Загрузка
Загрузка
Шаҳзода Отақулова: болалар блогер ёки тиктокчи бўлганининг нимаси ёмон?
Жамият

Шаҳзода Отақулова: болалар блогер ёки тиктокчи бўлганининг нимаси ёмон?

1120
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ҳозирги пайтда аёллар қайнона билан қандай қилиб тил топишиш, муносабатлар ва карьера қуриш, болаларни  тарбиялашни  ўрганиш учун  журнал сотиб олишмайди. Уларнинг барчаси ижтимоий тармоқларни ўқийди, бу ердаги юз минглаб мутахассислар   бутун бир нашрлар ўрнини  босмоқда. Улар орасида турли ёшдаги блогер-оналар  таълимга бўлган турлича ёндашувлари ва ўз дунёқарашлари билан алоҳида ажралиб  туради.

Ўзбекистонда ўз аккаунтларини тобора ривожлантираётган ва аъзолар сонини ошираётган бу каби ўнлаб  аёлларни санаб ўтиш мумкин. Баъзи ўқувчилар учун  бу ҳаёт меъёри бўлса, бошқалар учун  тушунарсиз ва вақтинчалик ҳодиса бўлиб туюлади. Блогерлар   сафи кенгайиб бориб, контенти янада  сифатли ва қизиқарли бўлмоқда.

Бир нарсани аниқ айтиш мумкинки, ҳеч қачон декрет таътили аёллар учун бу қадар қизиқарли бўлмаган. Бир томондан блог юритиш ва тажриба билан ўртоқлашиш,  иккинчи томондан - фаол обуначига айланиб, ўзига монанд шахслар ҳамжамиятига қўшилиш фурсати  мавжуд.

Биз тармоқда ўзбек онаси ёки mama.doda номи билан танилган ҳамда 120 мингдар ортиқ обуначига эга бўлган Шаҳзода Отақулова билан суҳбатлашдик. У билан ҳақиқий олам, замонавий оналар ва болалар ҳақида, ота-оналарнинг ижтимоий тармоқларга кириб бориши ҳамда болаларни TikTokдан  чиқариб олиш кераклиги ёки йўқлиги хусусида гаплашиб олдик.

Тармоқдаги иш хусусияти

Instagramдаги саҳифамда қандай бўлсам, ҳаётда ҳам шундайман. Ўйлаб топилган образим йўқ. Идеал “инстаона” бўлишни ҳам асло истамайман.

Энг муҳими, инсоннинг самимийлиги, ҳақиқийлиги қадрланади ва ўзингиз бўлишдан кўра осонроқ ва чиройли нарса йўқ. Бу борада мен кундалик дақиқаларни бемалол кўрсатишим мумкин, масалан, кўпинча  пардозсиз ва уй кийимида бўламан.

Саҳифа юритишимнинг биринчи кунларидан бошлаб баъзи қизиқарли лайфхаклар ва янги маълумотлар билан ўртоқлашдим, кечинмаларим ҳақида очиқчасига гапирдим, обуначиларим билан суҳбат қурдим. Кўпинча менинг обуначиларим учун таниш бўлган кулгили ҳаётий роликларни суратга олдим, бунинг устидан биргаликда кулиб турамиз. Баъзан, обуначиларим илтимос қилишса, мен турли масалалар бўйича маслаҳат ва фикрларимни бериб тураман. Барча жабҳада ўзимни мукаммал  деб айта олмайман.

Блогни юритиш шахсан менинг кўп вақтимни олади. Одатда бир кунда бир соат вақтим кетади. Бироқ, видеони суратга олиш ва монтаж қилиш керак бўлса, бунга икки-уч кун сарфлашим мумкин.


Блогерлар ва медиа

Блогерлар турлича бўлишади. Кимдир медиа ҳамжамиятининг бир қисми бўлиши мумкин. Чунки улар ахборот беришади, янгиликларни муҳокама қилишади, воқеага ўз нуқтаи назарини билдиради. Шу боис,  қайсидир маънода уларни журналист деб атай оламан.

Блогер-оналар асосан life style контентига эътибор беришади.  Яъни, бунда ҳаётнинг айрим онлари билан ўртоқлашишга тўғри келади. Мен ўзимни журналист деб ҳисобламайман. Лекин, менга тегишли бўлган ёки мени хавотирга соладиган бирор-бир мавзу бўлса, уларни албатта саҳифамга олиб  чиқаман.

Бир пайтлар давлатимизда аёллар ва оналар мавзуси бўйича ахборот танқчиллиги сезилганди. Ўшанда ўзим ҳам бошқаларнинг бу йўналишда блог юритишларини қизиқиб кузатганман. Фойдали,  қизиқарли ва сифатли маълумот бера оладиганлар йўқлигига гувоҳ бўлгач, шу ишни ўзим қилишга қарор қилдим.

Ҳозирда эса вазият бошқача. Блогер-оналар кўпайиб кетган ва бу тобора авж олмоқда. Яқин келажакда бизда миллиондан ортиқ обуначиларга эга блогерлар кўпаяди. Кузатишимча, бу соҳада кўп йиллардан буён фаолият юритиб келаётганлар фаол бўлишмоқда, сифатли видео олишга ва ўқувчиларни ўзи билан таништиришга уринмоқда. Айримлар ахборотли хабарларни  ёзаётган бўлса, боқша бировлар ўз ишига профессионал даражада ёндошмоқда.


Ишни қандай бошлаш мумкин?

Болалигимдан ижодий ва креативли бўлганман, суратга олиш, ёзиш ва нималарнидир ўйлаб топишни ёқтирганман. Дугонам билан лицей журналини ташкил қилганмиз ва унинг 16-20 саҳифасидаги барча контентни ўзимиз шакллантирганмиз. Кейичалик, мен блогерларни кузата бошладим. Бироқ, Инстаграмдаги профилим ёпиқ бўлган.

2018 йилда адвокатлик фирмасида ишлаётганимда, эгизак фарзандларим бўлишини билдим. Дарҳол декрет таътилига чиқиш ва болалар билан бемалол шуғулланиш ҳақидаги қарор қабул қилдим. Қўлимда  тўнғич қизим бор эди.  Ишда кўп бўлишим, магистратурада кечки ўқишим (халқаро тижорат ҳуқуқи) туфайли болам менсиз ўсаётганидан доим афсус чекардим. Ишдан ва ўқишдан кеч келиб, чарчаган ҳолда ётардим. Эрталаб эса, шоша-пиша уйдан чиқардим.

Табиатан жуда фаол одамман. Шу боис ҳаётим қизиқарли бўлиши ва турмуш муаммоларида чўкиб кетмаслик учун ўзимни банд қилишим керак эди. Эгизакларим борлиги учун жисмонан ва руҳий жиҳатдан жуда қийналганман. Буни енгиш мақсадида ўзимни чалғитадиган, куч-қувват манбаи бўладиган бирор нарса топишим керак эди.

Буни китоб ўқиш, турли курслар, тренинглар ва вебинарларда иштирок этиш билан бошладим. Қайсидир пайт Инстаграмдаги саҳифамни ривожлантиришимни тушуниб, уни очиқ қилишга қарор қилдим ва бундан кейин Шаҳзода блогер бўлишини эълон қилдим.

Айни пайтда менинг блогим  аёлларнинг ўз-ўзини ривожлантириши ҳақида, мотивация, болалар, қувонч, бахт ва яхши кайфият хусусидадир. Лекин бошидан, бу  емизиш ва ҳомиладорлик бўйича маслаҳат берадиган онанинг саҳифаси эди. Қизлар билан боланинг ривожланишини ҳам муҳокама қилиб турдик.

Узоқ вақт давомида мен билан бирга бўлганлар саҳифа ўзгараётганини билишади. Болалар ўсиб бормоқда, мен ҳам бир жойда турмаяпман. Блог менинг қизиқишларимга мослашмоқда. Масалан, катта қизим мактабга, кичиклари боғчага боради,  саҳифамизда таълим муассасалари, ўқув марказлари ва тўгаракларни муҳокама қиламиз. Мен аёллар ўз-ўзини ривожлантириши, декрет давомида  севимли машғулот билан шуғулланиш  ҳақида кўпроқ гапираяпман.


Бувилар ҳам ўқийди

Ўзбекистондаги биринчи блогер-оналардан бўлганлигим боис, тахминан беш мингта обуначидан сўнг танилиб бошладим. Кўчада кетаётиб, бирор киши менга қараб табассум қилса- бу менинг обуначим эканлигини сезардим.

Умуман олганда, атрофдагиларнинг саҳифамга  муносабати жуда ижобий. 82 ёшга тўлган бувим доим блогимга қизиқиб келади, янги видеоларини кўрсатишимни ёки ёзганларимни ўқиб беришимни сўрайди. У ҳатто ижтимоий роликда  ҳам иштирок этди. Бу ролик  қариндошларимизга, айниқса, бобо-бувиларимизга тез-тез қўнғироқ қилиб туришимиз лозимлиги хусусида эди.

