Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Автомобиль саноати Ўзбекистон учун ҳамиша алоҳида мавзу бўлиб келган. Унинг атрофида қанчадан-қанча жанжаллар рўй берганини санашнинг иложи йўқ. Бир нарса қизиқ бўлиб қолмоқда. Автомобиль саноатини қанчалик танқид қилмайлик, у ўз чизиғидан қатъият билан боришни давом этмоқда.
Нима учун бундай бўляпти, бунга ким айбдор? Шу мавзуда Batafsil.uz. мухбири автомобиль саноати монополиясининг энг кўзга кўринган танқидчиларидан бири бўлган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев билан суҳбатлашди. У “UzAuto Motors”га қарши танқидий чиқишларининг "буюртмачилари" ҳақида, нима учун Монополияга қарши курашиш қўмитаси судда ютқазгани ва депутатлар автомобиль ишлаб чиқарувчиларни имтиёзлардан маҳрум қила олмаётганликлари ҳақида гапириб берди.
- Сиз турли масалаларни кўтариб чиқаяпсиз. Бироқ, UzAuto Motors мавзуси кўпроқ тилга олинади. Бунинг сабаби нимада?
- Бу мавзу билан анча олдинроқ қизиқиб келаяпман. Монополияга нима даҳлдор бўлса, ўша мени ташвишга солади. Чунки, кимда устуворлик бўлса, у ҳеч қачон истеъмолчи фикрига қизиқмайди. Автосаноат - монополияга оид кўплаб муаммоларимиздан биридир. Бошқалари ҳам бор. Электротехника ишлаб чиқариш, авиа ва темир йўл ташувлар ҳам шунга киради. Қаерда монополия бўлса, ўша ерда кишилар норози. Лекин UzAuto Motors кўп вақтимиз олди.
- Қисқача айтиб берсангиз, маҳаллий авто ишлаб чиқарувчининг халқ ва давлат олдидаги “айби” нимада?
- Улар нархни истаганича ўрнатмоқда. Лекин пул тўласанг, сифати нархга мос келишини хохлайсан. Масалан, 2019 йилда мен машина учун кредит олдим. Ўшанда бу тартибсизликка билан илк бор дуч келдим. Аввал эшитганман, лекин шахсан кўрмаган эканим. Машина олганимдан кейинги куннинг ўзидаёқ шиналарни алмаштириш учун Сергели бозорига бордим. Чунки завод шиналарида умуман юриб бўлмайди. Билсам, ҳамма шундай қиларкан. Бозорда бир нечта йигитлар ёнимга келиб, “Ака буни қилиш керак, уни қилиш керак”, деб айтишди. Балким уларнинг завод билан тили бирдир, деб ўйлаб қолдим. Демак, завод қайсидир детални ўрнатмаган бўлса, уни қўшимча пул эвазига мустақил қўйиш лозим эканда? Машина эса яп-янги.....
Мен танишларимдан ҳам шиналарни алмаштиргани, машиналарига нималардир ўрнатганини сўраб кўрдим. Барча шундай қиларкан. Бу ўта муҳим деталлар ҳисобланмасада, машиналар нархини инобатга оладиган бўлсак, жуда алам қилади.
Айни пайтда “Нексия” учун тўлайдиган пулимга Қозоғистонда чет эл машинасини харид қилишим мумкин. Лекин доимо бузиладиган машина эшигини таъмирлаш керак бўлмайди.
Шуниси қизиққи, хориж бозори учун улар бошқа сифатдаги автомобиль ишлаб чиқаришади. Бу ҳақида айтсанг – тан олшимайди. Исталган ҳайдовчидан сўраб кўринг - улар эскпорт вариантини маъқул кўришади. Шунчи у сифат жиҳатидан устун.
Лекин эшитимча, сифат бир мунча яхшиланмоқда, етишмаётган деталларни қўйишни бошлашган. Бир танишимнинг айтишича, у яқинда “Дамас” сотиб олган бўлиб, унда ёнғин ўчириш мосламаси, полик ва чехоллар бор экан. Бу яхши янгилик. У хурсанд бўлган. Тўғри, ўз кўзим билан кўрганим йўқ, лекин бу гап тўғри бўлса, яхши. Бироқ, муаммо ҳеч қаерга кетгани йўқ.
Кейин, нега хорижда машиналар арзон деб сўраяпмиз. Улар ҳамма жойда бир хил дейишаяпти. Лекин бу ҳам нотўғри, чунки йўл харажати инобатга олиниши керакку! Бундай бўлганда ҳам у ерда (хориж бозорида) машиналар барибир арзонроқ.
Бундан ташқари, улар ҳали ишлаб чиқарилмаган машиналар учун пул олишади. Олдиндан пул олишади. Бундай вазият фақат дунёнинг энг қолоқ давлатида бўлиши мумкин.
Менга кўп мурожаатлар келиб тушган. Ҳозиргача Комил Эшматов имли фуқаро олдимизга келиб кетади. У 2016 йилда "Labo" сотиб олмоқчи бўлган. Лекин автосалон унга сўм эвазига машина сотишмаган. Сотиб олиш учун доллар талаб этилган. У хориж валютасини харид қилиш учун банкка борган. Банк эса рад жавобини берган (либераллаштиришга қадар шундай эди). Кейин эса Марказий банкка депутатлик сўрови юборилди. Марказий банк берган жавобга кўра, ҳеч ким миллий валютада тўлашни тақиқлашга ҳаққи йўқ. Биз UzAuto Motors, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Марказий банк, Молия вазирлиги вакилларини тўпладик. Муаммо ҳал қилинмади. Компания биз ҳақмиз, дея бир оёқда туриб олди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Федерацияси шу масала бўйича судлашишни ўз зиммасига олди. Лекин бунинг натижаси бўлмади.
Демак, либераллаштиришга қадар банк орқали хориж валютасини қонуний сотиб олиш имконияти бўлмаган бир пайтда одамлар машина учун қора бозордан (икки баравар қиммат) доллар сотиб олишга мажбур бўлган эканда? Бундай вазиятда бу шартномалар ноқонуний бўлган.
Бундан ташқари, улар хориждан тайёр машиналарни (айрим русумлар) келтириб сотишмоқда. Устига нарх қўйишадию, сотишади. Ахир бу ишлаб чиқаришми? Бу савдо-ку! Бу истеъмолчилар устидан кулишдан бошқа ҳеч нарса эмас. Улар божхона тўловини беришадими, деб қизиқиб кўрдим. Ҳисоб-китобларимга кўра, бож тўлашмас экан. Оддий кишилар 1 га 1 тўлашади. Ҳаттоки Моргенштерн ҳам тўлади!
Балким давлат олдида “UzAuto Motors”нинг ҳеч қандай айби бўлмас. Лекин 3 фоизли мажбурий тўловга келадиган бўлсак......Бу масала очик қолди.
- Жамшид Кучкаров (вазир) “UzAuto Motors” томонидан бюджетга 3 фоизли мажбурий тўлов тўланмаганлиги ҳақидаги саволга жавоб бермадими?
- Йўқ. Айримлар интернетда савол беришган. Менинг картамга пул ўтказилгани ҳақидаги миш-мишлар юрибди. Шунинг учун индамай турибман. Иккинчи ҳафта ўтаётган бўлсада, ҳанузгача жавоб йўқ.
- Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors бўйича судда ютқазган. Бу натижа кутилган эдими ёки йўқми?
- Айримлар буни сценарий ҳам дейишди. Лекин бундай эмас. Шундан кейин мен ҳам кўплаб муаммоларга дуч келдим. Бу тизим натижаси бўлди. Шундай бўлишини кутгандим. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ғалаба қилганида эди – бу ҳақиқий янгилик бўларди.
Ишончим комилки, бу иш бир неча йилдан кейин қайта кўриб чиқилади, бошқача ёндошув, бошқача натижа бўлади. Ҳамманинг ўз масъулияти бор. Ҳозир улар бундан узоқлашишди. Лекин вақт ўтиши билан, барибир қилмиши учун жавоб беради.
- Маҳаллий ишлаб чиқарувчига мавжуд воқеликни тан олиш ва Ўзбекистон халқига хизмат қилиши учун нима халақит беради?
- Иш принциплари, бошқарув усуллари халақит беради. UzAuto Motors ҳақида гапирганда мен оддий ишчиларни назарда тутмаяпман. Гап менежерлар ҳақида кетаяпти. Мен заводни ёпиш тарафдори эмасман. Уларнинг ишлашини хохлайман. Лекин ҳалол ишлашини, ўз истеъмолчиларининг фикрни инобатга олиб ишлашининг тарафдориман. Уларга шунчалик шароит яратилган бўлсаю, одамларга нафи тегмаса?.
Биз қаерга қараб кетяпмиз? Аста –секин ЕОИИга, халқаро савдо итифоқининг бирлашишига қараб боряпмиз. Уларнинг талаблари қандайлигини биласизми? Улар [UzAuto Motors] бунгача бора олмайди. Бу иттифоққа қўшилсак, чегаралар очилса, улар кун кечира олмайди. Кўплаб куч, кўп иш ўринларини йўқотамиз. Улар бунга тайёргарлик кўришлари, рақобатбардош бўлишлари керак.
Тасаввур қилинг, чегаралар очилса, божхона тўловлари камаяди, кўпчилик халқимиз уларнинг молларини сотиб олмаслиги мумкин. Йиллар давомида кўп нарсалар тўпланиб қолган. Ўзизимнинг ва хориж машиналарини қиёслашаяпти. Улар буни тушунишлари, тайёр бўлишлари керак. Мамлакатимизда ҳамма нарса ўзгаради, лекин уларнинг ёндошувлари эскилигича қолмоқда.
- Декабрь ойида UzAuto Motors ўз муаммоларида ОАВ ва блогерларни айблади. Сизнинг фикрингизча, бундай баёнотлар қанчалик тўғри? Аслида бунга нималар сабаб бўлган?
- Бу ёндашувдан ҳам уларнинг принциплари қандай эканлигини кўришингиз мумкин. Биринчидан, бунга сабаб - пандемиядир. Кўп одамлар пул топишга қийналди. Кейин барча чегаралар деярли ёпилди ва савдо айланмаси камайди. Ҳа, назаримда, жозибадорлик ҳам бироз тушиб қолди. Мен принципиал жиҳатдан улардан машина сотиб олишни истамаган баъзи одамларни биламан. Лекин хохиш принципга айланиши учун қанчалик ирода керак?
Одамларнинг жавоби шундай: UzAuto Motors одамларга қандай муносабат қилса, улар ҳам шундай жавоб беришади. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, улар шунга лойиқ иш қилишган. Неча йил шундай ишлашди, неча йил ҳамма шароитдан фойдаланиб келишди. Неча йиллар ўтсада, улар бу режимда қолишни исташади. Қачон улғаясиз, деб сўрамоқчиман.
Масалан, ота-оналар ўз фарзандларини маълум ёшгача ҳимоя қиладилар ва таъминлайдилар. Аммо кейин улар ўзини кўтариб олиб, мустақил яшашлари ва ота-оналарига ёрдам беришлари керак. Уларда етарли вақт бор эди, деб ўйлайман.
- Маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчи яхшироқ ва арзонроқ автомобиль ишлаб чиқариши учун регламент тузиш, хорижий автомобилларга бўлган божни камайтириш борасида депутатларга нима халақит беради?
- Ҳозирча амалдаги қонунчиликка кўра, бу бизнинг ваколатимизда эмас. Уларга ҳеч қандай имтиёз берганимиз йўқ. Уларнинг барча имтиёзлари Вазирлар Маҳкамаси ва Президент қарорларида ёзиб қўйилган. Бу қонуности ҳужжатлар бўлиб, қонунларга нисбатан аниқлаштирувчи роль ўйнайди. Уларнинг кўпчилиги ёпиқ. Маълум бир фармонни бекор қилиш учун қонун қабул қилиш мумкин, аммо бу тарихда ҳеч қачон содир бўлмаган. Бу учун камида 76 нафар депутат чиқиши керак. Бунинг учун барчада сиёсий ирода бўлиши лозим.
"Рақобат тўғрисида", "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунлар асосида парламент сўрови билан мурожаат қилдик ва судгача бордик. Ҳаракат қилдик. Менимча, улар бизни эшитишди.
- Ўзбекистонликлар қачонлардир юқори сифатли ва арзон автомобилларни ҳайдаб, "навбат"да вақт ва асабни йўқотмасдан бемалол машина сотиб оладиган вақтлар келармикан?
- Менимча, ирода бўлса, ҳаммасини бир йилда ташкил этиш мумкин бўлади.
- Ишга қандай машинада борасиз?
- Асосан ўз машинамда. Баъзан пиёда юраман, баъзан жамоат транспортидан фойдаланаман. Жамоат транспортида мен дам оламан: мусиқа тинглаш, китоб ўқиш каби афзалликлари мавжуд. Лекин доим ҳам бунинг иложиси йўқ албатта. Хизмат машинасидан ҳафтада 1-2 фойдаланаман холос.
- Чиқишларингиз туфайли четдан бирор бир босимга дуч келдингизми?
- Кўп нарсаларни кўрдим. Лекин UzAuto Motors томонидан босим бўлгани йўқ. Уларнинг бошқа таъсир чоралари мавжуд.
- Баъзи одамлар сизни популист деб аташи ҳақида қандай фикрдасиз?
- Умуман муносабат билдирмайман. Кўпчилик бу сўзнинг маъносини нотўғри тушунади. Мен популизмдан фарқли равишда ўз фойдам учун ҳеч нарса ваъда қилмайман.
Танқидни эса дўстона маслаҳат сифатида қабул қилиш керак. Улар [UzAuto Motors] эса аксинча, мен душманман деб ўйлашади. Чет эл компаниялари мени ишга олишгани ҳақидаги миш-мишлар юрибди. Тўғрисини айтсам, менда ҳам буюртма бор. Менинг буюртмачиларим - халқ, сайловчилар. Келажакда катта муаммолар бўлмаслиги учун биз уларнинг камчиликларини кўрсатамиз. Ҳеч ким ҳозирда очиқ бозор ҳақида гапирмаса ҳам, лекин улар бу ҳақида ўйлаб кўриши керак.
Изоҳлар мавжуд емас