Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Мухбиримиз хабар беришича, сув ва алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчилари ҳукуматга очиқ хат билан мурожаат қилишган.
Улар яхна ичимликлар тоифаси учун рақамли маркировкалаш муддатини 2025 йилгача узайтиришни сўрашган. Айни пайтда уларнинг маълумотларига кўра, жаҳон амалиётида бу соҳада рақамли маркировкани жорий этиш бўйича бирорта ҳам муваффақиятли тажриба қўлга киритилмаган ва умуман, лойиҳани амалга ошириш натижасида маҳсулот таннархи ошади ва тақчиллик юзага келади.
Таҳририятга ихтиёрига СП ООО “International Beverages Tashkent” (Pepsi), ООО “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd”, ИП ООО “Lactalis Central Asia” (Nestle), ООО “Navruz International Corp.” (Montella), СП ООО “Family Group” (RC Cola, Family), ООО “Hydrolife Bottlers”, СП ООО “Chortoq Mineral Water” компаниялари раҳбарлари томонидан имзоланган хат келиб тушди.
Бу ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар учун рақамли маркировка жорий этишнинг мақсадга номувофиқлигини ўзида акс этган ҳукуматга йўлланган иккинчи мурожаат ҳисобланади. Ҳукумат рақамли маркировкалашни жорий этиш зарурлигини асослаш учун қуйидаги важларни келтирган;
-
қалбаки товарлар улушини камайтириш ҳисобига ишлаб чиқарувчиларнинг даромадини ошириш;
-
истеъмол ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
-
жараёнлар ошкоралиги орқали давлат бюджетини тўлдириш.
Бизнес тарафи эса ўзининг қарши далилларини илгари сурган. Бироқ, мазкур далилларни ваколатли идоралар томонидан эъьтиборсиз қолдирилаяпти.
Дастлабки босқични жорий этиш бўйича қарорлар бир томонлама, ишлаб чиқарувчилар фикрини ҳисобга олмасдан, ишлаб чиқарувчилар ва умуман иқтисодиётга салбий таъсирини ва маркировка қилинадиган маҳсулот гуруҳларини танлаб олиш методологияси тўғри ўрганмасдан, тартибга солиш таъсирини таҳлил қилмасдан қабул қилинмоқда.
Маркировкалаш қалбаки маҳсулотлар муаммосини ҳал этмайди
Дастлабки лойиҳани амалга оширишнинг асосий далилларидан бири сифатида қалбаки маҳсулотларга қарши кураш кўрсатилмоқда. Лекин аслида, алкоголсиз ичимликлар соҳасида қалбаки товарлар даражаси ўта паст. Муаммонинг кўлами шунчалик каттаки, рақамли маркировкалаш тизими жорий этилган тақдирда ишлаб чиқарувчилар томонидан қилмнадиган харажатлар ниҳоятда йирик бўлади.
Бундан ташқари, тизим мавжуд қалбаки товарлар муаммосини ҳал қилишга ёрдам бермайди, чунки бу маҳсулотлар расмий савдо нуқталари орқали сотилмайди ва асосий қисми уюшмаган савдо ҳисобига тўғри келади. Мазкур саноат фақат қонуний йўллар орқали ишлайдиган виждонли ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилган.
Товарларни ҳисобга олиш тизими аллақачон мавжуд бўлган механизм орқали амалга оширилмоқда. Хусусан, онлайн савдо кассалари ишламоқда, электрон ҳисоб-фактуралар берилмоқда. Шунинг ўзи истеъмолчига маҳсулот ҳақида маълумот бериш ва назорат идораларини хабардор қилиш учун етарлидир. Сув ва ичимликлар тоифасини маркировкалаш иқтисодий жиҳатдан мақбул эмас, чунки махсулот нархи шундай ҳам паст.
Рақамли тамғалаш истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам бермайди
Истеъмолчилар учун энг муҳим кўрсаткич ҳисобланган маҳсулотлар хавфсизлиги масаласига келсак, маркировканинг мавжудлиги ёки йўқлиги унга кафолати бўла олмайди. Ҳалол ишлаб чиқарувчилари аллақачон соҳа техник қоидалари, санитария меъёрлари ва талаблари билан тартибга солинган. Қалбаки маҳсулотлар эса сифатни назорат қилиш жараёнлари билан қамраб олинмайди, чунки улар кўпинча ҳаттоки касса аппаратлари бўлмаган чекка ҳудудларнинг йўл ёқаларида сотилади.
Истеъмолчилар учун ягона ўзгариш шундан иборатки, маҳсулот таннархи ошиши мумкин. Аслида, бу ишбилармонлик муҳитига ўтказиладиган истеъмолчилар учун қўшимча солиқдир.
Мурожаат муаллифларининг таъкидлашича, юқорида тилга олинган соҳа Ўзбекистонда эндигина оёққа турмоқда, яъни республикада аҳоли жон бошига ичимлик истеъмол қилиш ҳатто Қозоғистон (йилига киши бошига тахминан 22 литр) даражасигача етмаган. Ҳолбуки, Ғарбий Европа ёки АҚШ мамлакатларида бу борадаги истеъмол йилига киши бошига 300 литрни ташкил қилади.