Менинг аудиториям асосан 18 ёшдан 36 ёшгача бўлган  аёллардан иборат,  катта авлод вакиллари ҳам бор. Улар ҳам мен билан алоқага чиқишади. Бу фақат лайклар эмас. Уларни набиралари билан боғлиқ масалалар  қизиқтиради.  Яқинда "Салом, ёшим 50да, менинг дўконим бор. Мен  Instagramдаги саҳифамни ривожлантирмоқчиман. Буни қандай амалга ошириш мумкин?", -деб ёзишди. Уларга маслаҳат беришдан хурсандман.

Обуначиларимнинг 80 фоизи Ўзбекистон аҳолиси, қолган 20 фоизи Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва АҚШ аёлларидир. Юртимизни тарк этган, лекин Америка ва Европадан туриб ўз ватанида нималар бўлаётганига жуда қизиқаётган юртдошларимиз мени ўқиб, ёзишмоқда.


Барчанинг орзуси.....

Болалар блогер ёки тиктокчи бўлишни  орзу қилаётганининг  нимаси ёмон? Ижтимоий тармоқларнинг замонавий инсон ҳаётига таъсирини инкор қилиб бўлмайди ва  бу таъсир йил сайин ошиб боради.

Бир нарсани яхши  англаб олиш керак. Омадли блогер, тиктокчи,  ютубчи бўлиш учун инсон ўз устида ишлаши  ва блог контентини такомиллаштириб бориши лозим. Одам ўзининг  маълум маҳорати, кўникма ва билимини   бошқаларга етказа олиши керак.

Ўйлайманки, блогерлар кўникмалари барчага асқотади. Чунки бу кўникма ўз фикрини ёзма ва оғзаки, аниқ ва равон ифода қилиш, шунингдек,  қизиқарли ва саводли фикр юрита олишдан иборат.  Бундан ташқари, блогердан кўплаб дастур ва иловалар билан ишлай олиш, видео ва фотомуҳаррирликни билиш, ўз-ўзини тақдимот қилиш талаб этилади. Шу билан бирга, блогерлар кенг дунёқарашга эга бўлиши лозим, чунки обуначиларни хабардор қилиш учун турли хилдаги ахборотга шўнғишга тўғри келади.

Масалан, мен қайси курсда иштирок этмай, асосий ўрганганларимни қизларимга  етказаман.

Бола келажакда ким бўлишидан қатъий назар,  келингки, у ҳуқуқ, молия, тиббиёт соҳаси бўлсин, бу кўникмаларнинг барчаси унинг сифатлари, кўникма ва истеъдодини қайта таъкидлайди.  

Ҳар бир ота-она ўз фарзанди учун нима яхши ва нима ёмон эканлигини ўзи ҳал қилади. Лекин   ўқиш ёки ривожланишни чекламаслик лозимдир.  Чунки  кўникмалар ҳеч кимга тўсқинлик қилмайди, аксинча ҳаётда катта  ёрдам беради.

Блогдаги уч қизим

Менинг саҳифам, аввало, ўзим ҳақимда, сўнгра оилам ва қизларим ҳақида. Қизларимни блог ҳаётида махсус иштирок этишга мажбур қилмайман. Кичик қизларим  расмга тушишни хуш кўришмайди ва буни лентамдан ҳам кўриш мумкин. Каттаси аксинча, суратга тушишни ва суратга олишни яхши кўради, шунинг учун биргаликда ҳикоялар ўйлаб топамиз, уларни суратга  оламиз.

Эрим ҳам баъзан  қўшилади, чунки у  блогимга қизиқади ва уни қўллаб-қувватлайди.

Болаларим блогда иштирок этаётгани учун уларга пул бермайман. Лекин катта кизим  пул тўпламоқда. Шу боис эрим билан гоҳида бадал қўшиб турамиз. Оқибатда қизим молиявий саводхонликка эга бўлади ва пулдан фойдаланишни ўрганади. Яқинда ўзига укулеле (кичик гитара) сотиб олди.


Харажат, реклама, фойда

Эмоционал жиҳатдан қониқиш ҳақида гапирадиган бўлсак, биринчи кунданок блог ўзини оқлаган.  Чунки мен севимли ва қўлимдан келадиган иш билан шуғулланишни бошладим.

Блогни  ривожлантириш ҳақида гап кетадиган бўлса, кўпчилик  молиявий харажатлар бўлади, деб ўйлайди. Аслида интеллектуал ва ижодий томондан харажат талаб этилади, қизиқарли контентни ўйлаб топиш, хабарлар ёзиб туриш, видеони суратга олиш, бошқа блогерлар билан ҳамкорлик қилиш лозим. 20 минг нафар обуначим бўлганидан сўнгина, мен рекламага эътибор беришни бошладим.

Блогерни нима қизиқтирса, унинг аудиториясини ҳам шу қизиқтиради. Қайсидир рекламанинг кириб бориши мана шу икки томонлама қизиқиш билан боғлиқ. Агарда блогерга  ўйинчоқлар мавзуси қизиқ бўлса, бу ҳақида ёзган бўлса -  унга ўйинчоқлар дўконидан талаб  келиб тушади. Бундай реклама албатта ўз самарасини намоён қилади. Лекин  миллиондан ортиқ обуначилари бўлса ҳам, турмушга чиқмаган ёш  блогер-қизнинг ўйинчоқлар рекламаси самарасиз бўлади. Чунки унинг мақсадли аудиторияси мутлақо бошқачадир.

Айни пайтда Instagramдаги блогнинг ўсиши жуда қийин. Бунга нисбатан TikTokда ривожланиш осон бўлаяпти. Бир нарсани тушуниш керакки, реклама эвазига  блогда пул ишлаш  вақтинчалиқ ҳолат. Барқарор фойда келтирувчи манба бўлиши керак.

Мен ҳозир SMM билан чуқур шуғулланаяпман, мазкур ижтимоий тармоққа эндигина кириб бораётганларга маслаҳат бериб турибман. Яқинда Instagramда ривожланиш бўйича онлайн-марафон ташкил қилдим. Бу марафон Ўзбекистонда биринчи ҳисобланади, чунки долзарб  маълумотни ўзида акс этган ўқитиш илк бор ўзбек тилида ўтказилди.  Яқинда рус тилида ҳам ташкил қилган эдик. Ажойиб натижаларни кўрсатаётган кўплаб  шогирдларим бор.

Даромад  кўриш  борасида онлайн-лойиҳаларга продюссерлик қилиш асқотиши мумкин. Айни кунларда мазкур соҳада ўқишни давом этаяпман ва тез орада жиддий шуғулланаман.


ТikТок сари йўл олдик

Ўзбекистонда TikTok секин ривожланаяпти. Ҳозирги пайтда бу ёшларга мўлжалланган платформа ҳисобланади. Назаримда, сал вақт ўтгач, унга катталар ҳам кириб боради. Мен тиктокчиларни кузатиб бораман. Бу борада ўз қизишларимга таянаман. Масалан 15 сония ичида мураккаб тушунчаларни оддий қилиб тушунтира оладиган психолог, ўз касби ҳақида қизиқарли ҳикоя қиладиган шифокор, оддий қоғоз ёки қаламдан ғаройиб буюмларни ясай оладиган ҳунармандлар бор. Жонли ижро қиладиганларни яхши кўраман. Бу мен учун илҳом платформасидир.

Бу ижтимоий тармоқ ҳақида жуда кўп салбий гаплар айтилган, лекин ижтимоий тармоқларда алгоритмлар мавжудлигини тушуниш муҳимдир ва мазкур илова одамга илгари кўрганига ўхшаш контент, лайк босган, изоҳ берган, дўстларига юборган, яъни  бизни қизиқтирган ва ёқтирган нарсаларни кўрсатади. Илова фойдаланувчи ижтимоий тармоқда кўпроқ вақт сарфлаши учун  бизга ёққан нарсаларни кўрсатишдан манфаатдор, шунинг учун сизга ёқмайдиган нарса чиқадиган бўлса, унда муаммо ўзингиздадир.

Бу борада энг асосийси - онлайн фаоллик ва воқелик ўртасидаги мувозанатини сақлашдир: ҳеч қандай илова ёки ижтимоий тармоқ ҳақиқий ҳис-туйғуларимизни, қариндошлар, дўстлар ва яқинларимиз билан ҳақиқий мулоқот ўрнини боса олмайди. Шунинг учун, ижтимоий тармоқлардан фақат фойдали ва керакли нарсаларни олинг, улар учун мақсадсиз вақт сарфламанг.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг 


Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+