Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Республика махсус комиссияси пенсия ва нафақаларни тўлиқлигича пластик карталарга ўтказиш ҳақидаги қарорнинг нима сабабдан қабул қилинганлиги юзасидан тушунтириш берди. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.
“Мазкур қарорни қабул қилишдан асосий мақсад — пенсионер ва нафақа олувчиларнинг соғлиғини сақлаш ва коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишини олдини олишдир. Тиббиёт ходимларининг хулосаларига асосан, ушбу касаллик ёши катта, сурункали касалликка йўлиққан, иммунитети заифлашган одамларда оғирроқ кечади”, -дея таъкидламоқда комиссия.
Нақд пул орқали муомала қилиш — вирус тарқалишига олиб келувчи омиллардан ҳисобланади, чунки нақд пулда коронавирус қўзғатувчи қатор бактерия ва номаълум инфекциялар мавжуд бўлиб, улар узоқ муддат (4-5 кун давомида) сақланиб қолади.
Ҳозирги кунда республикада жами пенсия ва нафақа олувчилар сони 3,7 миллион кишини ташкил этади. Пенсия ва нафақа тарқатиш учун эса “Халқ банки”нинг 4,3 минг ходими, 600 дан ортиқ автотранспорт ҳайдовчилари ҳамда Марказий банк Инкассация хизматининг 1000 дан ортиқ ходими жалб этилган. Ушбу жараёнга ички ишлар идораларининг 1090 та ходими ҳам бириктирилган.
“Нақд пул шаклида пенсия ва нафақаларни олиш ва тарқатиш жараёнида қарийб 4 миллион одамнинг ўзаро мулоқоти республикада коронавирус инфекцияси тарқалиши хавф-хатарини кескин ошириб юборади”, -дейилмоқда Махсус комиссия берган маълумотда.
Пенсия ва нафақаларни пластик карталарга ўтказиш бўйича қарор амалдаги қонун ҳужжатларига зид ҳисобланмайди ҳамда пенсионер ва нафақахўрларнинг ҳуқуқларини бузишга эмас, балки уларнинг соғлиғини сақлашга қаратилган.
Шу билан бирга, комиссия қарорида нафақа ва пенсияларни пластик карталарга ўтказиш эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар амал қилиши ҳамда республикамизнинг барча ҳудудларидаги савдо нуқталарини тўлиқ тўлов терминаллари ва нақд пул олиш имконини берувчи банкоматлар билан таъминланиши назарда тутилган.
Эслатиб ўтамизки, илгарироқ Махсус комиссия карантин даврида пенсия ва нафааларни олишнинг янги тартибини тасдиқлаган эди.
Изоҳлар мавжуд емас