Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Шаҳар марказида 30та пуллик автотураргоҳ қурилиши режалаштирилган, пойтахтга киришда метро ёнида кўп қаватли автотураргоҳлар қурилиши режалаштирилган. 21та кўчада бир томонлама ҳаракатни ташкил этиш белгиланган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Транспорт вазирлиги томонидан пойтахт ҳокимлигига етказган 2024 йилда Тошкент жамоат транспорти тизимини ривожлантириш дастурида йўллардаги автомобиллар оқимини камайтириш, тирбандликни қисқартириш ва автобусларнинг тўсқинликсиз ҳаракатланиши учун ечимлар таклиф этилган.
Биринчидан, Транспорт вазирлиги пойтахтнинг умумий узунлиги 34,5 километр бўлган учта магистрал йўлни реконструкция қилишни таклиф қилмоқда. Бу узунлиги 15,2 километр бўлган Шота Руставели, Шаҳрисабз, Янги Сергели кўчаларининг қисми, узунлиги 10,7 километр бўлган Амир Темур кўчаси ва узунлиги 8,6 километр бўлган Самарқанд Дарвоза –Қоратош- Бешқайроғоч кўчалари киради.
Иккинчидан, йўллар ёқасида турган автомобилларнинг жамоат транспортига халақит беришни камайтириш учун пуллик тўхташ жойларини ташкил қилиш учун пойтахтнинг қуйидаги кўчаларидан фойдаланиш таклиф этилган: Глинка, Братислава, Миробод, Авлиё-ота, Тарас Шевченко, Моштабиб, Саид Барака, Фидокор (2 участка), Содиқ Азимов, Шаҳрисабз, Якуб Колас, Ўзбекистон овози, Ҳамид Олимжон, Истиқлол, Яҳё Ғуломов, Олой бозори берк кўчаси, Шастри, Тўйтепа, Ниёзбек кўчасининг 3-муюлиши, Ниёзбек, Қори-Ниёзий, Матбуотчилар, Зарафшон, Бухоро, Махатма Ганди, Нуронийлар, Лашкарбеги ва Усмон Носир (2 участка).
Бунинг эвазига 2 600 дан ортиқ тўхташ жойларини яратиш режалаштирилган.
Учинчидан, Тошкентга келган автомобиль эгаларини жамоат транспортидан фойдаланишга ундаш ва уларга автобус ва метрога ўтишни осонлаштириш мақсадида Тошкентга кираверишда бешта кўп қаватли автотураргоҳ ташкил этиш режалаштирилган. Улар Роҳат, Қуйлиқ, Беруний, Янгиҳаёт метро бекатлари яқинида ва ТТЗ массивида пайдо бўлиши мумкин.
Шунингдек, Транспорт вазирлиги йўловчи оқими юқори бўлган олтита метро бекати – “Туркистон”, “Олмазор”, “Чилонзар”, “Чорсу”, “Пахтакор” ва “Дўстлик” ёнида тураргоҳлар қуришни таклиф қилмоқда. Барча мўлжалланган тўхташ жойлари ва тураргоҳлар 68 минг квадрат метрни эгаллайди ва 4800 дан ортиқ транспорт воситаларига мўлжалланган.
"Кўп қаватли автотураргоҳлар ҳозирда бўш бўлган участкалар ёки тураргоҳ учун ишлатилаётган жойларда қурилади. Ҳар бир объект бўйича шаҳар ҳокимлиги, Қурилиш вазирлиги ва Лойиҳалаш ва шаҳарсозлик илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида алоҳида лойиҳалар ишлаб чиқилади", – дея тушунтирди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.
Тўртинчидан, жамоат транспорти ҳаракатини оптималлаштириш учун Транспорт вазирлиги пойтахтнинг 21та кўчасида бир томонлама ҳаракатни жорий этишни таклиф қилмоқда. Вазирликнинг фикрича, бу 16 та чорраҳадаги юкланишни 25% га камайтиради.
Изоҳлар мавжуд емас