Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Гиёҳванд моддалар савдоси ҳар қандай мамлакатнинг миллий хавфсизлигига асосий таҳдидлардан биридир. Шу билан бирга, нотинч Афғонистоннинг қўшниси сифатида Ўзбекистон бошқа давлатларга гиёҳванд моддалар контрабандаси ва транзитига қарши курашнинг олдинги сафларида турибди.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, бугунги кунда жаҳон героин бозорининг 90% дан ортиғи Афғонистонга тўғри келади. Ушбу мамлакатдаги афюн плантациялари 200 минг гектарни эгаллайди. Бундан ташқари, бугунги кунда давлатда синтетик гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ҳам фаол ўзлаштирилмоқда.
Шунингдек, мутахассисларнинг маълумотлари шуни кўрсатадики, Толибоннинг гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришга қарши кураш тўғрисидаги баёнотларига қарамай, уларнинг ҳокимиятга келганидан кейин Афғонистондан ноқонуний моддалар экспорт ҳажми бир неча бор ошган. Афғонистонлик наркобаронларнинг даромади йилига 4 миллиард доллардан ошган.
Афғонистон гиёҳванд моддалари Ўзбекистонга Тожикистон, Қирғизистон орқали ва тўғридан-тўғри Афғонистондан олиб келинади. Ўтган йили Ўзбекистон божхоначилари 9,2 тоннага яқин турли хил гиёҳвандлик воситаларини олиб қўйишган. Бу ўтган йилга нисбатан 12 баравар кўп.
Масалан, ўтган йилнинг май ойида контрабандачилар Афғонистондан анор шарбати ниқоби остида суюқ синтетик дориларнинг катта партиясини олиб киришга ҳаракат қилишган. 9 минг пластик идишдан 48 таси умумий оғирлиги 103 килограмм бўлган метамфетамин билан тўлдирилган бўлган. Гиёҳванд моддаларнинг умумий қиймати 70 миллион доллардан ошган.
Буларнинг барчаси Толибон вазиятни назорат қила олмаслигини англатадими ёки бу унга шунчаки керак эмасми? Масала бир қарашдагидек оддий эмас. Марказий Осиё бўйича эксперт, Новосибирск давлат бошқарув иқтисодиёти университетининг Жаҳон иқтисодиёти, халқаро муносабатлар ва ҳуқуқ кафедраси мудири, "Сибирь халқаро тадқиқотлар жамияти" директори Денис Борисов мухбиримизга вазият ҳақида ўз фикрини баён қилди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва тарқатиш замонавий жаҳон иқтисодиётида давлат назорати остида эмас ва шу билан бирга жадал ривожланиб, мамлакатларнинг ижтимоий – иқтисодий ва сиёсий ривожланишидан қатъи назар, уларнинг катта қисмини қамраб оладиган улкан саноатдир.
"Асосий истеъмолчилар - ривожланган мамлакатларнинг қорни тўйиб кетган аҳолиси ҳисобланади. Буларга АҚШ, Ғарбий Европа давлатлари, шунингдек, жаҳон сайёҳлик марказлари ҳамда ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларнинг келажакдан умиди сўнган фуқаролари киради. Органик наркотикларнинг асосий ишлаб чиқарувчилари Лотин Америкаси (кокаин) ва Марказий ва Жанубий-Шарқий Осиё (афюн) ҳудудларидир", - деди у.
Бундан ташқари, Борисовнинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда органик наркотикларга синтетик моддалар кучири рақобатчи бўлмоқда. Улар арзонроқ ва энг муҳими – ишлаб чиқаришни ташкил қилиш учун географик боғланиш йўқ.
"Шунинг учун синтетик гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш анъанавий ҳудудларни ҳам, гиёҳванд моддалар савдоси учун атипик ҳудудларни ҳам ўз ичига олади. Масалан, "синтетика" нинг йирик ишлаб чиқарувчилари Болқон давлатлари ва сўнгги ўн йил ичида Украинада ҳудудида фаолият юритмоқдалар", - деди суҳбатдошимиз.
Шу билан бирга, бутун гиёҳвандлик саноати учта устунга таянади. Биринчиси- ўз ҳудудида гиёҳвандлик бизнесига йўл қўядиган давлат институтларининг заиф томонлари; иккинчиси- анъанавий ва синтетик гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш учун зарур кимёвий моддалар (прекурсорлар) етказиб берадиган ривожланган мамлакатларнинг кучли кимё саноати; учинчиси- “қонли” пулни қонунийлаштирадиган ғарбий (асосан трансмиллий) молиявий инфратузилма.
"Бу инсонлар ҳаёти эвазига ишлайдиган бизнес, аммо одатда айтилишича, бунда шахсий масала йўқ. Афғонистон ҳақида нима дейиш мумкин. Толибон ҳокимият тепасига келганидан кейин мамлакатда афюн кўкнори экин майдонларини кескин қисқартирди. Улар деҳқон уй хўжаликларини анъанавий экинларни етиштиришга йўналтиришга ҳаракат қилмоқдалар. Аммо бу жараён ҳеч бўлмаганда вақтни талаб қилади, бошқа барча нарсалар – ресурслар, технологиялар, институтлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади", - деди Борисов.
Бироқ, катта бир жиҳатга эътибор бериш лозим: Америка ташқи бошқаруви йилларида бу мамлакатда шунчалик кўп афюн ишлаб чиқарилган ва омборларда тўпланганки, кейинги ўн йил ичида бир хил ҳажмда узлуксиз етказиб бериш учун етарлидир.
"Ривожланган мамлакатларга ҳам гиёҳванд моддалар билан боғлиқ вазиятни назорат қилиш қийин, ёш Афғонистон давлати гапирмаса ҳам бўлади. Гиёҳвандлик ва давлат назорати мавзуси алоҳида суҳбатни талаб қиладиган жуда кўп қиррали масаладир. Келинг, бир ҳолатни қайд қилайлик: Қобул ҳам, Бангкок ҳам, Богота ҳам бу соҳадаги вазиятни назорат қила олмайди", – дея таъкидлади эксперт.
Ўзбекистон ҳам Афғонистон билан чегарадош бошқа Марказий Осиё республикалари сингари, ушбу мамлакатдан гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашнинг олдинги сафларида турибди. Бу борада учинчи томон ёрдамисиз қилолмайсиз. Ушбу курашда табиий иттифоқчи сифатида Россия кўрсатиш жоиз.
"Мамлакатларимиз бу борада Марказий Осиёда фаолият юритаётган кўп томонлама хавфсизлик ва тараққиёт институтлари – МДҲ ва ШҲТ доирасида ҳамкорлик қилмоқда. Умуман олганда, ушбу дипломатик форматларда иш икки йўналишда олиб борилмоқда",- деди суҳбатдошимиз.
Биринчидан, норматив-ҳуқуқий базани унифкация қилиш, ҳуқуқий процессуал масалаларни стандартлаштириш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тўғрисидаги маълумотларни алмашиш тартиб-қоидаларини тезлаштириш орқали гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний тарқалишига қарши курашда ҳамоҳанглик таъминланади. Иккинчидан, гиёҳванд моддаларни етказиб бериш каналларини тўхтатиш ва гиёҳванд моддалар билан шуғулланувчи жиноятчиларини қўлга олиш учун қўшма тезкор-тергов тадбирлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини ўқитиш амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон КХШТ аъзоси бўлмаса-да, унинг вакиллари наркотрафикнинг олдини олиш бўйича қўшма тадбирларда иштирок этиш учун мунтазам равишда жалб этилади. Маълумки, ташкилот 2021-2025 йилларга мўлжалланган гиёҳвандликка қарши стратегияни қабул қилган. Масалан, ташкилот ўтган йилнинг сентябрь ойида "Канал-Қўлга олиш" субминтақавий гиёҳвандликка қарши операциясини ўтказган. Қўшма саъй-ҳаракатлар билан кучишлатар тузилмалари 850 дан ортиқ гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларни аниқлашган ва қарийб 900 килограмм гиёҳванд моддаларни мусодара қилишган.
Гиёҳванд моддалар контрабандасиннг олдини олиш бўйича қўшма операциялар Ўзбекистон ва Россия куч идоралари томонидан икки томонлама асосда ҳам амалга оширилмоқда. Масалан, 2023 йил ёзида улар Санкт-Петербургдан Урганчга оғир гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга уринишни тўхтатишган. Ўзбекистон фуқароси героин ва нашани қандолат маҳсулотлари ниқоби остида олиб киришга ҳаракат уринган.
Шу билан бирга, кўплаб мутахассислар гиёҳванд моддалар савдоси муаммосига нафақат махсус операциялар орқали, балки инфратузилма яратиш, янги иш ўринларини шакллантириш, қолаверса, Афғонистон иқтисодиётини янада барқарор қилишга ёрдам берадиган бошқа чоралар орқали қарши курашиш лозимдир, деган фикрга қўшилишмоқда.
"Мен нафақат афғонистонликлар, балки барча мамлакатларимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қайғуриш кераклигини айтардим. Бу табиий равишда гиёҳванд моддалар саноатида иштирок этадиган одамларнинг ижтимоий базасини камайтиради, онгни ўзгартирувчи моддалар ишлаб чиқарувчилари ва истеъмолчиларининг инсон салоҳиятини пасайтиради", - деди Борисов.
“Гиёҳванд моддалар муаммоси аҳолининг ижтимоий-иқтисодий нотичлиги аломатидир. Ҳар қандай касаллик сингари, аломатларни тўхтатиш керак, аммо дастлабки сабабни ҳал қилмасдан, сезиларли натижаларга эришиб бўлмайди”,- дея қўшимча қилди суҳбатдошимиз.
Аммо, агар бу узоқ муддатли вазифа бўлса, унда самарали қисқа муддатли чора-тадбирлар нуқтаи назаридан муаммони мамлакатларимизнинг банк тизимлари орқали "ювиладиган" гиёҳванд моддалар эвазига ишланган пуллар устидан давлатлараро молиявий назоратни кучайтириш орқали ҳал қилишни бошлаш мумкин.
"Жазони умрбод қамоқ жазосига қадар кучайтириш керак. Аммо бу жазони гиёҳванд моддаларни муҳтожлик учун ичида ташишда мажбур бўлган оддий ижрочиларга эмас, балки ўз мижозларининг маблағларининг келиб чиқиш тарихига кўз юмган банкирлар ва нақдлаштирувчиларга нисабатан қўллаш керак. Замонавий технологиялар ноқонуний равишда олинган маблағларни легаллаштиришни жиддий равишда мураккаблаштиришга имкон беради. Аммо, амалдорларимизда буни қилиш истаги борми, деган савол туғилади", - дея хулоса қилди эксперт.
Изоҳлар мавжуд емас