Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази олимлари мамлакат тарихида илк бор ўзбекистонликлар генини тўлиқ очиб, таҳлил қилди. Аниқланган мутацияларнинг деярли учдан бир қисми жаҳон илм-фанига номаълум бўлиб чиқди ва халқаро маълумотлар базаларига киритилди.
Тадқиқот хавотирли натижаларни кўрсатди: ҳар иккинчи болада ирсий мутациялар аниқланган, болаларнинг 86 фоизи эса камида битта "шикастланган" ген ташувчиси бўлиб, бу халқаро меъёрлардан икки баравар юқори. Олимларнинг фикрига кўра, бу ҳудудларда қариндошлар ўртасидаги никоҳлар улушининг юқорилиги билан боғлиқ.
Мутахассислар огоҳлантирмоқда: бундай ҳолат нафақат ирсий касалликларга, балки келажак авлод саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
"Генетик мутациялар диабет, юрак-қон томир ва онкологик касалликлар, шунингдек, бошқа кенг тарқалган патологиялар ривожланиш хавфини оширади. Бундан ташқари, бу касалликлар ёшроқ даврда тобора кўпроқ намоён бўлиши мумкин," - дея таъкидлайди олимлар.
Тадқиқотчилар никоҳдан олдин никоҳланувчиларни мажбурий генетик текширувдан ўтказишни жорий этишни, шунингдек, болалар ўртасида эрта скрининг ва профилактика дастурларини кенгайтиришни тавсия қилади. Бу касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва самарали даволаш усулларини қўллаш имконини беради.
Тадқиқот натижаларига кўра, текширилган беморларнинг ярмидан кўпида аниқ генетик ташхис қўйишга муваффақ бўлинди, бу эса шифокорларга оптимал терапияни танлашга ёрдам берди.
“Илк бор халқимиз генининг асл манзарасини кўрдик. Агар кўпчилик болаларда яширин ирсий мутациялар бўлса, бу жараённи профилактика ва генетик маслаҳатлар тизимисиз тўхтатиб бўлмайди. Шунинг учун никоҳдан олдин никоҳ жуфтликларини скрининг қилиш дастурларини жорий этиш жуда муҳим", - деди Илғор технологиялар маркази директори, "Ўзбекистоннинг 1000 геноми" лойиҳаси раҳбари, профессор Шаҳло Турдиқулова.
"Ўзбекистоннинг 1000 геноми" лойиҳаси аҳолининг генетик харитасини яратиш ва миллий биобанкни шакллантиришга қаратилган. Ушбу маълумотлар персоналлаштирилган тиббиётни янада ривожлантириш, янги дори-дармонлар ва аниқ скрининг дастурларини ишлаб чиқиш учун асос бўлади.
Илғор технологиялар маркази замонавий лабораторияларга эга илмий муассаса бўлиб, биотехнология, генетика, нанотехнология ва сунъий интеллект соҳаларида илмий тадқиқотлар олиб боради. Марказ олимлари пандемия даврида коронавируснинг янги штаммларини аниқлашда фаол иштирок этишди, шунингдек, ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасини яратишда ҳаммуаллифлик қилишди.
Ушбу тадқиқот нафақат ўзбек илм-фанининг катта ютуғи, балки аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлидаги муҳим қадамдир. Илмий натижаларга асосланган профилактика тизими келажак авлод саломатлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Эслатиб ўтамизки, Шаҳло Турдиқулова Жаҳон фанлар академияси аъзоси бўлиб, Ўзбекистонни жаҳон илм-фан майдонида танитмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас