Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан "E-ijara" ахборот тизими орқали рўйхатга олинган кўчмас мулк ижара шартномаларини таҳлил қилиш жараёнида ноодатий ҳолат аниқланган.
Маълум бўлишича, жами 24 квадрат метр майдонга эга турар жойда 35 нафар шахс рўйхатдан ўтказилган. Бу ҳолат ҳар бир ижарачи ҳиссасига атиги 0,7 квадрат метр жой тўғри келишини англатади.
Шунингдек, ижарачилардан икки нафари билан тузилган шартномаларда ижарага олинган турар жой майдони 0,5 квадрат метр этиб кўрсатилган, ойлик ижара тўлови эса 1,5 миллион сўм деб белгиланган.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, турғун яшаш учун ижтимоий меъёр ҳар бир киши учун камида 16 квадрат метрни ташкил этади.
Давлат солиқ қўмитаси фуқароларга турар жойни ижарага беришда ижарачиларнинг қулай яшаш шароитларини таъминлаш, шунингдек, ижтимоий меъёрларга қатъий риоя этиш зарурлигини эслатган.

Изоҳлар мавжуд емас