Загрузка
Загрузка
Жамият

Олтин ва мис ҳажмини ошириш. ОКМК йирик конлардан бирини ривожлантирмоқчи. Видео

997
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Электр ускуналарини ишлаб чиқарилишининг кенгайиши ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш йилдан-йилга жаҳон бозорида мис қийматини оширмоқда. Сайёрамизда йирик мис конлари кам қолмоқда, Ўзбекистонда эса заҳираси узоқ йилларга етадиган ушбу металлнинг йирик конлари мавжуд.

Июнь ойи охирида Шавкат Мирзиёев   йиғилиш ўтказиб, унда саноат мис кластери тузилгани ҳамда нафақат мис ишлаб чиқариш, балки юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни ҳам кўпайтириш зарурлигини таъкидлаган эди. Агар бугунги кунда Ўзбекистоннинг мис саноатидан тушадиган даромад 2,5 млрд долларни ташкил этса, кейинги 5 йил ичида тўғри ёндашув қўлланилган тақдирда бу кўрсаткич 7-8 млрд долларни ташкил этиши мумкин.

Бу борада Олмалиқ кон-металлургия комбинати етакчи роль ўйнаши режалаштирилган. 2028 йилга бориб, қатор йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилгач, бу ерда 400 тонна мис, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш ишлаб чиқариш белгиланган. Кун тартибида яна қандай узоқ истиқболли режалар борлиги ҳақида корхона мутахассислари ва унинг ҳамкорлари мухбиримизга сўзлаб беришди.

Дунёга юз очиб

Комбинат олдида турган янги вазифаларни хорижий инвестицияларни жалб қилмасдан, шунингдек, етакчи халқаро тажрибадан фойдаланмасдан ҳал этиш қийин бўлади. Шу аснода ОКМК очиқлик сиёсатини амалга оширмоқда, оммавий ҳисоботнинг глобал воситаларидан фойдаланмоқда. Шу мақсадда 2019 йилдан бошлаб корхона захираларини қайта ҳисоблаш ва уларни JORC кодексининг халқаро стандартларига мувофиқ таснифлаш мақсадида йирик лойиҳаларни бажариш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Комбинат томонидан мазкур фаолият кончилик-геология соҳасидаги етакчи халқаро консалтинг компанияларидан бири - Буюк Британиянинг "SPK Consulting" билан биргаликда амалга оширилмоқда. “Қалмақир” ва “Ёшлик 1” конларидаги қидирув ишлари доирасида 475та янги қудуқ қазилган, халқаро стандартларга жавоб берадиган яқин ва узоқ хориждаги ихтисослаштирилган сертификатланган лабораторияларда 114 мингдан ортиқ турли таҳлиллар ўтказилган.

"JORC -халқаро стандартларга мувофиқ минерал захиралар бўйича оммавий ҳисобот кодексидир. У ишончли бўлган маълумотларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун ишлатилади, чунки ушбу ҳисоботни тузган компания тақдим этилган маълумотларнинг аниқлиги учун жавобгарликни ўз зиммасига олади. Бу инвесторларни жалб қилиш учун ажойиб восита", - деди Геология бўлими бошлиғининг очиқ ишлар бўйича ўринбосари Аброр Йўлдошев.

2030 йилда заводда “Қалмақир” ва “Ёшлик 1” олтин-мис-порфир конларини бирлаштириш ишлари бошланади. Ушбу лойиҳа дунёда миснинг таркиби бўйича олтинчи ва олтин миқдори бўйича биринчи ўринда туради. Бу ерда рудали массанинг умумий тоннажи 19,5 млрд тоннага етади - бу кўп йиллар фойдали қазилмалар олиш учун етарли ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда фойдали қазилмалар жойлашган руда қатламига етиб бориш учун “Ёшлик 1”да жадал ишлар олиб борилмоқда. Ушбу конда қазиб олиш ишлари учун умумий нархи 415 млн. доллардан ортиқ 570 та техника сотиб олинган.

Ноёб объект

Ҳозирда “Ёшлик 1” кони рудасини қайта ишлаш учун 3-сонли мисни бойитиш фабрикаси қурилиб, унда энг замонавий технологиялардан фойдаланилади. Лойиҳа 2 млрд. долларга баҳоланмоқда.

196 гектар ер майдонида қўпол ва майдаланган руда омборлари, ўрта ва кичик майдалаш корпуси, майдалаш, флотация ва сувсизлантириш бўлимлари учун асосий бино, гидрометаллургия цехи, омбор ва тайёр маҳсулотларни жўнатиш қисми, таъмирлаш-механика устахоналари ва бошқа бўлинмалар жойлашган.

