Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2026 йил 28 февралдаги 85-сонли қарори билан I ва II тоифага мансуб саноат корхоналарининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришга қаратилган ҳаракатларини рағбатлантириш тартиби тасдиқланди.
Янги низомга кўра, экологик мониторинг ва тозалаш ускуналарини ўрнатган корхоналар учун қуйидаги имтиёзлар тақдим этилади:
• 1-босқич: Атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторинги станциясини ўрнатган корхоналарга:
- Табиатга зарар етказиш бўйича мавжуд компенсация тўловларидан шаклланган қарздорликдан воз кечилади.
- Республика бюджетига йўналтириладиган компенсация тўловларининг 50 фоизи 2 йил давомида қайтариб берилади.
• 2-босқич: Мониторинг станциясидан сўнг 1 йил ичида чанг-газ ва локал оқова сув тозалаш ускуналарини ўрнатганларга:
- Республика бюджетига йўналтириладиган компенсация тўловларининг 70 фоизи 2 йил давомида қайтарилади.
Корхоналар мониторинг станцияси ёки тозалаш ускуналари ўрнатилгани ҳақида Давлат хизматлари марказлари орқали, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали хабарнома юборишлари мумкин.
Экология қўмитаси келиб тушган хабарнома ва ҳужжатларни 15 иш куни ичида кўриб чиқади ва тегишли хулосани расмийлаштиради.
Ушбу чора-тадбирлар саноат корхоналарини замонавий экологик технологияларни жорий этишга ундаш ва мамлакатдаги экологик вазиятни яхшилашга хизмат қилади.
Бундан олдин Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасида энг яхши натижа кўрсатган мактаблар электромобиллар билан рағбатлантирилиши ҳам йўлга қўйилгани ҳақида хабар берган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас