Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда фуқароларга осон иш топиш ёки чет элда ўқишни ваъда қилаётган консалтинг фирмалари устидан шикоятлар кўпаймоқда. Сафар ўрнига қуруқ ваъдалар ва йўқотилган миллионлар.
2025 йил бошидан буён Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига бундай схемалар қурбони бўлган фуқаролардан 20 га яқин мурожаат келиб тушган. Одамлар визаларни расмийлаштириш, шартномалар ва ҳамроҳлик учун пул тўлашган, аммо охир-оқибат ҳеч қаерга кетишмаган ва пулларини қайтариб олишмаган.
Масалан, тошкентлик фуқаро Латвияга ишлаш учун Консалтинг Н1 B2B компаниясига 16 миллион сўмдан ортиқ маблағ тўлаган. Фарғоналик фуқаро Қўқондаги Vivat Viz фирмасига ишга жойлашиш ва ўша давлатга виза олиш учун 2 минг доллар ўтказиб берган. Янгийўллик фуқаро Яккасарой туманидаги Black Mountain Pro компаниясига Германияга ишга жойлашиш учун 36 миллион сўм берган. Кейинчалик маълум бўлишича, фирмалар лицензияга эга бўлмаган, кўрсатилган хизматларни кўрсатмаган, баъзи ҳолларда эса умуман ёпилган.
Фаолияти саволларга сабаб бўлган ташкилотлар қаторида: Diamond Ideal, Work and Study Abroad, SJ Team, Consulting Fly, Asia Consult Edugately, Euro Asia Consulting Centre, Exlusive Assistant, Doch Consult, Global Consulting Effort, Poland Business Support and Viza ва бошқалар. Бу фирмалар ижтимоий тармоқларда фаол реклама қилиниб, кафолатланган жўнаб кетишни ваъда қилишган, аммо аслида пул йиғиб, ғойиб бўлишган.
Қонунга кўра, чет элда ишга жойлаштириш билан фақат лицензияланган агентликлар шуғулланиши мумкин. Бироқ, кўплаб "маслаҳатчилар" бу талабни эътиборсиз қолдирадилар. Масалан, Миграция агентлиги томонидан "Everyone Consult" ва "Worldviza" компанияларига нисбатан 112,5 миллион сўм ундирилган. "Rich Result," "Ravon Consult Group" ва "Adworld Group" компаниялари бўйича ҳам чоралар кўрилди.
Расмийлар фуқароларни ҳушёр бўлишга чақиради:
лицензияни текширмасдан туриб пул ўтказмаслик;
шартнома шартларини диққат билан ўқиб чиқиши;
"ҳаммасини ҳал қиламиз" деган ваъдаларга ишонмаслик.
Ёдда тутинг! Чет элда ўқиш ва ишлаш учун қонуний йўллар етарли ва уларнинг ҳеч бири “Instagram”даги шубҳали фирмага катта миқдорда пул ўтказишдан бошланмайди.
Изоҳлар мавжуд емас