Айни пайтда истеъмолчилар дўконларда алкоголсиз ичимликлар етишмаслигидан шикоят қилишмоқда. Бунга сабаб - истеъмол талабини қондириш учун ишлаб чиқариш имкониятининг етишмаслигидадир. Рақамли маркировкалаш амалдаги вазиятни янада ёмонлаштиради, чунки у ишлаб чиқариш суръати ва ҳажмининг пасайишига албатта таъсир қилади.
Ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра, технологик қувватларни қайта жиҳозлаш ва маҳсулотларни қадоқлаш билан боғлиқ турли манипуляциялар туфайли, ёзги мавсумда талабнинг айни ошган вақтида ўз-ўзидан маҳсулот тақчиллиги юзага келади.
"Биз рақамли маркировкалаш қалбакилаштириш ва контрабанда қарши курашиш учун мўлжалланганини тушуниб турибмиз. Лекин алкоголсиз ичимликлар ва сув масаласида бунинг салбий таъсири шу қадар кичикки, корхоналарга ҳам, давлатга ҳам катта зарар етказа олмайди. Маркировкалаш бизнинг бутун саноатимизга қўшимча мажбуриятларни юклайди, масалан, компаниямиз 5 миллиард сўмлик асбоб-ускуналар сотиб олиши ва бу учун ҳар йили катта харажат килиши керак бўлади”, - деди Navruz International Corp. МЧЖнинг таъминот ва логистика бўйича директори Жавдот Мирзааҳмедов.
Унинг сўзларига кўра, истеъмолчи ҳам хавф остида қолади, чунки ритейлерлар ҳам техник жиҳатдан бунга тайёр эмас, на дистрибюторлар, на савдо нуқталарида киммат ва махсус ускуна йўқ. Охир оқибатда бу ҳам истеъмолчининг зиммасига тушади.
"Натижада, масалан, бизнинг сувимиз сезиларли даражада қимматлашади ва бу аҳолининг харид қилиш қобилиятига таъсир қилади. Шундай ҳам жамиятда озиқ-овқат нархининг кескин ошишидан норозилик мавжуд. Бундай мураккаб лойиҳадаги шошма-шошарлик ва тезкор қарорлардан жиддий хавотирдамиз. Бошқа мамлакатлардаги ҳамкасбларимиз тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, айнан алкоголсиз ичимликлар саноати жуда жиддий зарар кўриши мумкин. Шахсан мен ваколатли идоралар бир неча таклифга қарамай, ишлаб чиқарувчилар билан мулоқотга бормаслигини тушунмаяпман. Маркировкалаш ускуналарини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш олти ойгача давом этиши мумкинлигини ҳисобга олсак, унда ҳаттоки лойиҳанинг дастлабки босқичини 2021 йилнинг 1 июнидан бошлашнинг мутлақо иложи йўқ",- деди у.
Мирзааҳмедовнинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда бутун таъминот занжирида маҳсулот етишмаслиги сезилмоқда, маҳсулотлар нархи тақчиллиги туфайли айрим таниқли брендлар нархи ошган. Ўйламасдан жорий қилинадиган маркировкалаш эса бу соҳанинг батамом қулашига олиб келади.
"Шу боис ҳамкасбларимиз билан биргаликда хатни эълон қилишга қарор қилдик, чунки ваколатли идоралар билан тўлақонли учрашув ташкил этишнинг имкони бўлмади", - дея хулоса қилди у.
Хатда сув ва алкоголсиз ичимликлар саноати ҳукуматга алкоголсиз ичимликлар тоифаси учун рақамли маркировкани жорий этиш вақтини 2025 йилга қадар узайтириш илтимоси билан мурожаат қилган. Сабаби - бугунги кунда рақамли маркировкалашни амалга оширишнинг ҳеч бўлмаганида техник ечимини таъминлаш борасида бирорта давлат муваффақиятли тажрибага эришмаган.
Саудия Арабистонида давлат идораларининг талабига биноан, 2020 йилда алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи заводлардан бирида 6 ойлик дастлабки лойиҳа ўтказилган. Рақамли маркировка лойиҳаси учун масъул бўлган De La Rue оператори тегишли ускуналар етказиб берувчини топиш учун уч маротаба уриниб кўрган. Бироқ, етказиб берувчилардан ҳеч бири техник муаммоларни ҳал қила олмаган ва охир-оқибат лойиҳа тугатилган. Ҳукумат алкоголсиз ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалаш тармоқлари рўйхатидан чиқариб ташлаган.
"Россияда яқинда минерал сувлар бўйича дастлабки лойиҳа ишга туширилди. Ҳозирги вақтда шиша ва қутилар учун техник ечимлар топилмаган. Савдо ва ишлаб чиқаришда тизимларни унификациялаш муаммолари келиб чиққан, чунки чакана савдо шохобчаларига ўрнатилган сканерларнинг хусусияти ишлаб чиқаришда ўрнатилган рақамли маркировка турига мос келиши керак. Шу боис, лойиҳа номаълум муддатга узайтирилган", - дейилмоқда ишлаб чиқарувчилар йўллаган хатда.
Ишлаб чиқарувчилар алкоголсиз ичимликлар туркумига рақамли маркировкалашни жорий этиш бўйича қарорлар қабул қилишда ваколатли идоралар халқаро тажрибани ҳисобга олишига ва конструктив мулоқот учун компаниялар вакиллари билан учрашишига умид билдиришган.
Изоҳлар мавжуд емас