Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистон яқин йилларда тўлақонли мис кластерини яратиш учун миллиардлаб доллар сарфламоқчи. Натижада мис ишлаб чиқариш 400 минг тоннага етказилади ва бу мамлакатга ҳар йили 7-8 миллиард доллар фойда келтиради. Шуниси муҳимки, мис нафақат хомашё сифатида хорижга жўнатилади, балки Ўзбекистонда замонавий ишлаб чиқариш объектларида қайта ишланиб, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотга айлантиради.
Ана шундай корхоналардан бири Ангрен махсус индустриал зонасида жойлашган Олмалиқ кон-металлургия комбинати таркибида 2013 йилда барпо этилган қувур заводидир. Бугунги кунда корхонада турли диаметрдаги мис қувурлари ишлаб чиқарилиб, улар маиший техника, коммунал хўжалиги ва бошқа соҳаларда ишлатилади. Қизиғи шундаки, коронавирус пандемияси корхона учун бундай маҳсулотларни қўллаш мумкин бўлган яна бир йўналишни кўрсатиб берди. Бу тиббиёт соҳаси.
Batafsil.uz. мухбирлари қувур заводига ташриф буюриб, нима учун Ўзбекистон мис кластерини яратиш ва турдош тармоқларни ривожлантириш учун катта маблағ сарфлаётгани, корхонанинг жаҳон бозорида қанчалик рақобатбардош эканлиги ва пандемия даврида кўплаб ўзбекистонликларни қандай қутқарганини билиб олишди.
Технологик майдонча
Ангрен қувур заводи (АҚЗ) кўзимизга ноодатий ишлаб чиқариш участкаси сифатида намоён бўлди: ангарга ўхшаш кичик хона, лекин жуда кенг ва тоза. Очиқ пушти рангдаги айлана гардишлар жуда кўп. Улар дастгоҳлар, йирик катушкалар устига қўйилган, тайёр маҳсулотлар омборига жойлаштирилган. Компания технологининг сўзларига кўра, бир тонна мис қувурларини ишлаб чиқариш 5-6 соат давом этади. Бироқ, бу ерда иш доимий равишда қайнаб туради. Ишлаб чиқаришда қарийб 200 киши банд.
Завод ҳудуди шартли равишда уч қисмга бўлинган – эритиш, ишлаб чиқариш, қадоқлаш бўлимлари. Эритиш участкасида Олмалиқдан келтирилган мисли тунукалар 1150 градусда қаҳрабо рангли қайнаб турган массага айланади. Кейин эса, цилиндрсимон кристаллизатор орқали бу масса диаметри 9 сантиметр бўлган ўзакча ҳосил қилади. Чиқиш жойида бу ҳосила сув билан совутилади. Ҳар бир босқичда юқори қатламни тозалашдан сўнг, унинг диаметри керакли ҳажмгача камаяди.
Кондиционерлар ишлаб чиқарувчилари учун махсус ускуналарда ички қовурғачали қувурлар ишлаб чиқарилади: спиралли бурама совутгичга ўз вазифасини тез ва самарали бажаришга ёрдам беради.
Ишлаб чиқаришнинг якуний босқичида тайёр қувурлар катушкаларга ўралади ёки 7 метргача бўлакланиб, сўнгра ишлаб чиқариш мойларидан тозалаш ва табиий мис ранги ва юмшоқлигини бериш учун куйдириш шахтасига йўналтирилади. Шундан сўнг улар қадоқланиб, буюртмачига жўнатишга тайёрланади. Арралашдан қолган мис парчалари қайта эритилиб, ишлаб чиқаришга юборилади.
Шуни таъкидлаш керакки, мис қувурлари ўзининг қулайлиги туфайли харидоргир ҳисобланади: улар енгил бўлсада, аммо чидамли, юқори ва паст ҳароратларга, босимга бардошли ва коррозияга учрамайди. Улар зарарли моддаларни чиқармасдан ёки тўпламасдан юз йилдан ортиқ вақт давомида ишлатилиши мумкин.
Ангрен қувур заводи маҳсулотлари, аввало, ўзининг юқори сифати билан қадрланиб, корхонада қатъий назорат қилинмоқда. Бунинг учун кимёвий таҳлилга мўлжалланган бутун бир лаборатория фаолият кўрсатади. Унда тайёр маҳсулот кимёвий таҳлилдан ўтказилиб, мис таркиби, мустаҳкамлиги, қаттиқлиги, юмшоқлиги ва бошқа мезонлар текширилади.
Сотиш бозорлари
Ишлаб чиқарилаётган қувурларнинг аксарияти хорижлик буюртмачиларга етказиб берилмоқда.
