Загрузка
Загрузка
Олимлар: Ўзбекистонда атом электростанцияси қурилиши учун танланган устувор ҳудудда ккки минг йилдан буён кучли зилзилалар қайд этилмаган
Жамият

Олимлар: Ўзбекистонда атом электростанцияси қурилиши учун танланган устувор ҳудудда ккки минг йилдан буён кучли зилзилалар қайд этилмаган

1075
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистон - юқори даражадаги сейсмик минтақа ҳисобланади. Шунинг учун фуқароларимиз зилзила юз берганда бўлажак атом электр станцияси хавфсизлигидан хавотирда бўлиши табиийдир. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Сейсмология институти мутахассислари зилзилаларнинг атом электр станцияси фаолиятига салбий таъсирининг олдини олиш бўйича қандай иш олиб борилаётганлиги хусусида батафсил сўзлаб бердилар.

Сейсмик вазиятни ўрганиш

Жамиятни қизиқтирадиган биринчи савол шундан иборатки, мазкур атом станциясини қуриш режалаштирилган ҳудуднинг сейсмик фаоллиги ҳисобга олинганми ёки йўқми. Ушбу ҳудуд Жиззах вилоятидаги Айдар-Арнасой кўллар тизимига тегишли Тузкан кўли яқинида жойлашганлигини эслатиб ўтамиз.

Ядровий объектлар учун бино ва иншоотларни лойиҳалаш жараёнида ушбу объектлар учун жой танлашда мазкур ҳудудларга қуйиладиган таъқиқловчи талабларни ҳисобга олиш лозим бўлиб, улар Халқаро атом энергияси агентлигининг (МАГАТЭ) алоҳида хавфсизлик кўрсатмаларига мувофиқ таснифланади. Бундай таъқиқловчи омиллардан бири - сейсмик таъсирнинг максимал йўл қўйилиши мумкин бўлган даражаси ҳисобланади.

Ушбу меъёрлар 2001 йилда Россиянинг НП-032-01 меъёр ва қоидаларига жорий қилинган. Уларда қайд этилишича, агарда атом электр станцияси МСК-64 шкаласи бўйича зилзила 9 баллдан юқори бўлган ҳудудда жойлашадиган бўлса, бу ҳолатда қурилиш таъқиқланган. Аммо 2019 йилда меъёр янада қатъийлашди, яъни сейсмик таъсирнинг максимал рухсат этилган даражаси 8 баллгача «пасайтирилди» (НП-032-19 ҳужжати). Бу эса соҳадаги хавфсизлик масаласига қанчалик катта эътибор берилаётганлигини тасдиқлайди.

Ҳозир Ўзбекистон АЭС қуришда сейсмик хавфсизликнинг ўз меъёрларини ишлаб чиқмоқда. Шунингдек, МАГАТЭнинг сейсмик хавфларни ҳисобга олишнинг барча жиҳатларини қамраб оладиган ССГ-9 тавсиялари мавжуд. Ўзбекистонда АЭС қурилиши уларга тўла мувофиқ келади. 2020 йилнинг иккинчи ва учинчи чорагида Ўзбекистонда АЭС жойини танлаш ва АЭС қурилиши ва ундан фойдаланиш пайтида атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш учун МАГАТЭнинг иккита эксперт миссияси ўтказилади.

Қурилишни таъқиқловчи омилларни истисно қилиш учун миссия давомида танланган зонанинг сейсмотектоник ва сейсмологик шароитлари синчковлик билан ўрганилади. Бунинг учун АЭС қурилиши учун ажратилган ҳудуднинг тектоникаси ва сейсмиклиги бўйича материаллар батафсил тадқиқ этилади.

Вахитхон Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Сейсмология институти директорининг фан бўйича ўринбосари, геология ва минералогия фанлари доктори:

- Дастлаб, атом электр станциялари учун муносиб жойни танлаш зарур бўлганда, республика мутахассислари томонидан 10 та жой танлаб олиниб (ҳар бир пункт бир нечта жойдан иборат бўлиши мумкин), охирида иккитаси қолди. Жойига чиқилганидан кейин, барча пунктлар изчиллик билан ўрганилди. “Тўдакўл” участкасидаги сейсмиклик даражаси Тузкан кўли яқинига нисбатан анча юқори бўлганлиги учун ундан воз кечилди.