Янги корхонанинг ишга туширилиши йилига 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш ва 160 минг тоннадан ортиқ мис қазиб олиш имконини беради. Бундан ташқари, мисни бойитиш фабрикасида олтинни сорбциялаш усули орқали мисни флотация қилиш - комбинациялашган бойитишнинг янги технологиясидан фойдаланилади.

Янги мисни бойитиш фабрикасида барча технологик жараёнлар замонавий ускуналар туфайли тўлиқ автоматлаштирилган. Бу инсон омилининг технологик жараёнларга таъсирини камайтиради, маҳсулот сифатини яхшилайди ва авариялар эҳтимолини камайтиради.

Янги иншоотни Марказий Осиёда саноат қурилиши борасидаги етакчи “Enter Engineering” компанияси ва Россиянинг тоғ-кон саноати учун ускуналар ишлаб чиқарувчиси “Уралмашзавод” қурмоқда. Фабрика фойдаланишга тўлиқ тайёр объектни топширади. Enter Engineering объект қурилиши ва уни лойиҳалаштиришни ишларини бажаради. Урал заводи эса технологик жиҳозларнинг тўлиқ мажмуини тақдим этади. Хусусан, 100 дона техника, жумладан йирик габаритли тегирмонлар, майдалаш-кўтариш ускуналари, ўртача майдалаш учун конусли майдалагичлар, турли хилдаги элаклар, 300 кубли флотация машиналари етказиб берилади.

"Айни пайтда бўлажак фабрика жойида ер усти ишлари олиб борилмоқда. Қурилишнинг ўзи 2023 йилнинг октябрида якунланади ва 2024 йилнинг январь ойига келиб барча ишга тушириш ишларини якунлаш ва ишчи ҳолдаги объектини буюртмачига топшириши режалаштирилган. Қурилишнинг биринчи босқичида ишга 13 минг мутахассис ва 1 минг дона махсус техника жалб қилинади. Лойиҳа учун оқим диаграммаларини, ускуналарни тўлиқ етказиб бериш бўйича техник талабларни тайёрлаган Италиянинг "Wood" компаниясини таклиф қилдик. Консорциумдаги ҳамкоримиз “Уралмашзавод” билан паралель равишда барча технологик ускуналарни яратиш устида иш олиб борилмоқда”, - деди “Enter Engineering”нинг лойиҳалаштириш департаменти бошлиғи Диёр Зинатдинов.

Карьерга комплексли майдалаш ускуналари ўрнатилади ва бу ерда узунлиги 4 километрга яқин бўлган магистрал конвеер ҳам ишлайди. У барча рудани карьердан янги мисни   бойитиш фабрикасига ўтказади. Бутун жараён тўлиқ автоматлаштирилган бўлади. Конвеер бўйлаб таъмирлаш гуруҳи ишлаши ва уларни назорат қилиш учун махсус назорат йўллари қурилади.

Зинатдиновнинг сўзларига кўра, ушбу объектнинг жойлашуви экологик нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда аҳоли зич жойлашган объектлардан узоқда танланган. Корхона фаолиятидан атроф-муҳитга зарар етмаслигини намоён қилувчи тадқиқот ҳам ўтказилган. Шунга қарамай, иншоот қурилиши якунлангач, атроф-муҳитга таъсири бўйича якуний хулоса тайёрланади.

"Барча зарур экологик талабларни ўташ учун технологик ускуналарга нисбатан муайян шартлар қўйилди. Масалан, йирик майдаланган рудани сақлаш омбори фақатгина 40 метр баландликдаги очиқ майдондан иборат бўлмай, шамол таъсирида чангнинг олдини учун металл қурилмалардан тайёрланган махсус темир-бетон таянчлар ва деворлар ҳам назарда тутилган. Шунга кўра, барча жиҳозлар ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб амалга оширилади", - деди суҳбатдошимиз.

Янги завод

Келажакда комбинатда тўртинчи мисни бойитиш фабрикаси ҳам қурилади. Янги фабрикаларнинг ҳар бири 500 донадан ортиқ ускуна – конвеерлар, мураккаб майдалагичлар, шарли тегирмонлар, флотация машиналаридан иборат бўлади.

Мазкур ускуналар доимий ва юқори сифатли кўрик, шунингдек таъмирлашни талаб қилади. Марказий таъмирлаш механика заводи (МТМЗ) ишлаб чиқариш объектларининг барқарор ишлаши учун эҳтиёт қисмларни узлуксиз етказиб бермоқда. Бу ерда эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва корхона харажатларини камайтириш борасида тинимсиз меҳнат қилинмоқда. 2018-2021 йилларда корхонада 93 та янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилган.

2020 йилда импорт ўрнини босиш дастури доирасида МТМЗда умумий қиймати 90 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Жорий йилда 82,2 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўтган 7 ой мобайнида 65 млрд. сўмлик эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилган.

