ОТМКнинг  70 йиллиги нишонланди:  5 тонна  ош, баҳайбат машиналар  кўргазмаси  ва  салют
Жамият

ОТМКнинг 70 йиллиги нишонланди: 5 тонна ош, баҳайбат машиналар кўргазмаси ва салют

644

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА.Ўзбекистон рангли металлургияси флагманларидан бири 70 йиллик юбилейини нишонлади. Олмалиқ ТМК матбуот хизмати хабар беришича, шу муносабат билан Олмалиқда бир қатор байрам тантаналари бўлиб ўтди.

Байрам тадбирлари даставвал, янгиланган “Металлург” маданият саройида бошланиб, Хукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, йирик саноат корхоналари, хорижий ҳамкор вакиллари, комбинат ходимлари ва маҳаллий ҳамда чет эл ОАВ вакиллари иштирокида тантанали йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишни Бош вазир Абдулла Арипов очиб бериб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номидан расмий табрикни ўқиб эшиттирди.

Давлатимиз раҳбари ўз табригида комбинатнинг ўтган йиллардаги муваффақиятларини алоҳида таъкидлаб, 36 минглик жамоага фидокорона меҳнати ва дунё тан олган сифатли маҳсулот ишлаб чиқараётганлиги учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Шу билан бирга, Президент комбинатни ривожлантиришнинг устувор вазифаларини белгилаб берди. Шавкат Мирзиёев бугунги шиддатли даврнинг ўзи халқимиз қатори комбинат жамоаси олдига ҳам миллий иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган муҳим ва стратегик вазифаларни қўйишига эътибор қаратиб, мажмуа базасида юқори технология ва қўшимча қийматга эга харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, бу йўлда юртимизнинг табиий, меҳнат ва интелелктуал ресурсларидан тўлақонли фойдаланиш масалалари ғоятда долзарб эканлигини таъкидлади.

Президентнинг соҳа ривожи учун кадрлар тайёрлаш қанчалик юксак аҳамият касб этишига ҳам тўхталиб ўтди. Олмалиқда фаолият юритаётган Тошкент давлат техника университетининг филиали, шунингдек, ўтган йили ташкил этилган Россия Федерациясининг Миллий технологик тадқиқотлар университети   Москва пўлат ва қотишмалар институти филиали ушбу эзгу мақсадларга хизмат қилиши Президент томонидан эътироф эьтилди.

Юқоридагилар бирга, тантанали йиғилишда Абдулла Арипов Ўзбекистонда рангли металлургияни ташкил қилиш ва тараққий этишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган комбинат ишчи ва ходимларига давлат мукофотларини топширди.

“Агарда ушбу қутлуғ 70 йил давомида нималарни қўлга киритдик деганда, биз жуда катта мувфаққиятларга эришдик, деб айтардим. Комбинат ҳеч қачон 148 минг тонна мис ишлаб чиқармаган. Бу йил биз давлатга шу кўрсаткичларни беряпмиз. Жорий йилда аксарият кўрсаткичлар бўйича жиддий ўсиш юз бериши кутилмоқда. Бунинг барчаси фидокорона ва шижоатли мехнат, технологик интизомнинг тўғри қўлланилиш маҳсулидир. Энди биз технологик қайта жиҳозланишни бошлаб, бутун технологик ҳалқани янги жиҳозлар билан таъминлаймиз”,-деб айтди SFI Management Group чет эл корхонаси кузатув кенгаши аъзоси Қобул Шодиев.

Шунингдек, унинг айтишича, айни пайтда корхонада “Ёшлик” конини ишга тушириш бўйича инвесторларни жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда. Келажакда ёнма-ён жойлашган иккита “Калмақир” ва “Ёшлик” конларини “Олий Зиё” номи билан бирлаштириш режалаштирилган. Бундан ташқари, комбинатда яқин йилларда кам учрайдиган металлар, хусусан платиноидларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Унинг сўзларига кўра, 2023 йилгача умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ инвестицион дастурни ўзлаштириш белгиланган. Умуман, 2023 йилгача бир йилда руда қазиб олишни 40 миллиондан 10 миллион тоннгача, катодли мисни 106 мингдан 250 минг тоннагача,   рухни 68 мингдан 120 минг тоннагача, тозаланган олтинни 14.6 тоннадан 27 тоннагача, кумушни 98.6 тоннадан 157 тоннагача етказиш режалаштирилган.  

“ОТМК келажаги янада ёрқин, унинг кун сайин яқинлашаётган кўплаб истиқболлари мавжуд. Мен аминманки, буларни ҳаммасини ҳаётда тадбиқ этиш қўлимиздан келади. Чунки бизга давлат даражасида кўмак берилаяпти, акцидорлар ва ҳамкорларимиз ҳам ёрдамга тайёр. ", – деб айтди комбинат бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов.

Шуниси қизиқки, ҳатто туғилган кунида ҳам комбинат иш фаолиятини тўхтатгани йўқ. 70 йиллик тарихи давомида инқирозли 90 йилларда ҳам корхона печлари ишлаб турган. Бу ҳам ОТМК ходимларини тақдирлаш давомида эътироф этилди.

Байрам тадбирлари “Олтин олма” шаҳар хиёбонида давом этди. Бу ерда Олмалиқ ТМК томонидан ишлаб чиқариш жараёнини акс эттирувчи экспонат, модель ва макетлар кўргазмаси ташкил этилди. Баҳайбат БЕЛАЗлар, бульдозерлар, самосвал ва бошқа махсус машиналар шаҳар аҳолиси ва мехмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Шу хиёбоннинг   “Дельфин” аквапарки олдида 5 тоннали ош тайёрланди. Бу учун комбинатда янги қозон қуйилди. Ош тайёрлашга 1,3 тонна гўшт, 400 кг ёғ, 1,3 тонна гуруч, 1,7 тонна сабзи, 80 кг пиёз, 50 кг туз, 150 кг майиз ва нўхат, 3 кг зира ва қора мурч, шунингдек 250 литр сув сарфланган.

Пиширилган таом барча хохловчилар, шунингдек комбинат жамоаси ва “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига мунтазир қилинди. Кечки пайтда ОТМК юбилейини байрам концерти ва салют безади.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+