Загрузка
Загрузка
Мутахассис: қандли диабети бор ва ортиқча вазнли кишиларда коронавирус оғир  кечади
Жамият

Мутахассис: қандли диабети бор ва ортиқча вазнли кишиларда коронавирус оғир кечади

424
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази диабетология бўлими шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Феруза Тоҳирова нима сабабдан қандли диабети бор ва ортиқча вазнли кишиларда коронавирус оғир кечиши ҳақида айтиб берди.  

“Қандли диабети ва ортиқча вазни бўлган инсонлар турли хил инфекцияларга мойил бўлади. Сабаби - шакар микроблар учун озуқа моддаси ҳисобланади. Агар қандли диабети бор бемор қонида глюкоза кўп бўлса, коронавирус ушбу беморларда оғир кечади. Сабаби касалликда кузатиладиган «цитокинлар ҳужуми» учун шакар қувват манбаидир. Айниқса, тана вазни ортиқча бўлган қандли диабети бор инсонларда коронавирус оғир кечади”, - деди у.

“Текширувлар натижасида шу нарса аниқ бўлдики, коронавирус юққан пайтда иммунитетни сунъий равишда ошириб бўлмайди. Аммо витамин Д, С, цинк ва магний каби витаминларни қабул қилиш тавсия этилади. Бу дорилар коронавирусни даволамайди, лекин улар иммунитетни бир маромда ушлаб туришга хизмат қилади. Одам организмида иммунитет меъёрда бўлиши учун бу витаминлар керак бўлади”, - дея таъкидлади мутахассис.

Шунингдек, Тохированинг фикрича, қандли диабет хасталигининг бош сабаби - соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслик ҳисобланади. Жумладан, нотўғри овқатланиш, камҳаракатлилик сабабли ривожланадиган ортиқча семизлик қандли диабетга бўлган мойилликни оширади. Диабет белгилари унинг турига қараб фарқланади.

“Касалликнинг асосий белгилари қуйидагилар: доимий чанқоқлик, кунига уч литрдан кўп суюқлик ичиш, ҳожатхонага тез-тез чиқиш, иштаҳа очилса-да вазн камайиши, яраларнинг секин битиши, доимий чарчоқ ва хотиранинг пасайиши. Айрим инсонларда оёқлар оғриғи кузатилиши мумкин. Касалликнинг дастлабки белгилари кузатилгандаёқ шифокорга мурожаат қилиш керак. Ҳар бир киши ўзининг танаси вазнини назорат қилиб бориши, унинг меъёрий кўрсаткичлардан ошиб кетишига йўл қўймаслиги лозим бўлади”, - деди шифокор.

Агар инсонда қандли диабетга мойиллик бўлса ва у кучли қўрқувни бошдан кечирса, бу инсонда қандли диабет бўлиш эҳтимоли бор. Инсон ҳаётда яшар экан, турли кутилмаган воқеаларга дуч келади, турли синовларни бошдан ўтказади. Сурункали давом этувчи стресс ҳолатлари, уйқусизлик, гипертония касаллиги ҳамда айрим дори препаратлари (никотин кислота, глюкокортикоидлар, тиреоид гормонлар) қандли диабет касаллиги пайдо бўлишида муҳим роль ўйнайди.

“Ҳаёт давомида меъёрдан ортиқ овқат истеъмол қилиш ва энергияни сарф қилмаслик натижасида организмда энергия баланси бузилади. Одатдагидек сарф бўлмаётган энергия организмда гликоген ва ёғлар кўринишида тўпланиб боради. Бу жараён кучайиб боргани сари организмда инсулинга сезувчанлик камайиб боради ва бу ҳолат углеводлар алмашинуви бузилишига олиб келади. Яъни, 2-тур қандли диабетнинг пайдо бўлиши ижтимоий ҳолатга эмас, балки камҳаракатлик, нотўғри ва тартибсиз таомланишга боғлиқ”, - дея таъкидлади Тохирова.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...