Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзида коронавирус борлигини гумон қилаётган беморларга тегишли тавсияларни берди. Вазирлик бу вазиятда нима қилиш лозимлиги ва қандай дориларни истеъмол қилишни тушунтирди. Бу тўғрисида мухбиримиз хабар бермоқда.
COVID-19га гумонлар қуйидаги ҳолларда пайдо бўлади:
Тана ҳароратининг 38 даражагача кўтарилиши (мавжуд бўлмаслиги мумкин), терлаш, умумий ҳолсизлик, йўтал, бетоблик, бурундан сув кетиши ёки томоқнинг оғриши, томоқнинг қичиши, кўнгил айниши, қусиш ва/ёки диарея, мушаклардаги оғриқ ва танада оғриқнинг бўлиши, бош оғриғи, таъм ва ҳид билишдаги бузилишлар.
Ушбу аломатлар пайдо бўлганда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги уйда қолишни, ҳамкасбларни огоҳлантиришни ва бошқа оила аъзоларидан яккаланишни тавсия беради.
Туман поликлиникасига қўнғироқ қилиб, аломатлар ҳақида хабар бериш зарур.
Кўп суюқлик ичиш, жисмоний фаолликни чеклаш керак. Ҳароратни пасайтириш учун парацетамол қабул қилиш тавсия қилинади. Сурункали касалликлар (диабет, астма ва бошқалар) билан оғриган беморлар шифокор томонидан тайинланган терапияни давом эттиришлари керак.
Участка шифокорига нафас олиш ва юрак уриш тезлиги, тана ҳарорати, нафас қисилиши, йўтал, агар иложи бўлса – пульсоксиметр кўрсаткичлари ҳақида хабар бериш лозим.
Бундан ташқари, агар ҳарорат 3-5 кундан ортиқ юқори бўлса, нормаллашгандан кейин яна пайдо бўлса, йўтал юзага келса ёки кучайиб борса ҳам шифокорни бу ҳақида хабардор қилиш лозим. Участка шифокори даволанишни белгилайди.
Агарда нафас олиш тезлиги бир дақиқада 24 тадан ошса, гапириш ва юриш пайтида нафас олиш қийинлашса, пульсоксиметр кўрсаткичи 95% дан пастга тушса, тез ёрдам чақириш ёки шифокорга хабар бериш керак. Бундай ҳолда, бемор аҳволининг оғирлигига қараб, касалхонага ётқизиш ёки уйда даволаниш таклиф этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таъкидлашича, аломатлар мавжуд бўлса, таҳлил топшириш учун лабораторияларга бориш тавсия этилмайди.
Шунингдек, коронавирусни даволаш ёки олдини олиш учун антибиотикларни қабул қилиш тавсия этилмайди. COVID-19ни даволаш учун рўйхатдан ўтган вирусга қарши дорилар мавжуд эмас.
Уйда даволанаётган беморларга симптоматик даволаниш буюрилади:
- иситмага қарши дорилар (ибупрофен, парацетамол);
- бурун учун намловчи ва ялиғланишга қарши дорилар;
- бронхитни даволаш учун дорилар;
- кўп суюқлиқ истеъмол қилиш.
Изоҳлар мавжуд емас