Пухта муҳандислик изланишлар натижасида Тузкан пунктидаги учта участкадан биттаси танлаб олиниб, устувор деб қабул қилинди. Танланган участка зилзила содир бўладиган фаол тектоник зоналардан энг узоқда жойлашган. Энди эса танланган ҳудудни чуқурроқ ўрганиш амалга оширилмоқда, аниқроғи, кичик ёриқлар мавжудлиги, геологик ривожланишнинг ҳозирги босқичида уларнинг фаоллик даражаси текширилмоқда.

Шу мақсадда кенг қамровли геофизикавий, сейсмологик ва геотехник тадқиқотлар олиб борилмоқда. Аммо, бугунги кунда бизга яхши маълумки, қурилиш майдончаси яқинида ўрганилаётган ҳудуднинг тектоник фаоллигидан далолат берувчи бирорта мўътадил зилзила кузатилмаган. Шунинг учун бу майдонча биз томондан кўриб чиқилганларнинг барчасидан энг мақбулидир.

Ҳамкорлик

АЭС лойиҳалашда бинолар сейсмик қаршилигининг учта тоифаси мавжуд: биринчиси- реактор биносининг ўзи ҳамда ядровий ва радиацион хавфсизлик учун бевосита жавобгар бўлган бир қатор бино ва иншоотлар, иккинчиси - бузилиш эҳтимолида электр энергиясини ишлаб чиқаришда узилишларга олиб келадиган бинолар (масалан, турбинали бино), учинчиси - бошқа бино ва иншоотлар ҳисобланади.

Агар бошқа биноларни қуришда стандарт сейсмик меъёрларга эътибор қаратиш мумкин бўлса, дастлабки икки тоифа ушбу иншоотларнинг юқори даражадаги масъулиятини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиб, бу борада ҳам ўз сейсмик қаршилик нормативлари амал қилади. Бугунги кунга келиб майдонча танлашнинг биринчи босқичи якунланган. Мазкур майдонча бошқа ташкилотлар, хусусан, бутун дунё бўйлаб атом электр станцияларини қуришда сейсмик хавфни баҳолаш бўйича катта тажрибага эга бўлган Россия Ер физикаси Институти билан ҳамкорликда пухта таҳлил қилинмоқда.

Роман Ибрагимов, Россия Фанлар академияси Сейсмология институти, “Минтақавий сейсмиклик ва сейсмик районлаштириш” лабораторияси етакчи илмий ходими, физика-математика фанлари доктори:

– Юқори жавобгарлик тоифасига эга объектларнинг сейсмик хавфини баҳолашда сейсмик таъсир кўрсатадиган барча салбий омилларни ҳисобга олиш зарур. Яъни хавфга энг консерватив баҳо бериш талаб этилади. Ҳозирда Сейсмология институти томонидан атом электр станциялари қурилишида устувор деб топилган жойларда 8 та махсус сейсмик станциялар ўрнатилиб, улар ҳар қандай зилзиланинг зонага қандай таъсир қилишини қайд этиб боради.

Россия томони ҳам ушбу ҳудудда сейсмик вазиятни кузатиб борувчи 8 та станцияни ўрнатди. Уларнинг иш натижалари бўйича олинган маълумотлар шифрланиб, бюллетень шаклида МАГАТЭга тақдим этилган.

Сейсмик моделлар қандай яратилади

Мутахассислар сейсмик манбалар, яъни кучли зилзила содир бўладиган зоналар моделларини яратишмоқда. Махсус кўрсаткичлар ёрдамида ушбу зоналарда юзага келиши мумкин бўлган зарбаларнинг сейсмик таъсири АЭС майдончасида қандай юзага келиши мумкинлиги ҳисобланади. Айни пайтда геологик, геофизикавий ва сейсмологик маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг бутун ҳудуди бўйича ер қобиғидаги энг фаол ёриқлар аниқланди.

Аммо уларнинг динамик таъсир доиралари ёриқликларга қараганда анча кенгроқдир. Кучли зилзилаларнинг аксарияти айнан шу зоналар чегарасида юз берган. Мазкур зоналар улар чегарасида содир бўлиши мумкин бўлган энг катта зилзилалар ҳажмига кўра тақсимланади. Баъзи зоналар энг кучли зилзилаларни, бошқалари эса кучсизроқларини келтириб чиқаради.

Агарда Тузкан кўли яқинидаги танланган ҳудуд ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг 50 километр атрофида икки минг йилдан ортиқ вақт мобайнида кучли зилзила юз бермаган. Бу ҳақида инструментал ва архив маълумотлари ҳам далолат бермоқда.

