Загрузка
Загрузка
 Ривожланиш стратегияси. ОКМК махаллийлаштириш ва импорт ўрнини босиш бўйича дастурни муваффақиятли амалга оширмоқда
Жамият

Ривожланиш стратегияси. ОКМК махаллийлаштириш ва импорт ўрнини босиш бўйича дастурни муваффақиятли амалга оширмоқда

593
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Коронавирус билан боғлиқ инқироз глобал иқтисодиётдаги кўплаб муаммоларни юзага чиқарди. Чегараларнинг ёпилиши ва логистика занжирларининг қулаши дунёдаги минглаб корхоналар учун асосий элементлар ва компонентларни етказиб беришдаги узилишларга сабаб бўлди. Натижада, фақат импорт қилинадиган компонентларга таянадиган кўплаб мамлакатлар ўз ишлаб чиқаришларини маҳаллий бозор учун муҳим бўлган маҳсулотларни тайёрлашга йўналтирмоқда.

Бу борада Ўзбекистон импорт ўрнини босиш механизмларини яратиш учун маҳаллийлаштириш ва йирик маҳаллий саноат ва кичик бизнес субъектлари ўртасида ҳамкорлик занжирларини шакллантириш бўйича аллақачон ўз дастурларини амалга ошириб келмоқда. Мазкур стратегия ҳар йили миллионлаб долларни тежаш, янги иш ўринлари яратиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш имконини беради. Бу йўналишда Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) етакчилардан бири ҳисобланади.

Биз ОКМК маҳаллийлаштириш бўлими бошлиғи Козимжон Жумабоев ва комбинат бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Отабек Исроилов билан маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босиш борасида эришилган ютуқлар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида суҳбатлашдик.

Козимжон Жумабоев

- Айтинг-чи, сўнгги икки йил мобайнида ОКМКда маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш борасида қандай ютуқларга эришилди?

- Ўтган икки йил мобайнида ОКМКда умумий қиймати 131,4 млрд. сўм (2019 йилда) ва 157,2 млрд. сўм (2020 йилда)га тенг бўлган 70дан ортиқ маҳаллийлаштириш лойиҳалари амалга оширилди. Шу билан бирга, 2019 йилга нисбатан 2020 йилда ўсиш суръати 119,6 фоизни ташкил этди.

Биз тегирмон, майдалагич, экскаватор, насос ва бошқа турдаги технологик ускуналар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарамиз. Илгари бу турдаги маҳсулотлар асосан Хитой, Россия ва Украинадан келтирилар эди.

Бундан ташқари, рангли металлар – рух оксиди, рух қотишмаси, алюминий ва мис, рух сульфати, нодир металлар ва қаттиқ қотишмалардан тайёрланган буюмлар асосида маҳсулот ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилди.

– Ишлаб чиқариш кўрсаткичлари қай даражада ўзгарди? Қанчалиқ иқтисод қилинди?

- Янги ишлаб чиқаришларни ўзлаштириш заводнинг импорт қилинадиган эҳтиёт ва бутловчи қисмларга қарамлигини камайтириб, шу орқали технологик ускуналарнинг бир текис ишлашини таъминлаш имконини берди.

Шунингдек, маҳаллийлаштириш дастурининг амалга оширилиши натижасида комбинатнинг импорт қилиш ҳажми 2019 йилда 13,8 млн. долларга ва 2020 йилда 15,4 млн. долларга қисқарди.

– Айни пайтда қандай маҳаллийлаштириш лойиҳалари амалга оширилмоқда?

- Жорий йилда ОКМКда умумий қиймати 161,4 миллиард сўмлик 87та лойиҳа амалга оширилади. 2021 йил охиригача маҳаллийлаштириш дастури доирасида 178,3 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, импорт ҳажмини эса 16,9 миллион долларга қисқартириш тахмин қилинмоқда.

- Комбинатда маҳаллийлаштириш дастурининг истиқболлари ҳақида сўзлаб берсангиз.

– ОКМКнинг кенгайиб бораётгани туфайли “Дальнее” конини ўзлаштириш бўйича инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда, янги заводлар қурилмоқда, узлуксиз ишлашни ташкил этиш масаласи долзарб бўлиб турибди.

Шунинг учун комбинатнинг таъмирлаш базасини реконструкция қилиш жуда муҳимдир. Яқин келажакда Марказий механика-таъмирлаш заводида кон-шахта ва майдалаш ускуналари, кон-технологик транспорт учун янги турдаги эҳтиёт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш режалаштирилган. Буларнинг барчаси ҳозирда импорт қилинмоқда.