Мутахассисларнинг тахмин қилишича, заводнинг мавжуд қувватлари янги мисни бойитиш заводларини таъминлаш учун етарли бўлмайди. Шундай қилиб, 2025 йилга бориб 30 мингдан ортиқ эҳтиёт қисмларга талаб юзага келади, 2028 йилда эса бу кўрсаткич 252 мингтага ошади.

Бу муаммони ҳал қилиш учун раҳбарият ўз машинасозлик заводини қуришга қарор қилган. Корхона 7 та цех ва майдалагичлар, тегирмонлар, шунингдек комбинатнинг барча мисни бойитиш фабрикалари учун бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарадиган бўлимлардан иборат бўлади. Янги ишлаб чиқариш робототехника ёрдамида автоматлаштирилади.

Ҳозирги кунда замонавий хорижий институтлар кўмагида машинасозлик заводи учун техник топшириқни тузиш ишлари олиб борилмоқда. Режага кўра, 2024 йилга бориб завод тўлиқ қувват билан ишлай бошлайди. Бу 4 мингга яқин доимий иш ўрни яратиш ва маблағни тежаш имконини беради.

Жумладан, бойитиш фабрикалари учун ускуналар йилига 7700 тонна марганецли қотишмани талаб этади. Хорижда бу маҳсулотнинг бир тоннаси 2,5 минг доллар туради. Янги заводда пўлат ишлаб чиқариш нархи тоннасига 1120 доллар ёки йилига 86 млн. долларни ташкил қилади. Шундай қилиб, биргина янги корхоналардаги асосий ускуналар бўйича иқтисод қилиш 10 миллион долларга тенг бўлади.

Заводда 80 тоннагача катта ўлчамли қисмларни қуйишни назарда тутадиган қуйиш цехини қуриш режалаштирилган. Бу ерда Ўзбекистонда тенги бўлмаган замонавий ускуналар – автоматлаштирилган қолиплаш линиялари, қум қолипларини қайта ишловчи мувофиқлаштириш марказлари, 3D принтерлари ўрнатилади.

Шунингдек, йилига 20 минг тонна ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган механика йиғиш цехи хам лойиҳага киритилган. Бу ерда тўлиқ циклли кон-металлургия ускуналарнии ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шу билан бирга, маҳсулотлардан нафақат ОКМК, балки республиканинг бошқа тоғ - кон саноати корхоналари ҳам фойдаланиши, шунингдек, экспорт қилиниши режалаштирилган.

Ўзаро манфаатли кооперация

Яқинда заводга Россиянинг етакчи ишлаб чиқарувчи ва барча тармоқлар учун электр машиналари етказиб берувчи “Русэлпром” делегацияси ташриф буюрган. Томонлар ОКМК негизида электр машиналари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш лойиҳасини муҳокама қилишган.

"Ускуналар билан таъминлаш баробарида биз ОКМК билан деярли 15 йилдан бери дўстмиз. Бугунги кунда фабриканинг улкан режалари бор. Миллионлаб тонна мис концентратини қайта ишлаш, бунинг учун кучли заводлар қуриш орқали металларни қазиб олишни кўпайтириш шулар жумласидандир. Албатта, биз бунда иштирок этишни жуда истаймиз. Рақобат жуда юқори эканлигини тушунамиз, лекин ускуналаримиз бизга жуда узоқ муддатли ҳамкорликка умид беради. Айтганча, ҳамкасбларимиз жуда қисқа муддатларни белгилаб олишган - 2 йил ичида бу миқёсдаги заводни қуриш давлатнинг кучи нақадар юқори эканлигидан далолат беради",- деди "Русэлпром"нинг ижрочи директори Леонид Бродский.

Унинг сўзларига кўра, томонлар учрашуви келгусидаги ҳамкорлик тўғрисида оғзаки қарорни мутаҳкамлаган баён билан якунланган. Корхонада электр моторларнинг қисмларини ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришилган. Шу билан бирга, ҳамкорликда ишлаб чиқарилиши режалаштирилган ускуналардан нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиёда, балки Россия ҳудудида ҳам фойдаланилади.

"Россияда ҳам кўплаб тоғ-бойитиш комбинатлари мавжуд бўлиб, қўшма маҳсулотлардан нафақат Ўзбекистонда, балки бизда ҳам фойдаланиш мумкин. Шунинг учун бу икки томонлама таъсир кўрсатади, ОКМК учун бу нафақат импорт ўрнини босиш, балки келажакда экспорт учун имконият ҳамдир", - дея таъкидлади "Русэлпром" вакили.

Шундай қилиб, Олмалиқ кон-металлургия комбинати Ўзбекистон ишлаб чиқариш қудратини мустаҳкамлаш ва кон-металлургия саноати соҳасида жаҳонда етакчилардан бири бўлиш учун давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган мақсадлар сари жадал ва ишонч билан ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг 

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...