Улфат Нурматов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Сейсмология институтининг сейсмогеодинамика лабораторияси мудири, физика-математика фанлари номзоди:

- Жаҳон амалиётида бўлгани каби, биз зилзила эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда бир қатор сейсмотектоник моделларни яратамиз ва уларнинг ҳар биридан сейсмик таъсирни - баллик, тезланиш даражаси ҳисоблаймиз. Институтнинг айни босқичдаги вазифаси- қайси сейсмик фаол зоналарда зилзила юз бериши мумкинлиги ва унинг қайси бир тўлқинлари АЭС зонасигача этиб боришини аниқлашдан иборат.

– Институтимизнинг глобал ва истиқболли вазифаси- АЭС қурилиши ва фаолият юритиши даврида сейсмик вазиятни кузатишдан иборат. Унинг ўзгарувчанлиги кўпгина омиллар - ер шароитидаги ўзгаришлар, ер ости сувларининг ҳаракати, сув кимёвий таркибининг тупроқ тузилишига таъсири ва бошқалар таъсир қилади. Бизга ишониб топширилган атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш борасидаги улкан масъулиятни англаб турибмиз.

ВВЭР-1200 реакторига эга АЭС технологиялари

Росатом компанияси Россияда ишлатилаётган энг илғор 3+ авлод станциясини Ўзбекистонга таклиф этмоқда. Лойиҳа албатта майдончанинг ўзига хос хусусиятларига мослаштирилиб, энг консерватив сейсмик баҳолашни ҳисобга олади.

Атом электр станцияси "Фукусимадан кейинги" талабларни ҳисобга олган ҳолда қўшимча ишлаб чиқилган ишлаш тамойилларга асосланган фаол ва пассив (яъни оператор иштирокисиз) замонавий ҳимоя тизимлари билан жиҳозланган. АЭСда чуқур эшелонланган ҳимоя тамойили амалга оширилган бўлиб, ҳаттоки фавқулотда ҳолатларда ҳам атроф-муҳитга радиоактив заррачалар чиқиб кетишини олдини олишга имкон беради.

Халқаро тажриба

Сейсмик фаоллиги юқори бўлган кўплаб мамлакатларда атом электр станциялари фаолият юритади ва қурилмоқда.

Хитойда 47 та ядровий реактор ишлаб, яна 11 та иншоот барпо этилмоқда. Эронда Бушер АЭС фаолият юритмоқда.

Ишлаётган кўплаб атом электр станциялари зилзилалар тез-тез рўй берадиган Япония, Жанубий Корея, Покистон, Ҳиндистон каби мамлакатларда жойлашган. АҚШ ядро реакторлари сони бўйича дунёда биринчи ўринда туради ва мазкур станцияларнинг бир қисми юқори даражадаги сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган.

Вахитхон Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Сейсмология институти директорининг фан бўйича ўринбосари, геология ва минералогия фанлари доктори:

1988 йил Арманистонда юз берган даҳшатли зилзилани бир эслайлик. Спитак зилзиласи пайтида унинг ҳудуди 7 баллик зарбани қабул қилган бўлсада, 1977 йилда қурилган маҳаллий АЭС бунга бардош бера олган. Таҳлил натижаларига кўра аниқланишича, минтақадаги кўплаб бинолар паст сифатли лойиҳалаш ва қурилиш меъёрларининг бузилганлиги учун вайронага айланган. 

Аммо, ўшанда ҳам бу табиий офат АЭСга таъсир кўрсатмаган. Боиси шундаки, ҳар доим ҳам мазкур соҳадаги қурилиш сифати ва хавфсизлигига катта эътибор берилган. Маълум вақт давомида АЭС фаолияти тўхтатилиб қўйилиб, кейинчалик қайта ишга туширилди ва ҳозирда муваффақиятли ишламоқда. Фукусима зилзиласи борасида бир оз аниқлик киритмоқчиман: АЭС зилзилалар туфайли эмас, балки цунами таъсирида вайронага айланган. Умуман олганда, дунё тарихида қурилган барча АЭС исталган кучдаги зилзилаларга бардош берган.

Шу сабабли, бугунги кунда биз дунё тажрибасидан сейсмик фаол ҳудудларда атом электр станцияларини қуриш ва муваффақиятли ишлатишда самарали фойдаланишимиз мумкин. Албатта, сейсмик вазиятни кузатиш ва АЭС қурилишида Ўзбекистонда энг илғор технологиялар қўлланилиб, зилзилалар натижасида юзага келиши мумкин бўлган оқибатларнинг олдини олиш таъминланади.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...