Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МДХМИ) Тошкент филиалида янги ўқув йилида магистратура бўйича иккита, бакалавриат бўйича битта янги дастур очилади. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
МДХМИ проректори Артём Мальгиннинг айтишича: "Бу йил Москва давлат халқаро муносабатлар институти Тошкент филиалида иккита янги магистрлик дастурлари пайдо бўлади. Булар "event-менеджмент” ва "синхрон ва ёзма таржима назарияси ва амалиёти"дир. Биринчи йўналиш бўйича гапирадиган бўлсак, унинг иқлим нуқтаи назаридан жуда қулай эканлиги аниқ. Зеро, тарих ҳамда сақланиб қолган маданий мерос нуқтаи назаридан Ўзбекистон каби мамлакат нафақат анъанавий сайёҳлик, балки анжуман ва форумларни ташкил қилиш марказларидан бирига айланиши мумкин. Очиқ виза тартиби жорий этилганлиги туфайли бу Ғарб учун ҳам, Шарқ учун ҳам мақбул майдонча саналади".
Унинг фикрича, йирик тадбирлар юқори даражадаги профессионаллар амалга оширилиши керак. Улар минбарда гул ва байроқчаларни тўғри жойлаштириш қаторида воқеавий туризм ва конференциялар ташкил этишнинг моҳиятини яхши тушунишлари мақсадга мувофиқдир.
"Биринчидан, таҳлил талаб этилади. Сиз мавзуни тушунишингиз, маърузачиларни топишингиз, қизиқарли одамларни тўплашингиз керак. Бунинг учун иқтисодий соҳа, сиёсий ва иқтисодий жараёнларнинг амалий таҳлили каби қўшма йўналишлар бўйича тегишли компетенецияларга эга бўлишингиз керак", - деди у.
Унинг айтишича, бошқа бир йўналиш - “синхрон таржима” Россия университети учун ноёб саналади.
"МДХМИда 53 та чет тиллари ўқитилиб, университет ушбу кўрсаткич бўйича Гиннеснинг Рекордлар китобига киритилган. Бизнинг тил ва таржима компетенцияларимиз ноёбдир. Биз тилшунослик университетлари каби назарияни ўргатмаймиз. Аммо таржимонларимиз энг юқори даражада ишлашаётгани, дипломатик таржималарни таъминлаётганликларининг гувоҳи бўляпмиз. Бизнинг кўплаб битирувчиларимиз хусусий секторда ҳам фаолият юритишмоқда. Булар таржимонлар ҳисобланиб, лингвистик тайёргарликдан ташқари профессионал билим бериладиган университетда тайёрланишлари керак ", - деди Мальгин.
Суҳбатдошнинг фикрига кўра, агар одам ушбу мавзуни камида тушуниш даражасида эгаллаган бўлмаса, масалан, юридик мазмундаги матнни таржима қила олмайди.
“"Синхрон таржима” дастури жорий йилда очилади. Ҳозирча бу йилда биз икки тилда - инглиз ва француз тилларида қабулни амалга оширишга ҳаракат қиламиз", - деди у.
"Халқаро хусусий ҳуқуқ" бакалавр дастурининг янги йўналишига келсак, у камида тўртта тилнинг ўрганилишини ўз ичига олади - инглиз тили (юридик), замонавий рус тили, ўзбек тили ва танлов бўйича иккинчи хорижий тил. Янги ўқув йилида 50 кишини қабул қилиш режалаштирилган. Бир йиллик ўқиш пули 6400 долларни ташкил қилади.
Қизиғи шундаки, Мальгиннинг сўзларига кўра, МДХМИ Тошкент филиалининг дипломи Москвада ўқиган битирувчи дипломи билан бир хил бўлади.
"Унда Тошкент ёзуви бўлмайди. Биз учун МДХМИ ҳамма жойда МДХМИ бўлганлиги жуда муҳим. Ҳужжатда фақатгина ихтисослик ёзилади ", - деди у.
Изоҳлар мавжуд емас