"Ўн ой ичида биз йиллик экспорт режасини бажардик. Дастлаб 2,6 минг тонна маҳсулот етказиб бериш режалаштирилган бўлса, амалда 4,5 минг тонна мис қувурларини жўнатдик. Бу мамлакатимизга 41 миллион келтирди, бу ўтган йилга нисбатан икки баробар кўпдир. Асосий сотиш бозорлари-Туркия, Россия, Беларус, Болгария, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон. Айни пайтда Мисрга етказиб бериш масаласида иш олиб бораяпмиз ва маҳсулотларимизни Германияга сотиш борасида бир неча ойдан бери музокаралар олиб борилмоқда", - деди Ангрен қувур заводи директори Эрйигит Сулайманов.
Заводнинг маҳсулотлари халқаро мавзуий кўргазма ва ярмаркаларда фаол равишда тарғиб қилинмоқда, бу ерда корхона вакиллари таъминот шартномалари билан қайтиб келишмоқда. Ҳозирда завод вакиллари Дубай шаҳрида бўлиб ўтаётган кўргазмада иштирок этмоқда.
АҚЗ раҳбари таъкидлаганидек, пандемия туфайли завод маҳсулотларига бўлган талаб кескин ошди. Мис қувурлари, хусусан, кислород тарқатадиган ва ўта оғир беморларга етказиб бериладиган қувурлар учун ишлатилади. Ўтган йили Ангрен заводи коронавирус билан касалланган беморларни даволайдиган барча маҳаллий тиббиёт муассасаларига мис қувурлар етказиб берган.
"Қувурлардан тиббий мақсадларда фойдаланиш учун уларни Давлат стандарти бўйича тозалаш керак эди. Бу қийин буюртма ҳисобланади. Шунга қарамай, шундай оғир дамларда бу касалликка қарши курашга ўз ҳиссамизни қўша олганимиздан хурсандмиз", - деди корхона раҳбари.
Ривожланиш йўналишлари
Давлат раҳбарининг бир неча бор таъкидлашича, маҳсулотларни хом ашёнинг ўзидан кўра қўшимча қийматга эга маҳсулот сифатида сотиш афзалроқ. Хусусан, бу йил мис кластерини яратиш ва мисдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинди. Эрйигит Сулаймоновнинг сўзларига кўра, Ангрен қувур заводи ҳам бу борада катта роль ўйнайди. Шу билан бирга, корхона ҳар йили ишлаб чиқариш ва экспорт режаларини муваффақиятли бажариб, йилига 8 минг тонна мис қувурларини ишлаб чиқаришга қараб бормоқда.
"Биз ҳар йили мис қувурлари ишлаб чиқаришни кўпайтираяпмиз. Агар 2018 йилда 4,5 минг тоннадан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, сотилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 5 мингдан ошди. Бу йил эса ўн ой ичида 2020 йилга қараганда маҳаллий ва хорижий буюртмачиларга бир тонна кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқариш ва етказиб бериш имкониятига эга бўлдик. Бироқ, биз бу ерда тўхтамаймиз, йил охирига қадар ҳали икки ой бор, шунинг учун ишлаб чиқариш ва сотиш кўрсаткичларини 6.5 минг тоннага етказишни режалаштирмоқдамиз", - деди АҚЗ директори.
Бундан ташқари, корхона жамоаси нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки маҳсулот турларини кенгайтириш борасида ҳам иш олиб бормоқда. Масалан, беш йил аввал бу ерда 70-80 турдаги мис қувурлари ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозир заводда 180 турга яқин маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.
Завод ишчилари маҳсулотларни маҳаллийлаштириш борасида ҳам ишламоқда. Мисол учун, 2018 йилда АҚЗ мис эритиш заводининг эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган мис тунукалари ишлаб чиқариш учун квадрат профилли қувурлар ва штангалар ишлаб чиқаришни бошлаган. Илгари улар Россия ва Қозоғистондан олиб келинган. Ушбу турдаги маҳсулотларга бўлган йиллик эҳтиёж ҳисобланса, маҳаллий ишлаб чиқариш 8 миллиард сўм тежаш имконини беради.
Шу билан бирга, Ангрен заводи ходимлари томонидан келгуси йил учун жиддий режаларни белгилаб олган. Ишлаб чиқариш суръатини ошириш орқали завод ишчилари бозорга янги турдаги маҳсулотларни олиб чиқишни ва уни чиқариш ҳажмини оширишни режалаштирмоқдалар. Бу таъминотларнинг ўсиши ва кўпроқ даромад келтиришини кафолатлайди.
Реклама ҳуқуқлари тўғрисида
Изоҳлар мавжуд емас