Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-154-сон Фармони ижроси доирасида эълон қилинган навбатдаги баҳолаш натижалари айрим давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимликлар фаолиятида ҳисобдорлик ва шаффофлик масаласи ҳамон оқсаётганини кўрсатди. Хусусан, 2024 йилги кўрсаткичлар билан қиёсланганда, бир қатор стратегик ташкилотларнинг рейтинги кескин пасайиб, "қизил" тоифага тушиб кетган.
Рейтингдаги энг кескин ва танқидий пасайиш Тошкент шаҳар ҳокимлиги фаолиятида кузатилган. Пойтахт маъмурияти 2024 йилда 67,6 балл билан "сариқ" тоифада бўлган бўлса, 2025 йилга келиб ўз кўрсаткичини қарийб 28 баллга ёмонлаштирган. Ҳозирда ҳокимлик 40 балл билан республика бўйича рейтингнинг энг сўнгги поғонасига тушиб, очиқлик бўйича энг ёмон натижани қайд этган.

Тизимли инқироз "Ўзбекистон темир йўллари" жамияти фаолиятида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Мазкур акциядорлик жамияти кетма-кет икки йил давомида "қизил" тоифадан чиқа олмаган. Унинг кўрсаткичи ўтган йилги 67,6 баллдан (сариқ чегараси) 45,6 баллгача тушиб кетган бўлиб, бу соҳада ҳисобдорликнинг пасайиб бораётганидан далолат беради. Шунингдек, "Ўзбеккўмир" компанияси ҳам ўз мавқеини бой берган – 2024 йилда 71,8 балл билан "яшил" тоифада бўлган ташкилот, 2025 йилда 55,3 балл билан "сариқ" тоифанинг энг қуйи қисмига тушиб қолган.
Ҳудудий ҳокимликлар орасида Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамон "қизил" ҳудудда қолмоқда. Гарчи 2024 йилдаги энг паст кўрсаткич (28,5 балл) 43 баллгача кўтарилган бўлса-да, бу натижа вилоят ҳокимлигини республикадаги энг ёмон кўрсаткичга эга учта ташкилот қаторидан чиқара олмаган.

Бундан ташқари, 2025 йил якунларига кўра, Тошкент вилояти ҳокимлиги (47,0 балл), Судялар олий кенгаши (48,7 балл), Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш агентлиги (48,5 балл) ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлиги (49,2 балл) ҳам энг ёмон натижаларни қайд этиб, "қизил" тоифадан жой олган. Бундай пасайишлар мазкур идораларда коррупцияга қарши курашиш ва жамоатчилик олдида шаффофликни таъминлаш борасидаги ишлар талаб даражасида эмаслигини англатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2025 йил давомида ҳоким ёрдамчилари томонидан содир этилган жиноятлар юзасидан расмий маълумотларни эълон қилганди. Олий суд тақдим этган рақамлар тизимда коррупция даражаси ҳамон юқорилигини кўрсатмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас