Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Россия элчиси Олег Мальгинов "Россия-24" телеканалининг эфирида Россиядан Ўзбекистонга газ етказиб бериш бўйича узоқ муддатга истиқболли шартнома тузилиши ҳақида маълум қилган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Унинг сўзларига кўра, 2023 йил октябр ойидан бери икки йиллик шартнома асосида Россия газини етказиб бериш Ўзбекистон иқтисодиётини барқарорлаштиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Россиянинг Ўзбекистондаги элчисининг телеканал эфирида айтишича, айни пайтда узоқ муддатга истиқболли шартнома тузиш ва етказиб беришни маълум даражада ошириш ҳақида гап кетмоқда.
Дипломатнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги иқтисодий муносабатлар газ соҳаси билан чегараланиб қолмайди ва мамлакатларимиз ҳамкорлик қилмайдиган соҳани кўрсатиш қийин. Масалан, Ўзбекистон Президентининг 2023 йил октябрь ойи бошида Россияга ташрифи якунида президентлар ўз ҳукуматларига яқин келажакда амалга оширишни буюрган 65 банддан иборат топшириқлар рўйхати имзоланган ва келишиб олинган.
Мальгиновнинг сўзларига кўра, ўтган йилнинг декабрь ойида йиғилган Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссияси ҳозирда ишлаётган 80 дан ортиқ лойиҳаларни белгилаб олган.
"Дунёда содир бўлаётган барча мураккабликларга қарамай, савдо алоқалари ривожланмоқда. Россия ўзбек товарларини энг кўп сотиб оладиган мамлакатдир", – дея қўшимча қилди элчи.
Эслатиб ўтамизки, ўтган йилнинг декабрь ойида "Газпром" раҳбари Алексей Миллер 2024 йилнинг ўрталарида Ўзбекистон билан 15 йилга шартнома тузилиб, етказиб бериш 2025 йилнинг 1 ноябрида бошланишини айтганди.
Изоҳлар мавжуд емас