Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ҳар қандай замонавий ишлаб чиқаришни инновациялар ва IT -технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Айнан улар ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва харажатларни камайтиришнинг энг муҳим унсурлардан бўлиб хизмат қилади. Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) бу йўналишда етакчилардан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда компания келажакка ишонч билан кириб бориб, ишлаб чиқаришга рақамли технологияларни жорий этмоқда. Сўнгги йилларда бу ерда ўнлаб ноёб лойиҳалар амалга оширилиб, кўплаб ишланмалар ва янгиликлар жорий этилди. Мазкур кенг кўламли ишлар ҳақида комбинат мутахассислари Batafsil.uz. мухбирига сўзлаб беришди.
Қоғоздан рақам сари
Яқин йилларда ишлаб чиқаришнинг рақамли трансформацияси корхонанинг рақобатбардошлигини таъминлашда асосий омил бўлиб, самарадорликни оширишнинг янги усулларини топишга, бозор ўзгаришларига мослашувчан жавоб беришга ва тижорат фаолиятини яхшилашга имкон беради. Шу боис, 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида ОКМКнинг турли бўлинмалари фаолиятига тўлақонли рақамли бошқарув ва масофадан бошқаришни ташкил этиш бўйича замонавий IT -ечимлар жорий этилгани бежиз эмас.
"Комбинатнинг ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш бўлимининг вазифаларидан бири - корхонанинг барча бўлимларининг барқарор ва ритмик ишлашини таъминлашдир. 2010 йилдан бошлаб мутахассисларимиз мис заводида технологик жараёнларни барқарорлаштириш ва самарадорлигини ошириш имконини берувчи махсус компьютер дастурлари, хусусан, Mirror 1 ва Mirror 2 кабиларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида жиддий иш олиб бормоқда. Карьерларнинг турли қисмларида мис рудасининг таркиби турлича бўлиб, ускунанинг меъёрда ишлаши учун миснинг тенг миқдорда етказиб берилиши жуда муҳимдир. IT -ечимлар эҳтимолий носозликлар юз берганда бу жараённи тезда тартибга солиш имконини беради", - деди ОКМК ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш бўлими ва ижроия аппарати раҳбари Рамиль Артиқхўжаев.
Суҳбатдошимизнинг қўшимча қилишича, ихтисослаштирилган дастурий таъминот ёрдамида “Қалмақир” кони ва янги қурилаётган “Ёшлик 1”да самосвал техникаси, темир йўл линияси бўйлаб юкларни ўз вақтида етказиб бериш ва жўнатиш, шунингдек, Ангрен конидаги шахтада иш жараёнлари мониторинг ва назорат қилинмоқда. Барча ишлаб чиқариш дастурлари комбинат мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган ва ОКМКнинг интеллектуал мулки ҳисобланади. Бу ерда йил охиригача яна иккита ихтисослашган дастурни амалга оширилиши режалаштирилган.
Тарихнинг янги саҳифаси
Ушбу кенг кўламли ишларга ўтган йили қабул қилинган "Рақамли Ўзбекистон 2030" концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги президент фармони туртки бўлган. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Олмалиқ кон-металлургия мажмуаси учун ҳаракат дастури ишлаб чиқилиб, 9 та лойиҳа тасдиқланган, шундан 5 таси амалга оширилган ва бошқарув раисининг рақамли трансформация бўйича ўринбосари лавозими жорий этилган.
"Рақамли ОКМК 2030" концепцияси геологик ишлар (очиқ ва ёпиқ қазиб олиш, руда ташиш, уни бойитиш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш) ва бизнес жараёнлар (бухгалтерия, харидлар ва ходимларни бошқаришни автоматлаштириш)ни ўз ичига олади.
"Комбинатдаги жараёнлар қазиб олишдан бошланади, шунинг учун рақамлаштириш лойиҳаларидан бири сифатида кон-геологик ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш танланди. Махсус дастурий таъминот ёрдамида маркшейдерлар, геолог ва кончилар маълум участкада кандай таркибга эга руданинг борлигини тушуниш учун конлар, карьер ва ер ости шахталарининг уч ўлчовли моделларини қуриш имкониятига эга бўлишди. Бу иш фронтини режалаштириш, қайта ишлаш заводларига жўнатилган рудалар сифати бўйича тегишли кўрсаткичларга эришиш учун техникани мақбул тарзда тақсимлаш имконини беради", - деди ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бошқармаси бошлиғи Равшан Мақсумов.
Бундан ташқари, яқин вақт ичида корхонанинг ер ости шахталарида диспетчерлик ва хавфсизлик тизимлари жорий этилади. Биринчи босқичда Ангрен руда бошқармасининг "Қизил-олма" ва “Разведочная” шахталари учун автоматлаштирилган диспетчерлик назорати тизимини ишга тушириш режалаштирилган. Кейинчалик, лойиҳа комбинатнинг бўлинмаларидаги қолган барча шахталарида босқичма-босқич ўрнатилади.
Тизим ер ости ишларини тезкор назорат қилиш, ходимларнинг шахтага киритилишини кўриб бориш, диспетчернинг шахтерлар билан алоқасини таъминлаш, фавқулотда вазиятларда кон ишчиларини автоматик равишда хабардор қилиш ва уларнинг эвакуация қилинишини ташкиллаштира олади. Лойиҳани жорий йилнинг якунига қадар ишга тушириш белгиланган.
Шунингдек, лабораториялар фаолиятига, лойиҳалаштиришга, кадрлар тайёрлаш жараёнига, ошхоналар ишига ҳам рақамли технологиялар фаол жорий этилмоқда. Комбинатнинг энергетика муҳандислари энергия ресурсларини тижорат ва технологик ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини ишлаб чиқиш устида иш олиб боришмоқда.
