Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. OLX.uz реклама эълонлари портали ва MyWay касбий маслаҳат марказининг асосчиси, тадбиркор Вячеслав Кан уйда коронавирус билан касалланиб чиққанлиги ҳақида гапириб берди. Касаллик пайтида тадбиркор Москва вилоятида бўлиб, уйда даволанган. Бу тўғрисида мухбиримиз маълум қилмоқда.
Вячеслав Кан ўзининг Facebookдаги саҳифасида ёзишича, ушбу мураккаб пайтда бошқа одамларга ёрдам бериш учун ўз тажрибаси ҳамда айрим хулосалари билан ўртоқлашишга қарор қилган.
Февраль ойидан бошлаб тадбиркор Санкт-Петербургда ўқишда бўлган. Парвозларнинг тўхтатиб қўйилиши натижасида у Ватанига қайта олмаган. Тошкентга қайтишнинг имкони йўқлигини англаган Вячеслав Кан Москва шаҳри яқинидаги қариндошларининг уйига кўчиб борган.
Карантин ва ўз-ўзини яккалаш режимига қатъий риоя қилганига қарамай, тадбиркор коронавирус билан касалланган. Бунга қўшни уйда истиқомат қилаётган қариндошларнинг хонадонига қилган ташрифи сабаб бўлган. Улардан бири ишга қатнаган ва оқибатда касалликни юқтирган. Бир неча кундан кейин Вячеславда ҳам касаллик аломатлари пайдо бўлган.
"1-хулоса: ҳатто хавфсизлик чораларига риоя қилган ҳолда ва ўз-ўзини яккалаш режимига амал қилсангиз ҳам, касалланган одам билан бир маротаба алоқа қилиш орқали вирусни юқтиришингиз мумкин. Карантин юмшатилганидан сўнг, ўзларини ва бошқаларни хавф остига қўйиб, қанча киши бемалол юримоқда, яқин мулоқот қилмоқда",-деб ёзмоқда тадбиркор.
Вячеслав Каннинг сўзларига кўра, у 25 май куни эрталаб югуриш пайтида ўзида касалликнинг дастлабки аломатларини пайқаган - юрак уриши кучайган, бироздан кейин ҳарорат 37,5 гача кўтарилган ва ҳолсизлик пайдо бўлган.
Шу вақтга келиб, тадбиркорнинг бир қариндошида Covid-19 тасдиқланган. Шунинг учун у клиникага қўнғироқ қилган. Эртаси куни шифокорлар келиб, кўрикдан ўтказишган, иммунитетни оширувчи бепул дори-дармонларни беришган ва текшириш учун суртма олишга келишларини айтишган.
“2 хулоса: касаллик белгилари аҳамиятсиз ёки сезилмайдиган бўлиши мумкин. Бошқа бир вазиятда, агар вирусни ташувчиси билан алоқа қилмаган бўлсам, касаллик аломатлари сезиларли даражада бўмаганлиги боис, мен эҳтимол (айниқса ёлғиз яшаган бўлсам), касалхонага мурожаат қилмаган бўлардим. Бу касалликни грипп билан осонликча адаштириб юбориш ёки бу оддий шамоллаш, деган хулосага келиш мумкин.
Инсон ўз ҳолатига эътиборли бўлиши, шу касаллик бўйича бирор-бир шубҳа ва ўхшаш аломатлар пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак”.
“3-хулоса: агар аломатлар номаълум ёки аҳамиятсиз бўлса, кўп одамлар касал бўлиши ёки ўзи сезмаган ҳолда ташувчи бўлиши мумкин. Бундайлар “аломатсизлар” деб номланишади. Назаримда бу тоифадагилар жуда кўп бўлиши мумкин, чунки мурожаат қилмаганлар ва касалликка шубҳаси бўлмаганларни ҳеч ким текширувдан ўтказаётгани йўқ.
Шундай қилиб, ҳақиқий вазият ва статистика ўртасида катта фарқ бўлиши мумкин. Шундай кишилардан бири билан алоқа қилсангизчи? "
Тадбиркор даволаниш қандай ўтганини айтиб берди: "Дастлаб, ҳеч ким беморларга аҳамият бермаётгандай туюлди ва даволашни ташкил этишда қандайдир тартибсизликлар бор эди. Ҳеч ким ваҳима қилгани йўқ, қизил ҳудуд жорий этилмади, маҳаллани ҳеч ким ўраб олмади, участка нозирлари уйимизга келгани йўқ. Шуниси яхшида, ортиқча ваҳима ва стресс кимга керак? Қолаверса, Россияда барча касалларни қамраб олиш учун етарли манбаларнинг мавжудлиги ҳам даргумон".
Гарчи у Ўзбекистон фуқароси бўлиб, суғурта полисига эга бўлмасада, юқтирганлиги тасдиқлангандан сўнг, Кан базага киритилиб, рўйхатга олинган. Шунингдек, дори-дармонлар тавсия қилиниб, бепул берилган.
Барча оила аъзоларини карантинга олиш бўйича қарор чиқарилган. Доим ёқилган геолокацияли мониторинг учун иловани ўрнатиш керак эди. Доимий равишда SMS келиб туриб, фотосуратни жўнатиш талаб этилган.
