама шароитда кун бўйи идорада ниқоб тақиб ўтириш қайси мантиққа тўғри келади?   Якка ўзи бир хонада ниқобда ўтирганлар ҳам назаримизда, кўп бўлмаса керак.

Ўқувчимизнинг ўксиниб айтишича, текширувчи ташкилотлар вакиллари босар тусарини билмай, “қўлга тушган” ходимларнинг мутлақо асосли важларини умуман эшитишни исташмайди. Аслида биз учун энг муҳими огоҳлантиришми ёки жарима қилишми?

Ўқувчининг сўзларига кўра, тартиб-интизом мавжуд бўлган давлат ташкилотларига қараганда жамоат транспорти, супермаркетлар ва бозорларда вируснинг тарқалиш хавфи анча юқори. Бироқ, назорат қилувчи идораларга одатдагидек, кўчадаги қоидабузарларни ушлашдан кўра давлат ташкилоти ходимларига жарима солиш ва раҳбарият томонидан муаммо чиқариш билан таҳдид қилиш осонроқдир.

Ўзимиздан шуни қўшимча қилмоқчимизки, жаримага ҳам тортиб туриш керак. Лекин асосийси - қарорларни амалга оширишда изчилликка риоя қилишни унутмаслик лозим. Бизда кундузи кўчада, ҳеч ким бўлмаган жойда юрган одамни осонликча жаримага тортиш мумкин. Лекин кексалиги туфайли унга ниқобни доим ҳам тақиб юриш қийин бўлиши мумкинлигини ҳеч ким эътиборга олмайди. Худди шундай кўчаларда одамлар билан зич тўлган “Дамас”лар ёки “резина автобуслар” бемалол ҳаракатланаётгани ҳам афсуски, эътибордан четда қолмоқда.

Умид қиламизки, СЭОМ ходимлари чекловларни кучайтириш бўйича “юқори”дан келган буйруққа асосан кўр-кўрона корхона ва ташкилотларни ортиқча безовта қилишмайди. Зеро, бу кунлар ҳам ўтиб кетар...

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...