Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Яқинда ижтимой тармоқларда таниқли тарихчи ва археолог Маргарита Филановичнинг мурожаати тарқалди. Унда олима аёл Тошкентдаги учта тарихий ёдгорлик- Шош тепа, Мингўрик ва Оқтепа Юнусободни зудлик билан қутқариш зарурлиги хусусида гапирган.
Бу соҳада ўзи нималар бўлаётгани ва нима учун ҳукумат олимлар ва жамоатчилик вакилларининг фикрини инобатга олмаётгани ҳақида санъатшунос Мариника Бабаназарова билан суҳбат олиб бордик. У Савицкий номидаги машҳур Давлат санъат музейи директори лавозимида ишлаб туриб, қорақалпоқ музейининг минглаб экспонатларини сақлаб қолишга муваффақ бўлган.
Ҳозирда у Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик Кенгаши раиси ва Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик Кенгаши раисининг ўринбосари.
"Ҳеч ким олимлар ва жамоатчиликнинг фикри билан қизиқмайди, биз Маданият вазирлигига Ўзбекистон музейларидаги аҳволни қандай яхшилаш ҳақида таклиф бердик, уни ҳеч ким ўқимади ҳам, жавоб ҳам бермади. Худди шу ҳолат маданий ёдгорликларга ҳам тегишлидир", - деди Мариника Маратовна Batafsil.uz мухбирига.
Унинг сўзларига кўра, у Маданият вазирлигининг ёдгорликларга бўлган муносабатидан ҳайратда қолган.
"Албатта Маргарита Ивановна Филанович маданий ёдгорликларнинг ҳолати ҳақида куюниб гапирмоқда. Бу қанчалик нафратли бўлмасин, қандайдир ўйин бўлаётганига ўхшайди – дастлаб ваъда бериб, рози бўлишади. Аслида эса олимлар, жамоатчилик вакиллари ва музей мутахасисларининг фикрини ҳеч ким жиддий қабул қилмайди. Ҳаммаси илгаридагидек қолмоқда”, -дея таъкидлади у.
Шу билан бирга, мутахассис Қорақалпоғистондаги Шамун-Наби мақбараси билан юз берган шов-шувли ҳолатга тўхталиб ўтди. Мақбарани консервация ва реставрация қилиш учун махсус комиссия тузилган бўлиб, унинг таркибига Мариника Бабаназарова ҳам киритилган. Комиссия ўз хулосасини берган бўлсада, бир неча йил ўтганига қарамай, бирор-бир чора кўрилмаган.
“Энг ёмони, ўрта асрнинг ноёб иншооти Миздокхон деворлари ёнида янги қабр барпо этилган. Бу каби ҳолатларга ҳар куни дуч келамиз, бироқ раҳбариятдан ҳеч кимнинг боши қотмайди”, -дея якунлади мутахассис.
Изоҳлар мавжуд емас