Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Самарқанддаги “махлуқ-уй” эгасининг айтишича, бу бинони қуришнинг ноёб лойиҳаси японияликлар томонидан тайёрланган экан. Бу ҳақда ЎзА маълумотларига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамизки, бир неча кундан буён фойдаланувчилар Самарқанд ёнида қурилган баланд бинони муҳокама қилишмоқда. Бинога “махлуқ-уй” деб ном қўйишган. Ҳақиқатан ҳам, видеони кўрсангиз, гўёки шамолда қимирлаб турган ва номутаносиб кўринган бинода одамлар қандай яшаши мумкинлига ҳайрон қоласиз.
Ушбу бино масаласи кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас, – деди Самарқанд вилояти қурилиш назорат инспекцияси бошлиғи Саъдулла Зиёдуллаев. – Самарқанд тумани ҳокимлиги ва фуқаро 2015 йилдан буён судлашмоқда. Сабаб бино қурилишига рухсат берувчи шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилмасдан амалга оширилган.
Унинг айтишича, қурилишга рухсат берувчи Самарқанд тумани ҳокимининг қарори ёки туман қурилиш бўлимининг рухсатномаси, архитектура режалаштириш топшириғи ва бошқа ҳужжатлар мавжуд эмас.
Қурилиш давомида ҳам инспекция ходимлари томонидан бир неча бор қурилишни тўхтатиш бўйича кўрсатмалар берилган, аммо фуқаро бу ишини давом эттирган. Мен ўзим яқинда шу бинонинг ичига кириб кўрдим. Тўққизинчи қаватгача чиқа олдим, ундан тепасига юрагим дов бермади. Тепа қаватлар шундоқ йўл устида ёки қўшнининг уйи тепасида турибди. Фуқаро лойиҳани японлар тайёрлаб берган деяпти. Лекин қурилишнинг ўз меъёрлари бор. Тағин фуқаро бинонинг ертўласи ва биринчи қаватидан музлатгич, икки, уч, тўртинчи қаватларидан савдо дўконлари, ундан юқорисидан меҳмонхона сифатида фойдаланмоқчи. Бу ҳеч бир меъёрга тўғри келмайди”, - деди у.
Мазкур бино юзасидан қурилиш вазирлиги муносабат билдириб, бинонинг сейсмик ҳолати ўрганиб чиқилганда, бино белгиланган меъёр ва техник талабларга жавоб бермаслигини маълум қилган.
Илгарироқ, таниқли россиялик блогер Илья Варламов Самарқанддаги “махлуқ-уй”ни бузмасдан, уни дидсизлик ва ўзбошимчалик даврининг ёдгорлиги сифатида сақлаб қолишни таклиф қилган.
Изоҳлар мавжуд емас