Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида Хитой компаниясининг инвестициявий кўмаги билан махсус саноат зонаси қурилиши бошланди. Унинг таркибига "Буюк Ипак Йўли" саноат технопарки ҳам киради. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Тошкент вилояти ҳокимлигининг матбуот хизмати билдиришича, қурилиш ҳамкори сифатида Хитойнинг Zhejiang Holley Global Industry Development компанияси иштирок этмоқда.
"Буюк Ипак Йўли" саноат технопарки махсус саноат зонасининг таркибий қисми сифатида Олмалиқ шаҳрининг "Ҳилол" маҳалласи ҳудудида жойлашади ва 227 гектар майдонни эгаллайди.
Бу ерда электротехника, тўқимачилик, қурилиш материаллари ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган 100 га яқин корхона барпо этилиши режалаштирилган.
Бу импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 80 миллион долларга етказиш ва 12 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш имконини беради. Шу билан бирга, лойиҳанинг йиллик экспорт ҳажми 120 миллион доллар этиб баҳоланмоқда.
Қурилиш икки босқичда амалга оширилади. Январь ойида 13 гектар майдонда икки қаватли кўргазма зали, уч қаватли офис биноси, логистика маркази, кичик ҳажмли музлатгичлар ва трансформаторлар ишлаб чиқариш мажмуаси қурилиш ишлари бошланган.
Аввалроқ хорижий инвестор "Буюк Ипак Йўли" технопарки лойиҳасига 1 миллиард доллар сармоя киритиши ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳлар мавжуд емас