Бундан ташқари, портловчи моддалар заводи негизида электр бўлмаган портлатиш тизимларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона тузишни режалаштирмоқдамиз. Зеро, кон ишларини кенгайтириш муносабати билан фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун йирик бурғулаш ва портлатиш ишлари амалга оширилади.

– Бу борада янги иш ўринлари яратиш қанчалик муҳим саналади?

-Ҳозирча импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш комбинатнинг Марказий механика таъмирлаш заводи, Рух заводи, Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасида ўзлаштирилмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, аввалги йилларда янги иш ўринлари яратиш режалаштирилмаган эди. Бироқ, жорий йилда янги ишлаб чиқаришларни ўзлаштириш ҳисобидан янги иш ўринларни яратиш имконияти туғилади.

- Маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар фақат комбинат эҳтиёжлари учун ишлаб чиқариладими ёки ички бозорда ҳам унинг сотуви йўлга қўйилдими? Балки экспорт қилиш амалга оширилаётгандир?

- Маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар аввало, комбинат бўлинмаларининг эҳтиёжларига қаратилган. Улар республикада фаолият кўрсатаётган кончилик корхоналари учун ҳам зарурдир. Рух оксиди ва РАМ (рух-алюминий-мис) котишмасига ички ва ташқи бозорларда талаб юқори.

Отабек Исроилов

- Умуман маҳаллийлаштириш учун лойиҳалар қандай танланади? Ҳозирда айнан шу соҳаларни маҳаллийлаштириш қанчалик муҳим?

- ОКМК мутахассислари муайян маҳсулотни ишлаб чиқиш имкониятларини доимий равишда излашади. Шу билан бирга, биз нафақат умумжаҳон ишланмалари ва технологияларини ўрганмоқдамиз, балки маҳсулотни маҳаллийлаштириш бўйича ўз “ноу-хау”ларимизни ишлаб чиқиб, амалга ошириш чораларини кўряпмиз. Янги жиҳозларни ишга туширишда эса барча жалб қилинган ходимлар махсус тайёргарликдан ўтишади.

Маҳаллийлаштириш дастури хом-ашё базаси мавжуд бўлган маҳсулотларни ўз ичига олади. Бу асосий мезон ҳисобланади. Бунга албатта корхона эҳтиёжлари ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Баъзи маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш фойда бермайди. Мисол учун, махсус зангламас пўлатдан ясалга шуруплар ҳар 10 йилда бир марта сотиб олинади. Уларни ускуна ишлаб чиқариш учун сотиб олиш қиммат ва фойдасиз бўлади.

– Бошқа маҳаллий корхоналар билан саноат ҳамкорлиги қандай ривожланмоқда?

- 2019 йилнинг октябрь ойида маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш мақсадида комбинат тарихида илк бор импорт маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди. Унга республиканинг 200 дан ортиқ ишлаб чиқарувчилари, шунингдек, Хитой, Россия, Финляндия, Франция ва бошқа мамлакатларнинг компаниялари иштирок этди.

Иштирокчиларга комбинат эҳтиёжлари учун импорт қилинадиган маҳсулотлар намуналарининг махсус каталоги тақдим қилинди. Бугунги кунда каталог 3 мингдан ортиқ номдан иборат. Импортнинг асосий улуши Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган хом ашё реагентларга тўғри келади.

Натижада маҳаллий корхоналар билан келишувларга эришилди. Масалан, 2020 йил охиригача электрон кооперация портали орқали 200 миллиард сўмлик шартномалар тузишни режалаштирган эдик. Ҳақиқатда эса умумий қиймати 300 миллиард сўмдан ортиқ маҳсулот харид қилиш учун 2,5 мингдан зиёд шартнома тузилди.

Бизнингча, бу ишимизга оқилона ёндашувни намоён қилмоқда: ўз эҳтиёжларимиз учун импорт ўрнини босувчи маҳсулотларимиз бор, бундан ташқари, кичик корхоналар ва аҳоли даромад билан таъминланмоқда.

Шу билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан бирга полимер микросфералар, графит электродлар, енгли фильтрлар, авто ва технологик транспорт учун фильтр элементлари, кимёвий моддалар ва реагентлар (жумладан, калий ксантогенати, натрий сульфиди, натрий гидросульфити) каби маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича биргаликдаги ишлар олиб борилмоқда. Ушбу маҳсулотлар ишлаб чиқариладиган бўлса, импортни 10 млн. долларгача қисқартириш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Фанлар Академияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш синовларидан муваффақиятли ўтган олеин кислотаси намунаси олинди. Бугунги кунда ушбу маҳсулотни саноат даражасида ишлаб чиқариш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...