Бундан ташқари, ишлаб чиқаришни оператив бошқариш учун автоматлаштирилган тизимлар MES (Manufacturing Execution System)жорий этилмоқда. Улар корхона ускуналари ва маълумот манбалари билан интеграциялашган бўлиб, реал вақт режимида ишлаб чиқариш бўлинмаларининг ҳолати ва мақоми ҳақида тезкор маълумотларга эга бўлиш имконини беради. MESдан фойдаланиш маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, унинг хусусиятлари барқарорлигини ва сифат даражасини ошириш учун шароит яратади.
Рақамли трансформация доирасида бухгалтерия, молия, ғазначилик, савдо ва сотувлар, ходимларни бошқариш ва бошқа жараёнларнинг асосий операцияларини автоматлаштириш, қоғозсиз ҳужжат айланамасига ўтишга қаратилган Enterprise Recourse Planning (ERP) тизимини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Бугунги кунда комбинатда 20 дан ортиқ ахборот тизимларидан фойдаланади, ERP жорий этилгандан сўнг уларнинг барчаси умумий бир тузилма доирасида ишлайди, бу эса турли маълумотлар манбалари ўртасидаги зиддиятларни бартараф этади.
Комбинатнинг техник салоҳияти
Бугунги кунда техника ҳар қандай ишлаб чиқаришнинг ажралмас қисмидир. Бугунги кунда “Қалмақир” ва “Ёшлик 1” карьерлари негизида 500 дан ортиқ йирик кон техникаси – бурғулаш қурилмалари, самосваллар, экскаваторлар ва темир йўл транспорти фаолият кўрсатмоқда. Уларни онлайн кузатиш имконини берадиган интеллектуал тизимлар билан жиҳозлаш режалаштирилган.
Тизимнинг ишга туширилиши экскаватор ва самосвал мажмуасининг унумдорлигини 5-15% гача оширишга, техникадан фойдаланиш харажатларини 8%гача камайтиришга, ёнилғини 5-10%гача тежашга, шунингдек, тоғ-кон ишлари ва оператив бошқарув хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беради.
"ОКМКга қарашли транспорт воситалари ё линияда бўлиб, рудани юклаш билан шуғулланади, ёки таъмирлашда туради. GPS тизими ёрдамида биз транспорт ҳаракатланишини онлайн кузатиб борамиз: унинг жойлашуви, қолган дизел ёқилғиси, маршрут ва километр, тоғ массасини ташиш ҳажми, охирги тўхташ жойларини кўрамиз. Буларнинг барчаси пировардида катта иқтисодий самара бермоқда", - деди Технологик транспорт бошқармаси мониторинг бўлими бошлиғи Санжар Ахмаджонов.
Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, транспорт ахборот тизими (ТАС) орқали таъмирлаш жараёни ҳам автоматлаштирилган. Илгарироқ, таъмирлаш учун транспортнинг туриши кўп вақт оларди: таъмирлаш варақалари қоғоз шаклида тузиларди, бу учун югуриб, имзо йиғиш зарур эди. Энди ҳамма нарса рақамли шаклда тузилмоқда. Таъмирлаш жараёни буюртма келиб тушиши биланоқ дарҳол бошланади. ТАСнинг жорий этилиши транспортнинг тўхтаб қолишини 30 дақиқага камайтириш имконини яратди. Таъмирлашга сарфланадиган вақтни камайтириш унинг ишлаш вақтини ва шунга мос равишда унумдорлигини оширишга ёрдам беради.
Бундан ташқари, дастур кейинги таҳлил ва профилактика чора-тадбирларни белгилаш учун ҳар бир транспорт воситасининг тиббий тарихини сақлайди. Жорий йилда комбинат мутахассислари тизимни янада ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқишни режалаштиришмоқда.
Таъкидлаш керакки, 2021 йилда комбинатга 220 тонна юк кўтариш қувватига эга 29та янги БелАЗ юк машиналари келтирилган. Шу билан бирга, комбинатга ишлаб чиқаришдаги турли вазиятларни виртуал моделлаштиришга мослаштирилган, бу йирик машиналарда ишлашга ўргатувчи махсус ускуналар келтирилган.
ОКМКнинг ишлаб чиқаришини рақамлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш келгусида IT -инфратузилмани янада ривожлантириш, ахборот тизимларидан фойдаланувчиларнинг ахборот хавфсизлиги ва рақамли саводхонлигини оширишни ҳам ўз ичига олади.
Бу йўналишда маълумотларни қайта ишлаш марказини модернизация қилиш ишлари якунланиб, янги сервер ускуналари ўрнатилган, географик жиҳатдан узоқлаштирилган захира маълумотлар маркази яратилган ва бу комбинат маълумотлари хавфсизлигини таъминлашга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Келгусида мавжуд компьютер парки, серверлар ва алоқа тизимларини модернизация қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, 114 нафар ходим "Бир миллион дастурчи" дастури доирасида ўқишга юборилган. Таъкидлаш жоизки, улар орасида нафақат IT-мутахассислари, балки компьютер дастурлаш тилини ўзлаштирмоқчи бўлган оддий ишчилар, самосвал ҳайдовчилари ва бошқа ходимлар ҳам бор.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб, ушбу рақамлаштириш лойиҳаларининг амалга оширилиши натижасида ускуналарнинг ишламай туришини камайтириш ва ишлаб чиқариш харажатларини пасайтириш орқали маҳсулот сифати ва ҳажмини 10-15%га ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, фойдани 10-15%га кўпайтириш, иш жараёнларини автоматлаштириш орқали ходимларнинг иш юкламасини камайтириш ва корхонанинг инвестицион жозибадорлигини яхшилаш кўзда тутилган.
Изоҳлар мавжуд емас