Даволаниш пайтида бир неча бор шифокорлар ташриф буюриб, кўрикдан ўтказишган. Деярли ҳар куни маҳаллий касалхонадан, ҳар 2 кунда - Москва соғлиқни сақлаш бошқармасидан қўнғироқ қилишиб, уларнинг аҳволи тўғрисида сўраб туришган. Департамент сайтидан рўйхатдан ўтиш зарур бўлиб, у ерда маслаҳат, жумладан видео форматда консультация олиш имкониятини берувчи шахсий кабинет яратилган.
"4- хулоса: касалликнинг енгил шаклига дучор бўлган беморларни уйда даволаниши мумкин ва керак. Бу маблағларни тежашга имкон беради (ОАВ маълумотларига кўра, агар аҳволи оғир бўлмаса, Ўзбекистонда ҳар бир бемор учун 32 миллион сўм сарфланмоқда) ва бемор учун ҳам унчалик оғриқлик бўлмайди.
Онлайн кузатув мониторингини жорий қилиш керак. Масалан, Ўзбекистонда ҳеч бўлмаганда Telegram-бот яратишга ҳаракат қилиш мумкин. Колаверса, Россияда бўлгани каби, дастурни яратиш жуда қийин эмас. Менимча, 1-2 нафар беморни даволаш харажатлари етарли бўлади».
Вячеслав Кан шифокорларга миннатдорчилик билдириб, Россия эмас, Ўзбекистон фуқароси бўлганлигини учун унга бошқача муносабат қилинмаганликни таъкидлади. "Мен бирон бир шифокор ва ҳамширанинг қўполлиги ёки беписандлигини кўрмадим. Ҳатто телефон орқали бўлиб ўтган суҳбатларда ҳам уларга юзлаб телефон қўнғироқлари бўлишига қарамай, хушмуомалалик ва ҳамдардликни ҳис қилдим", - деди тадбиркор.
Шифокорларга қийин шароитларда ишлашга тўғри келди - ҳимоя кийимлари ҳавони киритмайди, ниқоблар нафас олишни қийинлаштиради. Бироқ, айримлар ҳатто ҳазиллашиб туриб, ижобий муҳини яратиб туришди. "Меҳнатингиз ва фидойилигингиз учун катта раҳмат!" – дея ёзмоқда Кан.
"5-хулоса. Шифокорларни қадрлаш ва ҳурмат қилиш керак. Ўйлайманки, ушбу пандемияга қарши курашишда уларга ёрдам беришнинг энг яхши усули - бу эҳтиёт чораларини кўриш ва касал бўлмасликдир".
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, у коронавирусни енгил шаклда ўтказган.
"Умуман олганда, даволанишда ҳеч қандай мураккаб нарса йўқ эди. Дори-дармонларни қабул қилиш, соғлиқни назорат қилиб туриш, керак бўлганда томоқни чайиш, бурун ёки томоқ учун пуркаш воситаларини қўллаб туришнинг ўзи кифоя. Умуман олганда, йўтал ва шамоллаш учун қилиниши лозим бўлган чораларни қўллаш талаб этилади ", - деб маълум қилган Вячеслав Кан.
Гоҳида у ҳолсизлик ва бош оғриғини сезиб турган. Унинг ҳид билиш ҳисси бир неча кун давомида йўқолган. Аммо касаллик ишлашга халақит бермаган. Чунки тадбиркор фаолиятини масофадан туриб Интернет орқали амалга оширган.
"Тез орада Тошкентга, севимли оиламга қайтаман, деб ўйлайман. Қайтгандан сўнг беҳудага карантинда ўтириш шарт эмас. Чунки коронавирус билан касалланган одамни парвариш қилиш учун 2,4 миллион сўм сарфлашнинг фойдаси йўқ. Яхшиси, шу вақтни уй карантинида ўтказиш маъқул", - деб ёзмоқда Кан.
"6- хулоса - бу балким тахминдир. Самарали вакцинани қачон ихтиро қилиниши мумкинлиги ҳақида жуда кўп ёзишмоқда. Ҳаммани вакцинация қилиш учун қанча вақт ва маблағ керак бўлади? Ўзбекистонда текширувлар қандай тартибсиз амалга оширилаётганини кўриб, бу ҳақида ўйлашни ҳам хохламайман.
Инсоният Covid-19га қарши иммунитетга эга бўлиши лозимлиги ҳақида кўп гапирилмоқда. Бу эса касалликдан даволаниб бўлгандан кейингина шаклланиши мумкин. Албатта, мен шифокор ёки ушбу соҳанинг мутахассиси эмасман, аммо агар ушбу вирусдан қутулиш имкони бўлмаса (хабарларга қараганда, касаллик камаётгани йўқ), енгилроқ шаклига дучор бўлганларни аниқлаш орқали ушбу жараённи бошқаришга ҳаракат қилиш, касалликни аломатсиз бошидан кечирадиганларни текширувдан ўтказиш ва уларнинг уйда даволанишини амалга ошириш балким маъқулроқдир?
Асосийси, кекса одамлар ёки сурункали касалликларга чалинганлар хавф доирасига тушиб қолмасликлари керак. Чунки уларга касалликни енгиш анча қийин бўлади ", - дея хулоса қилган Вячеслав Кан.
Изоҳлар мавжуд емас