Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар ва фалокатларнинг олдини олиш мақсадида сув омборлари тўғонларининг зилзилабардошлиги доимий равишда космосдан мониторинг қилиш тизими жорий этилади. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида 2024 йил апрель ойидан бошлаб Ўзбекистонда тўғонларнинг зилзилабардошлигини доимий равишда космосдан мониторинг қилиш тизимини жорий этиш режалаштирилган. Ушбу иш доирасида сув омборлари ва унинг атрофидаги тўғонларнинг деформациялари, силжиши ва чўкиш динамикасини аниқлаш мақсадида доимий мониторинг олиб борилади. Ушбу иш "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"га бағишланган Давлат дастури ҳамда "Ўзбекистон-2030" стратегиясини амалга оширишда кўзда тутилган.
Радиолокацион космик мониторинги тизимидан фойдаланган ҳолда, кучли зилзилалар пайтида сув омборлари тўғонларининг деформациялари, силжиши ва чўкиши динамикаси аниқланади. Олимлар турли интенсивликдаги зилзилалар ёки бошқа жараёнлар натижасида тўғонлар ва унинг атрофидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот тўплашади.
Ўзбекистон ҳудуди мураккаб геологик тузилиши ва ер қобиғининг юқори тектоник ва сейсмик фаоллиги билан ажралиб турадиган Марказий Осиё минтақасига тегишли. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, республика ҳудудининг қарийб 55 фоизи 5 (М > 5) дан катта зилзилаларга дуч келиши мумкин. Баъзилар зилзилаларнинг тез-тез бўлиб туриши сабабларидан бири сифатида иқлим ўзгаришини айтишмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас