Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Москвадаги фирибгарлар тузоғига тушиб қолган ўзбекистонликларга Ватанига қайтишга ёрдам берган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Мухбиримизга агентлик матбуот хизмати маълум қилишича, воқеа 28 ноябрь куни Домодедово туманида содир бўлган. Агентликнинг тезкор ташкил этилган ишчи гуруҳи 13 нафар ўзбекистонлик паспортни қайтариб олишга эришган ва 50 нафар юртдошимизга Ватанига қайтишга ёрдам берган.
"Москвадаги ваколатхонамизнинг ишонч телефонига сигнал келиб тушганидан сўнг, офис ходимлари Домодедово туманига боришди ва фирибгарларга дуч келган ватандошларимизнинг муаммоларини ҳал қилишди, можаро Россия полициясини жалб қилмасдан тугади", – дея изоҳ берди Агентлик матбуот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов.
Паспортлари олиб қўйилган фуқароларимиз билан боғлиқ муаммо айнан нимада бўлганини Норов маълум қилмади.
Эслатиб ўтамизки, Бош офиси бўлган Москвада Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиянинг 16 минтақасида ўз вакилларига эга. Ҳар бир минтақавий идорада қийин вазиятга тушиб қолган ўзбекистонликларнинг мурожаатлари учун ишонч телефони мавжуд.
Кўмак учта йўналишда амалга оширилади:
-
ҳуқуқий ёрдам;
-
молиявий ёрдам;
-
ижтимоий ёрдам.
Масалан, Агентлик вакиллари ватандошларга уйга қайтишда ёрдам беришмоқда. Ёрдам учун республика Меҳнат вазирлиги ҳузурида меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш учун махсус жамғарма мавжуд. Бундай ваколатхоналар Корея, Қозоғистон ва Туркияда ҳам очилган.
Изоҳлар мавжуд емас