Пулнинг  аҳамияти  йўқ.  Batafsil.uz. мухбири коронавирусга қарши Хитой вакцинасини  ўзида синаётган  кўнгиллилар билан  суҳбатлашди
Жамият

Пулнинг аҳамияти йўқ. Batafsil.uz. мухбири коронавирусга қарши Хитой вакцинасини ўзида синаётган кўнгиллилар билан суҳбатлашди

397

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Бугунги кунда Ўзбекистонда 5128 нафар кўнгилли коронавирусга қарши Хитой вакцинасини олган. Улардан 659 нафари препаратнинг иккинчи дозасини қабул қилган. Бу жараёнда жами 11 минг 570 нафар кўнгилли иштирок этиш истагини билдирган.

CОВИД-19га қарши ZF2001 препаратини кўнгиллиларга ўтказиш Ички ишлар вазирлигининг бешта тиббий муассасасида амалга оширилмоқда. Batafsil.uz.  мухбири шундай жойлардан бирида бўлиб, кўнгиллилар аҳволидан хабар олди, нега улар айнан Хитой вакцинасини олишга қарор қилгани билан қизиқиб кўрди, даволаш қандай кечаётгани ва вакцинани қабул қилишда пул мукофоти қай даражада муҳимлигини билиб олди.

Сардор Исроилов, 23 ёшда, талаба:

- ОТМда кўнгиллилар кераклиги ҳақида маълум қилинди. Интернетда дунёда инфекциянинг янги ўчоқлари, вируснинг янги штаммлари ҳақида ёзишмоқда. Эҳтимол, эртами-кечми, ҳар-бир киши барибир эмланади. Мен фурсатдан фойдаланишга қарор қилдим.   Вакцина, эмлаш жараёни ва юз бериши мумкин бўлган оқибатлар ҳақида 100% маълумот берилди. Эмлашга ҳеч қўрқмасдан келдим. Мана биринчи дозани олдим, ҳозирча ҳеч қандай ўзгариш сезмаяпман.

Ойбек Тожибоев, Миллий гвардия ходими:

– Вакцина синовлари ҳақида батальон командиридан эшитдим. У хоҳласанг, эмланишинг мумкин, деди. Бизнинг иш асосан ташқарида кечади. Шунинг учун ҳар куни биз билан мулоқотда бўлган одамлар, оилам ҳақида (икки фарзандим бор) ўйлаб, бировнинг касаллигига айбдор бўлмаслик учун иштирок этишга қарор қилдим. Қариндошларим орасида ҳеч ким коронавирус билан касалланмаган, аммо бу ҳақида кўп эшитганман, кўп ўқиганман. Шунинг учун вакцина инфекцияга қарши ҳимояга айланади, деган умиддаман.

Поликлиникага бордим, ҳеч нарсадан қўрққаним йўқ, шифокорлар ҳозирча ҳеч қандай салбий оқибатлар қайд этилмаганига ишонтиришди. Қон ва ПЗР таҳлил топширдим. Шифокорлар кўригидан ўтдим. Икки кундан кейин мени эмлашга чақиришди. Ҳароратимни, қон босимимни ўлчаб, яна бир бор текширишди.

Инъекциядан кейин ҳар куни ҳароратни   ва укол қилинган жойни ўлчаш учун менга чизғич ва термометр берилди. Ҳамма нарсани харитага ёзиб қўйишимни айтишди [синов иштирокчиларига вакцинани олгандан кейин кузатиб бориш учун кундалик берилади]. Вакцинани олгандан кейин салбий ҳолатлар бўлса қўнғироқ қилиш учун телефон рақамини ҳам беришди.

Мен инъекция олганимдан кейин бугун саккизинчи кун, кўрик учун келганман, ёзувлар қайд этилган картани топширдим. Ўзимни яхши ҳис қиляпман, ўзгаришлар йўқ.

Пойтахтда истиқомат қилувчи Дилшод Файзуллаев:

- Рўйхатдан ўтдим, шифокор тушунтириш ишлари олиб борди. Таҳлиллар тоза чиқди. Шундан сўнг шартнома имзоладик. Мен биринчи дозани олдим, ҳозиргача ҳамма нарса яхши. Санитария меъёрларига риоя қилишда давом этаман.

Пул мукофоти кўнгилли бўлиш ҳақидаги қарорга таъсир қилгани йўқ. Миқдори кам бўлсада, бориш-келиш, озиқ-овқат харажатларини қоплайди. Бу вилоятдан келганлар учун жуда яхши.

Хитой коронавирусга биринчи бўлиб юзма-юз келди, менимча бу мамлакатда вакцинани ишлаб чиқиш учун кўпроқ вақт бор эди. Шунинг учун, у самара бериши керак.

Дилмурод Зуфаров, вилоят ички ишлар бошқармаси тиббиёт бўлими бошлиғи:

- Ҳамкасбларимиз ва мен аллақачон COVID-19 билан касал бўлиб, соғайдик. Бу коронавирус эндигина республика бўйлаб тарқалган пайтда юз берганди, шунинг учун танада ҳеч қандай антитаначалар топилмади. Биз учун эмланиш ҳақидаги қарор жуда муҳим. Ҳар куни турли беморлар билан мулоқот қиламиз. Бундан ташқари, бошқа синов иштирокчиларининг натижалари билан таққослаш, жараённи кузатиш имкони мавжуд.

Биз вакцинани биринчи бўлиб қабул қилганмиз. Бугунгача иккита доза олдик. Қусиш, кўнгил айниши, астения, аллергик реакциялар, ҳолсизлик ва иситма бўлиши мумкин. Буларнинг барчасидан бироз ҳароратнинг ошиши кузатилди холос.

Эслатиб ўтамизки, ўтган йилнинг декабрь ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Zhifei Longcom Biopharmaceutical ва Хитой Фанлар Академиясининг Микробиология институти томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши вакцинаси клиник синовларининг учинчи босқичини бошлаганди.

Шунингдек, Ўзбекистон Россиянинг коронавирусига қарши "Спутник V" вакцинасини тезроқ сертификатлаш устида иш олиб бормоқда. Қолаверса, америкалик ва германиялик ишлаб чиқувчилар томонидан тайёрланган Pfizer-BioNTech препаратининг 100 минг дозасини олиш режалаштирилган.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...